'Ўзбекистон Қирғизистонга ишонмайди'

Image caption Ўзбекистон Қамбар-Ота минтақадаги сув тизимини издан чиқариб юборишини айтиб келади

Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Валерий Диль Ўзбекистоннинг Қирғизистонга ишонмаслиги боис Қамбар-Ота ГЭС ининг қурилиши савол остида эканини айтган.

Бу ҳақда у Қирғизистон парламентидаги чиқишида гапирган.

Айни пайтда мулозим гидроиншоот лойиҳаси "энг юқори даражада" муҳокама этилаётганини маълум қилган.

Қамбар-Ота масаласи аллақачон сиёсий масалага айланганини айтган Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари бу ҳақдаги "ахборотнинг матбуотга сизиши"ни хоҳламасликларини илова қилган.

"Бу ерда масаланинг сиёсий жиҳати кўпроқ ва биз матбуотга ахборот сизишини истамаган бўлур эдик. Аммо Россия ва Хитой томони ушбу лойиҳа қурилишини унча катта бўлмаган давлатлараро зиддият туфайли тўхтатиб тургани ҳақида маълумотимиз бор", дея қирғиз мулозимидан иқтибос келтиради 24kg агентлиги.

Валерий Дильга кўра, ҳамма гап Ўзбекистоннинг Қирғизистонга ишонмаслигида.

"Энг муҳими Ўзбекистоннинг қирғиз томонига ишонмаслиги лойиҳага таъсир қилмоқда. Шунинг учун ҳам қурилиш олдинга силжимаяпти", деб айтган Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари.

Аввалроқ Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистоннинг қаршиликларига қарамай, Қамбарота -1 ГЭСини барибир қуришларини айтган эди.

Image caption Атамбоев Қамбар-Отани барибир қуришларини айтган

Қирғиз раҳбари ҳам гидроиншоот қурилишида Ўзбекистонни энг кўп хавотирга солаётган нарса "сиёсий ўйинлар" эканини таъкидлаган.

"Ўзбекистон сиёсий ўйинлардан қўрқаяпти", деган қирғиз Президенти.

Жаноб Атамбоевнинг айтишича, у расмий Тошкентнинг хавотирларини аритиш учун Ўзбекистонга лойиҳага қўшилишни таклиф этган.

Аммо Ўзбекистоннинг жавоби маълум эмас.

Кремлнинг акс-садоси?

Қирғиз мулозимининг баёноти президентлар Каримов ва Атамбаевнинг ўтган ой Москвада кечган даҳанаки жанги ортидан янграган.

8 май куни Кремлда ўтган МДҲ раҳбарлари саммитида Ўзбекистон раҳбари қирғиз ҳамкасбини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабада бир халқнинг ҳиссасини кўпайтириб, қолганларникини эса камайтириб кўрсатишда айблаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистон раҳбари қирғиз ҳамкасбининг "фикрини яхши билиши"ни айтган

Бунга жавобан Атамбаев "ўз фикрини изҳор қилгани"ни айтган.

Таҳлилчиларга кўра, гарчи чегара ва гидроиншоотлар ҳақида сўз кетмаган эса-да, Кремлдаги эпизод икки давлат ва уларнинг раҳбарияти ўртасидаги чуқур ишончсизликни юзага чиқарган.

Тошкент яқинда Россия етакчилигидаги Божхона Иттифоқига аъзо бўлган Қирғизистонни минтақада Россия манфаатларини илгари суришга хизмат қилаётган давлат сифатида кўриши айтилади.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган қонли тўқнашувларда Президент Каримов мавҳум "учинчи кучлар"ни айблаганди.

Расмий Тошкент Қирғизистон ва Тожикистоннинг зиддиятли гидроиншоот лойиҳалари минтақада сув тизимини издан чиқаришини айтиб келади.

Президент Каримов сув заҳиралари минтақада урушга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Минтақадаги гидроиншоотлар масаласи жаноб Каримовнинг ўтган ҳафта Жанубий Кореяга қилган ташрифи кун тартибида ҳам бўлган.

Ўзбекистон давлат матбуотининг хабарларига кўра, расмий Сеул гидроиншоотлар масаласида Тошкентнинг мавқеъини қўллаб-қувватлаган.

Қирғизистон ва Тожикистон гидроиншоот лойиҳаларини қиш мавсумида ўзларининг энергияга бўлган эҳтиёжлари билан тушунтиришади.

Бишкек ва Душанбега кўра, гидроиншоотлар қурилиши минтақадаги барча давлатлар учун манфаатлидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio