Ҳам Туркманистон ва ҳам Россия Афғонистондаги вазиятдан хавотирда

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга кўра, афғон можаросига дипломатик йўлда ечим топиш учун мамлакати БМТ ҳомийлиги остидаги тинчлик музокараларига мезбонлик қилишга ҳозир.

Туркманистон раҳбарининг айтишича, девор-дармиён қўшниларидаги вазиятнинг тинч йўл билан ўнгланишига тарафдорлик қилишади ва бу йўлда янги сиёсий воситаларни ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этишга тайёрлар.

Президент Бердимуҳаммедов бу ҳақда Афғонистон президентининг МДҲ давлатлари бўйича вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан Ашхободдаги учрашуви чоғида баён қилган.

Унинг бу сўзлари Афғонистоннинг Турманистон дохил қатор Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида вазият жиддий издан чиққан, у ерларда толиблардан ташқари “Исломий Давлат” жангарилари ҳам фаоллашишга муваффақ бўлаётганига оид хабарлар манзарасида янграмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги ойларда айрим нуфузли минтақавий интернет нашрларида “Исломий Давлат”нинг аллақачон Марказий Осиёда ҳам фаоллашишга улгурганига оид хабарлар пайдо бўлган, уларда Афғонистон хавфсизлик кучлари гуруҳ жангариларининг айнан Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юришганини тасдиқлашгани ҳақида сўз юритилганди.

Худди шу хабарлар манзарасида Ғарбнинг баъзи бир етакчи нашрлари минтақадаги манбаларига таяниб, Туркманистоннинг Афғонистон билан ўзаро чегарасида мислсиз хавфсизлик чораларига қўл ураётгани ҳақида ҳам ёзишганди.

Бу хабарларда туркман томонининг чегарада махсус хандақлар қазишдан тортиб, тиканакли симлар ўрнатишгача бораётгани ҳақида айтилганди.

Таҳдид

Ўзбекистонлик таҳлилчилар эса, “Исломий Давлат”нинг шундоққина Марказий Осиёнинг остонасида пайдо бўлиши мавжуд таҳдиднинг терактлар ва жанговар амалиётлар даражасига ўсиб етганини англатишини баён қилишганди.

Туркманистон Афғонистон билан 744 километрга узанган чегарага эга.

Ўтган йил бошида эса, ўтган ўттиз йил бадалида илк бор Афғонистон томонидан ҳужумга учраган, туркман ҳудудига бостириб кирган номаълум қуролли шахслар Туркманистоннинг уч чегара қўриқчисини ўлдириб, яна икки нафарини яралашганди.

Аммо шу пайтга қадар мазкур ҳужум кимнинг иши экани номаълум, бетараф мавқеи боис, Афғонистон Толибон ҳаракатининг шу пайтгача бирор марта Туркманистон тупроғига дахл қилмагани ҳам бор гап.

Расмий Ашхободнинг тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи Ғарб ва минтақадаги қатор ўйинчи давлатларнинг афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топишга қаратилган ўтган 13 йиллик саъй-ҳаракатлари бесамар кетган бир манзарада кузатилмоқда.

Катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг афғон можаросига бирор бир ечим топмай Афғонистонни тарк этишлари ортидан, ўтган йили дунёнинг иккита ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси бўлган Хитой ҳам худди шундай таклиф билан чиққан.

Хитой ҳукумати орада Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳайъатини Пекинга келишига ҳам эришган, бу хусусда ўзининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси ва толибларга катта таъсирга эга, деб кўрилган Покистон билан ҳам мулоқотлар олиб борган, расмий Исломобод билан бир неча ўн миллиард долларлик иқтисодий битимлар имзолаган, аммо шунда ҳам, ҳозирча, деярли бирор бир ютуққа эришмаган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Туркманистон ўзининг бой энергия захиралари, Туркия, Афғонистон ва Хитойнинг имконли ва ишончли энергия манбаи сифатидаги муҳим геосиёсий роли учун минтақадаги жангари гуруҳлар учун жозибали нишон бўлиши мумкин.

Уларнинг айтишларича, бундан ташқари, Афғонистон билан чегарасининг узоққа узангани ва хавфсизлик кучлари қудратининг ҳаминқадарлиги Туркманистонни бу каби ҳужумлар қаршисида заиф қилиб қўяди.

Устига устак, қолган Марказий Осиё давлатлари билан таққосланганда, мудофаа масалаларида Россия ва АҚШ билан алоқаларининг у қадар яқин эмаслиги ҳам Туркманистонни анчайин қалтис аҳволда қолдирган, дейишади улар.

Россия ҳам хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Таҳлилчиларга кўра, яқин-яқингача толибларнинг яқин иттифоқчиси бўлиб келган ва яқинда “Исломий Давлат”га расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аксарият жангарилари ҳам марказий осиёлик.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, сўнгги ойларда Афғонистоннинг айнан Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.

Сўнгги хабарлар манзарасида Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳам жангариларнинг қўшни Тожикистонга бостириб кириш эҳтимолларини назардан соқит этмаган.

Ўз чиқишида Замир Кабулов ҳам улар аксариятининг айнан тожик, ўзбек ва қирғиз эканига эътибор қаратган.

Афғонистоннинг шимолий вилоятларида катта сондаги жангарилар тўпланишгани кузатилаётганини айтган.

Кабулов жаноблари, ўз ўрнида, жангариларнинг Афғонистондан қўшни давлатларга кириб боришларининг олдини олиш муҳим вазифа эканини таъкидлаган.

Унга кўра, “Афғонистон, Ироқ, Сурия ва бошқа давлатларда бўлиб қайтган жангариларнинг Тожикистон ва Туркманистондаги ҳозирликлари бутунбошли минтақадаги сиёсий барқарорликка салбий таъсир қилиши мумкин”.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Туркманистон томонининг тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи ортида ҳам айнан ўз хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлари турибди.

Уларнинг айтишларича, расмий Ашхобод ўзининг сўнгги баёноти билан аслида фақат Афғонистон билан ўзаро чегарасидаги мавжуд вазиятга Россия, Хитой ва Ғарбнинг эътиборини қаратмоқчи.

Агар, янги дипломатик воситачилик ролига оид баёнотларига келсак, бу масалада, Туркманистонга ўзи эга бўлган улкан энергия захиралари ҳам, толиблар билан бетараф муносабатларини таъминлаб келган нейтрал мавқеи ҳам иш бермайди. Чунки жорий пайтда Афғонистонда жанг қилаётган жангари гуруҳлар ўзларининг ораларида якдиллик йўқ, дейишади улар.

1999 йили Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон томони ташаббуси билан 6+2 контакт гуруҳи ҳам ташкил қилинган ва расмий Тошкент ҳануз афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти остидаги бу гуруҳ муҳим ўрин тутишини таъкидлаб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ