Муҳожирнинг соғлиги кимга керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳожирларнинг ўз таъбирларича, "касал бўлишга вақтлари йўқ"

Россияликлар меҳнат муҳожирларини ёқтиришмайди, айниқса, касал бўлишса.

Ўзи унча-мунчага касал бўлавермайдиган меҳнат муҳожирларининг ўртача ёши 32-40да. Улар асосан жисмонан соғлом, ишга яроқли инсонларни ташкил этади. Муҳожирларнинг мақсади асосан ишлаб пул топишга йўналтирилганлигини учун, ўз иборалари билан айтгандек “касал бўлишга вақт йўқ”.

Фақатгина иш пайтидаги оғир жароҳатлар ёки ўта оғир шароитларнинг саломатликка таъсиригина уларни шифокорга мурожаат қилишга ундаши мумкин. Қўлларида ихтиёрий тиббий суғурта полиси бўлишига қарамай, меҳнат муҳожирлари аксар ҳолларда маҳаллий даволаниш масканларига эмас, ўзбекистонлик ёки қирғизистонлик шифокорлар томонидан очилган хусусий шифохоналарга боришни маъқул кўришади.

- Қонуний яшаб ишлаш муҳожирларга жуда қимматга тушаяпти, - дейди “Миграция ва ҳуқуқ” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Гавҳар Жўраева. - Патентга, имтиҳонга тўлаш керак, энди яна суғуртага ҳам. Фойдаланмайдиган хизмат учун тўловдан фақат суғурта идоралари манфаат кўради, холос. Муҳожирлар эса тоби қочса, ё иш берувчисидан ёки ўзлари таниган-билган одамлардан ёрдам сўрайди. Кўпинча, даволанмай ҳам қолиб кетаверади.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, яқинда ўзбекистонлик муҳожирлардан бири иш вақтида очиқ синиш жароҳатини олган ва гипс ҳам қилдирмай, Ўзбекистонга учиб кетган. Муҳожир ноқонуний ишлаётган бўлгани учун иш берувчи ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган.

Янги йилдан бошлаб ўзгарган қонунлар талаби бўйича меҳнат муҳожири ихтиёрий тиббий суғурта полисини сотиб олишга мажбур. Белгиланган қоидага кўра, ихтиёрий тиббий суғурта полиси чет эллик ходимга қуйидагиларни таъминлаши лозим: Биринчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни, у касалликлар ва ҳолатлар профилактикаси, диагностикаси, уларни даволаш, тиббий реабилитация, ҳомиладорликнинг кечишини кузатиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳолига санитария-гигиенага доир билимлар бериш тадбирларини ўз ичига олади.

- Муҳожирлар ИТС (ихтиёрий тиббий суғурта) билан исталган шифохоналарга мурожаат қилишлари мумкин, - дейди пойтахтдаги суғурта бўлими ходими Леонид Печатников. – Ўз полисларига кўра, кечаю кундуз травматология ёрдамини олишлари мумкин. Ўткир ҳолатларда эса стамотология, жарроҳлик ва рентген хизматларидан фойдалана оладилар.Қизиғи, меҳнат муҳожирлари учун бу хизматлар суғурта полиси сотиб олмасдан аввал ҳам мавжуд эди.

'Юртингда туғсанг бўлмайдими?!'

Меҳнат муҳожирларининг маҳаллий шифокорларга мурожаат қилмасликларининг сабаби бири тил муаммоси бўлса, иккинчиси мамлакатдаги миллатчилик муносабатлари. Нафақат оддий меҳнат муҳожири балки, Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар ҳам шифохоналарда сарсончиликларга учраши бор гап. Эр-хотин Жумаевлар бошидан шундай воқелар кечган:

- Аёлим ҳомиладорлик вақтида поликлиникада рўйхатга қўйдик. У рус тилини яхши билмагани учун ёлғон ташхис билан роса қўрқитишди. Ишондик. Туққунингча ўзимиз даволаймиз дейишди, 2 ой мобайнида 1000 доллардан ортиқ пул сарфладик, қатнов ва ҳаражатнинг кети узилай демасди. Охири Ўзбекистондан келиб қолган таниш шифокорга бориб кўриндик. У аёлимни кўриб соппа-соғсан, туғилажак боланг ҳам соғлом ўсаяпти, деди. Мана, шукрки, эсон-омон ўзи туғиб соғлом болакайни қўлимизга олдик.

- Туғруқхонада ҳам одам ажратиш. Ёнимдаги рус аёлдан тез-тез хабар олишади, доим назоратда. Менга эса шифокорлар ҳам ҳамширалар ҳам беписанд, устимдан кулгандек муомала қилишади. “Юртингга бориб туғсанг бўлмайдими”, дейди шифокор.

Москва “Тез тиббий ёрдам” шифокори Александр Пилиннинг сўзларига кўра, юқумли касалликларни ташувчиларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ва Тожикистондан келган муҳожирлардир. - Уларда касалликлар бир даста: қичима, гепатит, тутқаноқ, заҳм, СПИД. Яна бу касалликларга қарши ўз юртида эмлангани ҳақида маълумотномалари ҳам борлиги ажабланарли. Россиянинг салқин иқлими ва оғир иш шароитлари сабаб сил касаллигига чалинган муҳожирларни мамлакат даволашни истамайди. Ваҳоланки, бу касаллик дунё бўйича бепул даволанувчи хасталиклар сирасига киради.

- Тиббий кўрикдан ўтаётганимда ўпкамда доғ чиқди, кейин аниқлашларича, сил экан, - дейди Азамат Х. – Поликлиника рўйхатга олган кундан бошлаб шифокорлар менга дўқ-пўписа қилишни бошлашди. Ҳаммага юқтирасан, сенга ўхшаганлар Россияга керакмас, дейишди. Шу ерда даволаниб ишимни давом эттириш ниятим борлигини айтганимда эса, бунинг иложи йўқ, деб рад этишди. Азаматнинг айтишича, шифокорлар уйга кетиш учун самолёт билетини олиб келмаса, ФМХ орқали Россиядан ҳайдаш чорасини қўллашларини айтиб таҳдид қилишган. Узоқ тортишувлардан сўнг, Азамат юртига бориб даволаниб келишга мажбур бўлган.

- Ҳозир ҳам тиббий маълумотномани сотиб олдим, - дейди у. - аввал сил бўлганимни билиб қолишса ҳам яна ҳайдаб юборишади”. Тиббий кўрикда аввал юқумли касалликка чалинган бўлиб чиққан (ҳозирда батамом тузалган бўлса-да) муҳожирлар “қора рўйхат”га тушади. Чирчиқлик Нигора болалигида сариқ касаллигига чалингани тиббий кўрикда маълум бўлганини айтади: - Мени “қора рўйхат”га қўйишди, энди умуман ишга олишмаяпти. Ноқонуний ишламанглар, дейдию ўзлари шундай қилиб ноқонуний иш топишимизга мажбур қилиб қўйишади. Тузалиб кетган сариқ бировга юқармиди, ҳайронман!

Даволаш эмас, ҳайдаш керак!

Image caption Муҳожирлар россиялик шифокорларнинг ўзларига нисбатан камситишларидан шикоят қилишади

Меҳнат муҳожирларига нисбатан бу тарздаги муносабатни яхши билган ўзбекистонликлар энг маъқул йўл – керак бўлганида таниш клиникаларга боришни лозим топишади. Марказий осиёликлар томонидан очилган хусусий клиникалар энг оммавий усул – юртдошларнинг бир-бирига етказиши орқали танилади.

- Асосан, клиникамизга қиз-аёллар келади, - дейди хусусий шифохоналардан бирининг шифокори гинеколог Шарифа опа. – Энг кўп мурожаатлар спираль қўйдириш ва бола олдириш бўйича бўлади. Вақтида келишса қанийди, яқинда 3 ойлик ҳомилани олишга мажбур бўлдик.

Эркаклар эса иш вақтидаги оғир жароҳатлар сабаб шифокор ҳузурига бормаса, бошқа сабаб билан бориши қийин. - Кечаси юрагимда бирдан қаттиқ санчиқ турди, - дея гапириб берди қўқонлик ишчи Мамадали. – Ўша куни уйдагилар билан телефонда гаплашганимда ёмон хабар эшитгандим. Ўзимга қаттиқ олдим, шекилли. Хонадошларим берган дорини ичиб ётдим. Эрталабгача юрагим қўйворди, шунда ҳам 3-4 кун ҳолсиз юрдим, кейин ўтиб кетди. Дўхтиргаям пул керак, уйгаям. Яхшиси, ишлаш керак.

Муҳожирнинг соғлиги фақат ўзига керак, Россияда кўпроқ муддат ишлаши, уйи ва оиласига ишлаб пул юбориб туриши учун. Иш берувчи ҳам касалланган муҳожирдан дарҳол кечиб, ўрнига соғломини ишга олишни маъқул кўради.

Меҳнат муҳожирлари сони ортаётган йилларда (2010-2012) Роспотребнадзор раҳбарияти юқумли касалликларга чалинган муҳожирлар даволанишдан бош тортса, мамлакатдан чиқариш чора-тадбирини қўллаш фикрини илгари сурган эди. Шу йилнинг февраль ойида эса Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко сил ва ОИТС касаллигига чалинган муҳожирларни мамлакатдан ҳайдаш ва бу тартибни ишлаб чиқиш таклифи билан чиқди.

Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, меҳнат муҳожирлари мажбуран сотиб олаётган ихтиёрий тиббий суғурта ортидан Москва шаҳри ҳукумати йилига уларнинг даволаниши учун сарфланадиган 2,5 млрд рублни тежайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio