Туркманистонда президентлик муддати узайтирилади

Image caption Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов бошчилигида ўтган Конституциявий комиссия мажлисида давлат раҳбари ваколат муддатини беш йилдан етти йилгача чўзиш таклифи кўриб чиқилган.

Бу ҳақда Мажлис (парламент) раиси Акжа Нурбердевага иқтибосан "Туркманистон: олтин аср" интернет нашри хабар берди.

Айтилишича, бу амал бир йил олдин бошланган конституциявий ислоҳотлар доирасида амалга оширилади.

Мажлисда давлат раҳбари бўлиш учун белгиланган ёш чегарасини ҳам олиб ташлаш ва президент қўшимча ваколатларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам кўтарилган.

Жорий Конституция 52 моддасига кўра, президентликка айни мамлакатда туғилган, ёши 40дан кичик ва 70дан катта бўлмаган одам сайланиши мумкин.

Туркман масалалари бўйича шарҳловчи Мекан Наврўзовнинг айтишича, жаноб Бердимуҳамедовнинг президентлик ваколатини кенгайтириш ва муддатини узайтириш масаласи кутилмаган ҳолат эмас.

"Бу анчадан буён кутилаётган ёки аниқроғи пишиб етилган масала эди. Мулозимлар, биринчи галда, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва парламент раиси Акжа Нурбердиева ана шу ножўяликларни конституцияга мослаштириш учун иш олиб боряптилар. Яъни, президент вазифасини парламент раиси бажаришига оид қонун қайта тикланди. Мамлакатдаги республика тузуми президент бошқарувига ўтиб бўлди", дейди Мекан Наврўзов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тиллодан жилоланган ҳайкал...

"Куни кеча ўтган Конституциявий комиссия мажлисида Нурбердиева хоним шу нарсаларни тилга олдилар. Ва "халқ оммасининг илтижо ва илтимослари" дан келиб чиқиб президентлик муддатини беш йилдан етти йилга узайтириш таклифи ҳам эълон қилишди", дея қўшимча қилади шарҳловчи.

"Жаноб Президент бошлаган асл ишларни поёнига етказиш учун беш йиллик муддат етарли эмас" деб айтган Нурбердиева хоним.

Бу масалада Туркманистон ягона эмас

Бошқа тарафдан, Марказий Осиё давлатларида президентлик муддатини узайтириш ҳоллари илк бор кузатилгани йўқ.

Мустақиликка эришилганидан Марказий Осиё давлатларининг ҳаммасида президентлик муддатлари беш йил ва бир шахс фақатгина икки муддатга сайланиши мумкинлиги хақида конституциялар қабул қилинганди.

90-йиллар ўрталарига келиб эса, раҳбарлар конституцияда белгиланган муддатлар етарли эмаслигини англаб етишар экан, уни ўзгартириш пайига тушиб қолгандилар.

Бу ишга қонуний тус бериш эса, референдум орқали амалга оширилди.

Марҳум раҳбар Сапармурод Ниёзов даврида парламент қарори орқали жорий Президентга сайловларсиз аввалига бир бор беш йиллик муддатга қолишга эришилган.

Алал-оқибат, унга бир умрлик президент мақоми берилганди.

Ўзбекистонда президентлик муддати аввал 7 йилга узайтирилди, кейин яна 5 йилга қисқартирилди.

Шундай экан, суҳбатдошимизга кўра, Туркманистондаги сўнгги муҳокамалардан ортиқча мантиқ излашга ҳожат йўқ.

"Аслини айтганда, ўзингизга маълум бу минтақадаги бошқа касбдошлари сингари Бердимуҳамедов ҳам турли йўллар билан ваколатини узайтирмоқда. Кетма-кет чиқарилаётган китоблари, ҳали тирик бўлган отаси Маликгули Бердимуҳамедовга ҳайкал қўйилиши ва мактаблар ва ҳарбий қисмларнинг у кишининг номи билан аталиши ва ниҳоят, бундан уч кун олдин Президент Бердимуҳамедовнинг тиллодан жилоланган от устидаги ҳайкали очилиши каби ҳолларни мазкур жараёнга бир нечтагина мисол сифатида келтириш мумкин", дейди Мекан Наврўзов.

Мажлисда Конституциявий маҳкама ташкил қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio