Тожикистонда ҳам турк лицейлари ёпилади

Хабарларга кўра, тожик-турк лицейларининг ўрнига энди “Иқтидорли болалар учун мактаблар” ташкил қилинади.

Яқинда Туркманистондан ҳам турк лицейларининг ёпила бошланганига оид хабарлар олинган, Ўзбекистонда эса, анча аввал уларнинг фаолияти тўхтатилган.

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, бунга Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг тожикистонлик ҳамкасбига йўллаган расмий мактуби сабаб бўлган.

Унда президент Имомали Раҳмондан зиддиятли таниқли турк уламоси, "Нурчилар" оқими раҳбари Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли лицейларни ёпиш сўралгани айтилади.

Айрим маҳаллий журналистларга кўра, бундан аввал Тожикистон жамоатчилигининг ўзи ҳам бир неча бор худди шундай даъват билан чиққани боис, бу - тожик ҳукуматининг мушкулини осонлаштирган.

Тожикистондаги қатор нуфузли интернет нашрлари тарқатган хабарларда айтилишича, ўзгаришлар янги ўқув йилидан бошлаб кучга киради.

Уларга мувофиқ, тожик-турк лицейларининг мақоми, дарс бериш услуби ва ўқув дастури ўзгаради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Тожикистондаги тожик-турк лицейлари тармоғининг муассиси бўлган Туркиянинг "Шалола" ширкати ҳам ўз мақомидан мосуво этилади.

Аммо ширкатнинг бундан кейинги тақдири, ҳозирча, маълум эмас.

Маҳаллий интернет нашрлари хабарларига кўра эса, рухсатномаси 2020 йилга қадар узайтирилгани боис, "Шалола" пойтахт Душанбедаги Халқаро мактабнинг таъсис этувчиси сифатида қолаверади.

Тожикистондаги илк тожик-турк лицейи 1992-1993 йилги ўқув йилида очилган.

Ҳозирга келиб, уларнинг сони қарийб ўнга етган ва Тожикистоннинг Душанбе, Кўлоб, Қўрғон-Тепа шаҳарларида фаолият юритган.

Тожик-турк лицейлари пуллик асосда (ойига 30-50 АҚШ доллари атрофида) ўқитишига қарамай, таълим савиясининг юқорилиги боис, Тожикистонда кўпчиликка маъқул тушган.

Маҳаллий журналистларга кўра, бу лицейларга мамлакат раҳбарининг ўғил-қиз ва набираларининг ўзи ҳам борган.

Тожик-турк лицейларининг ўқувчилари эса, ўтган 10 йил давомида турли фанлар бўйича кўплаб халқаро олимпиадалар юзлаб медалларининг соҳиби бўлишгани айтилади.

"Шалола" ва Фатҳуллоҳ Гулан

Хабарларда айтилишича, Туркиянинг "Шалола" ширкати Фатҳуллоҳ Гулан асосчиси ва ғоявий йўлбошчиси бўлган "Хизмет" ҳаракатининг таъсири остида иш юритган.

Туркияда чоп этилувчи инглиз тилидаги "Daily Sabah" нашрининг хабар беришича, президент Эрдўғон Африка давлатларини ҳам Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли лицейларни ёпишга чақирган.

Хабар тафсилотларидан аён бўлишича, Озарбайжон, Габон ва Сенегални аллақачон бунга кўндирган.

Тожикистон эса, Қозоғистон, Сомали ва Япония қаторида бу ишга қўл уришни бошлашганини айтган.

Нашрнинг ёзишича, туркиялик масъуллар бутун дунё бўйлаб Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли мактабларни ёптириш ҳаракатидалар.

Туркия раҳбариятига кўра, турк уламосининг лицейлари таълим-тарбия ниқоби остида ноқонуний фаолият олиб боришади.

"Хизмет" ҳаракатининг асл мақсади эса, таълим ва эътиқод йўли билан Туркияда ҳокимиятни эгаллашдир.

Жорий пайтда дунёнинг турли бурчакларида Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли 140 дан ортиқ лицей ва хайрия жамғармаларининг фаолият юритиши айтилади.

Хавотирлар

Баъзи маҳаллий таҳлилчиларга кўра, минтақа давлатларининг бу каби хайрихоҳона қадамларига, бошқа томондан, "Нурчилар" диний оқими мафкурасининг тарқалишига оид ўз хавотирлари ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Чунки айни шу каби хавотирлар бундан бир неча йил бурун Ўзбекистонда ҳам турк лицейларининг фаолиятига нуқта қўйгани айтилганди.

Ўзбекистонда Фатҳуллоҳ Гулан тарафдорларини "Нурчилар" номи билан танишади.

Жамоат Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида мамлакатнинг турли минтақаларида 12та лицей очишга муваффақ бўлган.

Аммо 1999 йил февралида Тошкентда юз берган портлашлар ортидан Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари ўта совуқлашади.

Худди шу манзарада Ўзбекистондаги барча коллежлар бирин-кетин беркитилади.

Аммо кузатувчилар орасида минтақа давлатларидаги бу каби ёпди-ёпдиларни Яқин Шарқдаги сўнгги "араб инқилоб"ларига боғлаганлар ҳам бўлганди.

Фатҳуллоҳ Гулан

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Динлар ва тамаддунлар орасида ўзаро тушуниш ва тоқатли бўлишни тарғиб этган 74 ёшли Фатҳуллоҳ Гулан, 15 йилдан ортиқки, Қўшма Штатларда истиқомат қилади.

2000 йилда Фатҳуллоҳ Гулан Қўшма Штатларга сафар қилар экан, Туркияда маҳкама "ноқонуний ташкилот тузиш" айблови билан унга қарши жиноий иши очади.

Саккиз йил давом этган текширув жаноб Гуланнинг тўла оқланиши билан якун топади, бироқ уламо ҳозирга қадар Туркияга қайтгани йўқ.

Фатҳуллоҳ Гулан 19-аср охиридан 20-аср ўрталарига қадар яшаб ўтган уламо Бадиуззамон Саид Нурсий яратган диний таълимотни ҳаётга татбиқ этган шахс сифатида танилган.

Жамоат дунёнинг турли нуқталарида бир мингдан зиёд лицей ва коллежларига эга бўлиш билан бирга матбуот, нашриёт, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам жуда фаол экани айтилади.

Бироқ танқидчиларга кўра, Фатҳуллоҳ Гулан жамоатининг сиёсий таъсир доираси нафақат Туркияда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам тобора ортиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ