Ўзбекистон Қирғизистонни чегарадаги тартиббузарликлардан огоҳлантирди

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати Давлат Чегара Қўмитаси Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси ва Ўзбекистон ҳудудида вақтинчалик туриш тартибини бузиш ҳоллари кўпайганини қайд этган.

Podrobno.uz нашрининг МХХ Чегара қўмитаси матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, 2015 йил май ойида 87 нафар қирғиз фуқаролари чегара тартибини бузгани учун ушланган.

Бундан ташқари, хабарда таъкидланишича, қирғиз фуқароларининг Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтишга уринишига доир иккита ҳолат қайд этилган.

Ўзбекистонлик чегарачилар қирғиз томонини давлат чегарасини бузиб ўтиш ҳолларига чек қўйиш юзасидан зарур чораларни кўриш ҳақида огоҳлантиришган.

Шу кунларда чегараларни аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия музокараларни қайта бошлагани хабар қилинган.

Аввалроқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон билан чегара юзасидан музокаралар тўхтаб қолганини айтган эди.

Ўзбек маҳалласидаги махсус амалиёт

Қирғизистоннинг ўзида эса Ўш ва Жалолобод воқеаларининг 5 йиллиги арафасида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани хабар қилинмоқда.

Fergananews.com нашрининг хабар беришича, Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси 5 июн куни Ўшнинг асосан ўзбеклар яшайдиган "Амир Темур" мавзеъида аксилтеррор амалиёти ўтказган.

Расмий хабарда айтилишича, "Ўш-Аксилетррор-2015" деб номланган махсус амалиёт Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Бишкекдаги маркази билан ҳамкорликда ўтказилган.

Image caption 2010 йил июнидаги этник зўравонликларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлган

Амалиётда Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда хизматлар, Чегара хизматининг минтақавий бўлинмалари ҳамда маҳаллий ҳокимият тузилмалари иштирок этгани хабар қилинади.

Қирғиз расмийлари ўқув машқларидан кўзланган мақсад "террорчилик таҳдидини бартараф этиш бўйича тезкор-қидирув амалиётларини йўлга қўйиш" эканини айтишган.

Аммо гувоҳларнинг айтишларича, аҳолининг уйлари яқинида автомат ушлаган ҳарбийлар палаткаларининг жойлаштирилиши ва марказий кўчанинг ҳарбий техникалар билан тўсиб олиниши аҳоли орасида саросима уйғотган.

Расмийлар хавотирга ўрин йўқлигини айтганлар.

5 июн куни шунингдек, Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси вилоят милицияси кучайтирилган тартибга ўтказилганини тасдиқлаган.

Расмийларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва фаоллар аҳоли орасида турли миш-миш ва иғвогарликларга учмаслик борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Бундан беш йил муқаддам Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувлар натижасида юзлаб инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишганди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг 10-13 июн кунлари юз берган зўравонликларни "қирғин" ва "погромлар" дея тасвирлашган.

Финляндиялик дипломат Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия "Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган "муайян ҳужумларни, агар маҳкамада тасдиғини топса, инсониятга қарши жиноятлар сирасига киритиш мумкин"лигини айтган.

Халқаро ҳисоботда айтилишича, Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган зўравонликлар чоғида 470 га яқин инсон қурбон бўлган ва яна минглаб одамлар яраланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio