Қозоғистон: сайғоқларнинг қирилишида рус ракеталари айбдорми?

Image caption Қозоқ матбуотининг хабарларига кўра, шу ой бошидан бери 100,000дан ортиқ сайғоқлар нобуд бўлган

Ўрта Осиёнинг энг ғаройиб ва нодир жониворларидан бири, сайғоқларнинг сирли равишда ўлиши давом этмоқда.

Уларнинг ўлимига айнан нима сабаб бўлаётгани ҳали номалум эса-да, қозоқ фаоллари, блогер ва интернет фойдаланувчилари жон-жаҳдлари билан бу фожеада Россия ракеталарининг Бойқонурдан учирилишини айблашмоқда.

Уларнинг фикрича, муаммонинг асл сабаби "Протон" ракеталарида ишлатиладиган ўта заҳарли ёқилғи - гептил моддасидир.

Қозоғистонда жойлашган Бойқонур космодроми Совет Иттифоқи даврида Қизил Ўрда шаҳрида қурилган бўлиб, уни Россия 2050 йилгача ижарага олган.

У ерда амалга ошириладиган коинот сари парвозларнинг зарари ҳақидаги гап-сўзлар қозоғистонликларни ҳавотирга солиб келади.

Бунинг устига, ўтган йиллар мобайнида космодромда бир неча "Протон-М" ракеталари ҳалокатга учраб, парчалари учиш жойига яқин ҳудудларга сочилиб кетган.

"Бу нарсанинг сабаби очиқ-ойдин - "Протон" парвозлари ва гептилнинг ишлатилиши. Бундан ташқари, бу нарса яна Қозоғистонда жойлашган (рус) ҳарбий полигонларига ҳам боғлиқ. Бу синов полигонлари ёпилиши керак. Уларнинг Қозоғистонга кераги йўқ," дейди "Антигептил" жамоат ҳаракатининг фаоли Улан Шамшит.

"Сайғоқлар муқаддас жониворлар. Улар бизнинг, қозоқларнинг ўрнимизга ҳалок бўлди. Уларнинг ўрнига биз русларнинг ишидан азият чекишимиз керак эди," дейди ўзига хос чиқишлари билан танилган қозоқ блогери Айгул Утепова zonakz.net сайтида келтирилган шарҳида.

Tengrinews.kz сайтида шарҳ қолдираркан, интернет фойдаланувчиси "Амангелди Бейсекенов" шундай дейди: "Қозоғистон фуқароларига ва табиатига зарар келтираётган чет эл ташкилотларининг иш фаолияти давлат сири бўлиши керак эмас ва одамлар бу ҳақда билиши керак".

Қозоғистон ҳукумати ракета парвозларининг жониворлар ўлимига сабаб бўлаётганини рад этиб келмоқда.

Давлат ветеренария хизматига кўра, сайғоқларни пастереллез ёки энтеротоксемия касалликлари ҳалок қилмоқда.

Аммо парламент депутати Алдан Смаил ҳам ушбу фожеада заҳарли ракета ёқилғисининг роли бор эканлигини таъкидлайди.

"Ҳаммамиз Бойқонурдан учадиган "Протон"ларнинг қайси йўналишда учишини яхши биламиз. Айнан шу йўналиш минглаб жониворлар учун ҳалокат келтиради," деган у парламентдаги нутқида.

Сайғоқларнинг кескин қирила бошлаши одамлар орасида ва оммавий ахборот воситаларида турли миш-миш ва фаразлар тарқалишига сабаб бўлди.

Айрим маҳаллий сайтлар жониворлар ўлаётган жойдан номаълум метал шарлари топилгани ҳақида хабар қилишди.

Inforburo.kz сайти ҳатто бу шарларнинг расмларини ҳам намойиш қилди.

Cайтнинг айтишича, ҳозирда ғаройиб шарлар маҳаллий ҳокимият идорасига олиб кетилган.

Қозоқ матбуотининг хабарларига кўра, шу ой бошидан бери 100,000дан ортиқ сайғоқлар нобуд бўлган.

Бу эса Қозоғистон ҳудудида яшайдиган барча сайғоқларнинг учдан биридан кўпроғи демакдир.

Маълумотларга қараганда, 2014 йили мамлакатда сайғоқлар сони 256,700 ни ташкил этган.

Сайғоқлар "Қизил Китоб"га киритилган бўлиб, улар ўзларининг узунчоқ шаклдаги ноодатий тумшуқлари билан ажралиб туради.

Қозоқ биологи Людмила Музычконинг айтишича, уларнинг ўлими бошқа ҳайвонларга ҳам хавф солади.

"Табиатда ҳамма нарса бир-бири билан боглиқ. Озиқланиш занжирига қарасак, сайғоқларнинг ўлими улар билан озиқланувчи йиртқичларга ҳам қирон келтириши мумкинлигини кўрамиз," -дейди олима.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio