Афғонистон: Тожикистон билан чегарадош туман тўлиқ жангарилар қўлида

Ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига нисбат берилаётган хорижий жангарилар бошчилиги остида толиблар ихтиёрига ўтган Юмгонда, тўртинчи кундирки, қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Бу ҳақда шимолий-шарқий Бадахшон вилоятилик парламент вакили Сафиуллоҳ Муслим Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида билдирди.

Вилоят масъуллари ўтган кунлар давомида ораларида ўзбек, уйғур, чечен ва араб миллатига ҳам мансублари бўлган бўлган бу хорижий жангариларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига нисбат бериб келишмоқда.

Жангарилар қарийб бир ҳафталик аёвсиз жанглар ортидан, ўтган шанба куни Юмгон туман ҳокимлиги биносини босиб олишганди.

Юмгонга пойтахт Кобулдан қўшимча сонда ўнлаб ҳарбийлар ва бир нечта қирувчи тикучар ташланганига қарамай, туманда ҳануз қақшатқич жангларнинг давом этаётгани айтилади.

Бадахшонлик парламент вакили бўлган суҳбатдошимизнинг вилоятдан олган энг сўнгги маълумотларга таяниб хабар беришича, шу пайтгача йигирмага яқин афғон ҳарбийси қурбон бўлган, яраланган ва бедарак кетган.

Ўз ўрнида, вилоят масъуллари рақиб томон ўртасидаги талофатлар сони ўнга яқин эканини тахмин этишмоқда.

Жумладан, Бадахшон вилояти ҳокими Шовалиуллоҳ Адибнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида даъво қилишича, Юмгондаги бир қанча қишлоқни жангарилардан тозалашга муваффақ бўлишган.

Бадахшонлик парламент вакили бўлган суҳбатдошимизга кўра эса, Юмгондаги жангларда, ҳозирча, оддий аҳоли орасидан талофатлар йўқ, аммо жонидан хавотирда бўлган одамлар аллақачон ўз турар-жойларини ташлаб чиқишни бошлашган.

Агар, унинг сўзларига таянилса, жорий пайтда Юмгонда афғон ҳукумат кучларига қарши қақшатқич жанг олиб бораётган жаъми жангариларнинг сонини 300-400 нафар атрофида, деб тахмин этиш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Сафиуллоҳ Муслимнинг айтишича, агар, марказий афғон ҳукумати жадаллик билан эътибор қаратмаса, Бадахшоннинг яна қатор туманлари тез орада жангариларнинг қўлларига ўтиши эҳтимоли катта.

Сўнгги пайтларда Афғонистоннинг аксарият шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари қаторида Бадахшонда ҳам маҳаллий толиблардан ташқари, ўтган йили Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳам анчайин фаоллашишгани кузатилади.

Бадахшонлик парламент вакилининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида келтирган маълумотларига таянилса, жорий пайтда бутун вилоят бўйлаб хорижий жангариларнинг сони 500-600 нафар атрофида бўлса, толибларники мингдан ортади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига нисбат берилаётган хорижий жангариларнинг сўнгги ойларда қўшни Покистондан ўз оилалари билан бирга Бадахшонга келиб, ўрнашишаётгани айтилади.

Яқинда вилоят масъуллари вазият шу тариқа давом этаверса, жангарилар ўндан ортиқ туманни босиб олишлари мумкинлиги хавфидан ҳам жиддий хавотир билдириб чиқишганди.

Жумладан, бадахшонлик парламент вакили бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, вилоятда жаъми 27 та туман бўлса, шунинг ярмига яқинида асосан марказлари афғон ҳукуматининг назорати остида, қолган қисмида эса толиблар ва бошқа жангари гуруҳлар фаол.

Толибон ҳаракати ўзининг бу йилги баҳорги амалиётлари арафасида ҳам Бадахшонда йирик қонли ҳужумини уюштиришга муваффақ бўлган.

Бутун Афғонистон бўйлаб кескин акс-садоларга сабаб бўлган бу ҳужумда ҳам ўнлаб афғон ҳарбийси шафқатсизларча ўлдирилган, ярадор қилинган ва бедарак кетганди.

Юмгоннинг босиб олиниши билан кечаётган қақшатқич жанглар эса, янги миллий бирдамлик ҳукумати масъулларини Бадахшондаги вазиятга эътибор қаратишга мажбур қилган ана шу қонли ҳодисадан ой ўтиб кузатилмоқда.

Аммо, агар, ҳукумат танқидчиларининг сўзларига қулоқ тутилса, сатҳда хавфсизлик кучларининг сони етарлича бўлган бир шароитда, уларда жангариларга қарши жанг қилиш учун қатъийроқ истак-хоҳишнинг ўзи йўқ.

Афғонистоннинг қолган вилоятлари билан солиштирганда, Бадахшон тоғли, Тожикистон, Хитой ва Покистонга бевосита чегарадош экани билан стратегик жиҳатдан ўта муҳим минтақа саналади.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, ҳатто, биргина Юмгон тумани ўзининг босиб олиниши – толиблар учун ўзлари учун шу пайтгача ноодатий бўлган янги плацдармда мавқеъларини мустаҳкамлаб олишлари ва янги жангларини уюштириш учун яхшигина замина бўлиб хизмат қилади.

Бадахшондаги сўнгги жанглар маҳаллий масъуллар томонидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига нисбат берилган бошқа юзлаб жангарилар толиблар билан бир сафда Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита туташ бошқа бир шимолий-шарқий Қундуз вилоятининг бирваракайига тўртта туманида қарши ҳужумга ўтган ва афғон ҳукуматини анчайин оғир аҳволда қолдирган ҳодисалардан ҳам қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимолий-шарқий минтақаларидаги мулозимлар эса, “Исломий Давлат”ни намоён этаётган бу хорижий жангарилар биргина жанг қилиш билан чекланмай, маҳаллий толибларни янада йирик ва замонавий урушларга тайёрлашаётганини ҳам айтиб чиқишганди.

Шундоққина жанубий чегаралари яқинида кузатилаётган бу каби ҳодисаларнинг ривожидан Россия ҳам жиддий ташвишда.

Афғонистон шимоли-шарқидаги сўнгги жанглар манзарасида Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили ҳам жангариларнинг Тожикистонга бостириб киришлари эҳтимолидан сўз юритганди.

Тожикистон ҳукумати эса, Афғонистон билан ўзаро чегарасида аллақачон мустақиллик даврида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл урган, қўшимча ҳимоя чизиғини яратган, чегараларини янада мустаҳкамлаш учун аллақачон собиқ Шўро давлатлари миқёсидаги қатор масъул ташкилотлардан ҳам ёрдам сўраб улгурган.

Аммо, Душанбедаги Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашишга муваффақ бўлган айрим маҳаллий журналистларга кўра, тожикистонлик расмийлар ўзларига бевосита чегарадош Афғонистоннинг Юмгонидаги вазият юзасидан, ҳозирча, бирор бир расмий изоҳ беришганича йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ