Афғонистон: Тожикистон билан чегарадош туманда қақшатқич жанглар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Афғонистоннинг шимолий-шарқий Бадахшон вилоятидан олинган хабарларга кўра, хорижий жангарилар бошчилик қилаётган қақшатқич жанглардан қарийб бир ҳафта ўтиб, толиблар Юмгон тумани ҳокимлигини босиб олишган.

Вилоят масъуллари хорижий жангариларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат беришмоқда.

Туманда ҳозир ҳам жанглар давом этаётгани ва Бадахшон вилояти ҳокимлиги ҳаводан мадад беришларини сўраб, марказий ҳукуматга мурожаат қилгани ҳам айтилмоқда.

Афғон ҳукумат кучларига қарши жанг олиб бораётган жангариларнинг сони 200 нафарча экани тахмин этилади.

Вилоят масъулларига кўра, Юмгон тумани ҳокимлигининг босиб олиниши билан боғлиқ сўнгги жангларда ўндан ортиқ аскарларини бой беришган.

Аммо, ҳозирча, жангарилар орасидаги талофатларга оид аниқ маълумотлар йўқ.

Сўнгги ойларда Афғонистоннинг кўплаб шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари қаторида Бадахшоннинг ҳам хавфсизлиги жиддий ташвишларга сабаб бўлиб келади.

Яқинда вилоят масъуллари ўнга яқин туман Толибон ҳаракати назорати остига ўтиши мумкинлигидан жиддий хавотир билдиришган ва янги миллий бирдамлик ҳукуматини эътиборсизликда ҳам айблашганди.

Толиблар 2014 йилнинг май ойида ҳам Бадахшоннинг айнан Юмгонини босиб олишган, аммо афғон ҳукумат кучлари туманни яна ўз назоратлари остига қайтаришга муваффақ бўлишганди.

Бадахшон ўтган ой ҳам толибларнинг йирик қонли ҳужумларига саҳна бўлган, бу жангларда ўттиздан ортиқ афғон ҳарбийси ўлдирилган ва бедарак кетганди.

Улардан бир қанчасининг боши танасидан жудо этилгани айтилганди.

Мазкур ҳужум бутун Афғонистон бўйлаб кескин акс-садоларга сабаб бўлган, бунинг ортидан, ҳукуматнинг қатор юқори мартабали мулозимлари Бадахшонга сафар қилишга мажбур бўлишганди.

Ҳам тоғли ва ҳам Тожикистон, Покистону Хитойга бевосита чегарадош экани боис, Бадахшон жангарилар учун ҳам стратегик жиҳатдан муҳим минтақа ҳисобланади.

Сўнгги ойларда Бадахшонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг ҳам анчайин фаоллашишгани кузатилади.

Ўтган йил сентябр ойида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Усмон Ғозий эса, яқинда эълон қилган баёнотида ўзларининг Покистондан Афғонистонга тўлиқ ортга қайтганликларини билдирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Бу орада ҳаракат аъзолари Афғонистоннинг Тожикистонга туташ бошқа бир шимолий-шарқий вилояти бўлмиш Қундузда ҳам Толибон билан бир сафда йирик жангларга қўл уришган, бирваракайига тўртта туманда қарши ҳужумга ўтишганди.

Бунинг ортидан, марказий ҳукумат Қундузга бутун Афғонистондан минглаб мадад кучлари ва ўнлаб танклар ташлашга мажбур бўлганди. Аммо, шунда ҳам, юзлаб жангариларни даф этиш учун афғон ҳарбийларига ҳафталар керак бўлганди.

Бу – Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётларининг дебочаси бўлганди.

Вилоят масъуллари эса, ўзлари “Исломий Давлат”га нисбат берган хорижий жангарилар толиблар билан бир сафда жанг қилишдан ташқари, уларни янада замонавий ва йирик урушларга тайёрлашаётганини ҳам таъкидлашганди.

Ҳаракатнинг ўзи эса, Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор вилоятларига қайта кириб боришга муваффақ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Афғонистоннинг шимоли ва шимоли-шарқидаги бу каби вазият яқинда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россиянинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлганди.

Россия Ташқи ишлар вазири, ҳатто, расмий баёнот билан чиқиб, афғон ҳукуматини минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун хос чора-тадбирлар кўришга ҳам ундаганди.

Минтақадан олинган хабарларга кўра эса, ўзларига бевосита чегарадош Қундуз ва Бадахшондаги сўнгги ойлардаги вазият Тожикистон ҳукуматини мустақиллик даврида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл уришига ҳам сабаб бўлган.

Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили, ҳатто, куни-кеча жангариларнинг Тожикистонга бостириб кириш эҳтимолларини ҳам назардан соқит этмаганди.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Толибон ҳаракатининг қадами Афғонистонда қудратда бўлган 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида ҳам Бадахшонга бу қадар етмаган.

Худди шу боис ҳам, минтақавий таҳлилчиларга кўра, Юмгондаги сўнгги ютуғи толиблар ва иттифоқчилари учун стратегик жиҳатдан муҳим. Ҳамда уларга янги жанг жабҳасида ўз мавқеъларини мустаҳкамлаб олишга кўмак беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ