Сўров: Дунёнинг қонун устивор бўлгану бўлмаган давлатлари

Янги халқаро тадқиқотлар Норвегия ва Данияни дунёнинг қонун энг устивор бўлган иккита давлати, деб топган.

Қўшни Афғонистон эса, янги рўйхатда Венесуэла билан билан бирга иккита қуйи ўриндан биттасини эгаллаган.

Марказий Осиё минтақасидан 102 давлат орасидан 65-ўрин билан Қозоғистон энг яхши натижани қайд этган.

Қирғизистон эса, янги рўйхатда 74 ва Ўзбекистон 81-ўринда келишган.

Янги тадқиқот қолган Марказий Осиё давлатларини қамраб олмаган.

Россия 75-ўрин билан Қирғизистондан кўра ҳам ёмонроқ натижа қайд этган.

Ойларки, ички қуролли низоларга саҳна бўлиб келаётган ва уларда расмий Кремлнинг ҳам алоҳида ўрни борлиги даъво этилувчи Украина эса, янги рўйхатда Россиядан беш поғона яхшироқ ўринда келган.

Шу ҳафта бошида эълон қилинган ҳисоботга “World Justice Project” халқаро ташкилоти муаллифлик қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи thinkstock

WJP нинг қонун устивор бўлган давлатлар юқори ўнлигига эса, Дания ва Норвегиядан кейин Швеция, Финландия, Голландия, Янги Зеландия, Австрия, Олмония, Сингапур ва Австралия киришга муваффақ бўлишган.

Тадқиқот

“World Justice Project” ўз рўйхатини тузишда дунё давлатларининг жаъми саккиз категория бўйича қайд этган натижаларига таянган.

Тадқиқот остига тушган бу мамлакатларда амалдаги ҳокимият қудратининг даражаси, коррупция кўлами, ҳукуматнинг қанчалик шаффофлиги, фуқаролар фундаментал ҳуқуқларининг кафолати, тартиб ва хавфсизлик, қонунларнинг амалга тадбиқ этилиши, фуқаровий адолат, давлат ва анъанавий адлия тизимларининг нечоғлиқ ҳақиқатни қарор топтиришга қодир эканига диққат қаратган.

Улар қайд этган натижаларни эса, бир баллик шкала тизимида баҳолаб чиққан.

Дейлик, Норвегия ва Дания жаъми кўрсаткичлар бўйича якунида 0.87 балл тўплашга муваффақ бўлишган ва халқаро ташкилотнинг рўйхатида юқори иккиликни эгаллашган.

Янги рўйхатда энг қуйи ўринларни бўлишган Афғонистон эса, мисол учун, ўзидаги коррупциянинг кўлами бўйича қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб кетган.

“World Justice Project” янги тадқиқотлари доирасида 102 давлатнинг ҳар биридан 1000 тадан кишининг фикрини ўргангани, шунинг баробарида, 2400 мутахассиснинг баҳосига ҳам қулоқ тутгани айтилади.

Аммо барча бу жараённинг қандай шаклда олиб борилгани тафсилотлари очиқланмайди.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, қонун устиворлиги коррупция кўламини қисқартириш, ночорликни аритиш, омма саломатлиги ва таълим аҳволини яхшилаш, оддий одамларни адолатсизликлар ва каттаю кичик хатарлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

“World Justice Project” АҚШда жойлашган ва асосий фаолиятини дунё бўйлаб қонун устиворлигига қаратган йирик ноҳукумат ташкилотларидан бири саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ