'Энг кўп жабрланган ҳам, жазоланган ҳам - ўзбеклар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Ўшликлар шу кунлари ўз ибодатларида 2010 йил қурбонларини хотирлашмоқда.

"Ўғлим Акбаржон пахтага сув қуйиш учун далага кетганди. Шу-шу уни қайта кўрмадим. Кўкрагидан отиб қўйишибди".

Ўшлик Хадича-опа гапиришга қийналади. Йиғисини тўхтатолмайди.

"Мени боқадиган болам эди шу. Энди тобутимни кўтарадиган яқиним қолмади".

Хадича-опа бугун етим қолган неваралари билан давлат қуриб берган янги уйда яшайди. Ўғлининг ўлими учун товон пули ҳам олган.

Аммо онахоннинг кўнглида адолат армони қолиб кетмоқда.

"Биз оддий одаммиз, орқамизда турадиган, қўллайдиган ҳеч кимимиз йўқ. Нима қилайлик, ўғлимни ўлдирганларни топиб жазолашлари учун югуролмадик" - дейди онахон.

Бироқ бу - Ўш қирғинида яқинларини йўқотган аксар ўзбеклар юрагидаги дард. Ўзбекларни ўлдирган ҳужумчилар аксра ҳолатларда топилмади ва жазоланмади.

Нафақат расмий идораларга бош уриб, югуролмаган онахонлар, ҳатто кўп жойларга арз қилган саводли оилалар ҳам бу ҳақиқатни топишолмаган.

"Эрим Сулаймон тоғида сураткаш эди. Ўша куни намоздан чиқиб келаётган чоғи отишибди" - дейди ўнадирлик Дилфуза.

Суҳбатдошимиз кўп жойларга югурганини, айбдорлар топилиб, жазоланиши учун тинимсиз ҳаракат қилганини айтади.

Аммо беш йил ўтибди ҳамки, ҳеч қандай натижа йўқ.

"Ўтирибмиз энди иложсиз" - деб қўшиб қўяди у умидсиз оҳангда.

Миллатчи адолат

Ўш ва Жалолобод хунрезлиги ортидан минглаб жиноий ишлар очилди. Юзлаб одамлар жазога тортилди. Бир қарашда ҳукумат адолатни тиклашга интилди.

Лекин воқеаларни кузатиб келаётганлар мазкур фикрга тўлиқ қўшилишмайди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Ўша пайтдаги зўравонлик ва ўт қўйишларда аксар ўзбеклар жабрланишди, қурбонларнинг учдан икки қисми ҳам ўзбеклар эди" - рақамларни келтиради Бишкекдаги "Килим Шами" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова - "Лекин мана яна, асосан, ўзбекларни жазолашмоқда. Узоқ йилларга ё бир умрга қамалганларнинг аксариси - ўзбеклар".

"Биз ўтказган тадқиқотларга таянадиган бўлсак, ўзбекларни ўлдирган ё ўзбек аёлларини зўрлаган биронта одамни ҳам ҳалигача жазолашмаган" - дейди қирғиз ҳуқуқбони.

"Хуллас, 2010 йил июн воқеалари бўйича адолат тиклангани йўқ!"

Расмийлар шу пайтгача мазкур ҳолатга изоҳ беришганида, асосан, ўзбеклар гуруҳ-гуруҳ билан ҳаракат қилишгани боис биттаси ушлангач, бошқалари ҳақида ҳам маълумотлар чиқиб келганини ва шу боис улар кўпроқ жазоланганини айтишган.

Лекин ҳуқуқ фаолларига кўра, миллатчилик кучайиши ва расмий идораларда миллий озчиликлар деярли қолмагани ҳам бу ўринда муҳим ўрин тутади.

"Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тизими бир миллат вакилларидан иборат. Бу тизимдаги 97% ходимни етакчи миллат вакиллари ташкил этади" - дейди Азиза Абдирасулова.

"Барча миллатларга бир хилда муносабат қилинмас экан, Ўш воқеалари бўйича ҳеч қачон адолат тикланмайди".

Илк хатолар оқибатими?

Аммо халқаро кузатувчиларнинг айтишича, зўравонликдан кейин бошланган илк тергов-суриштирув чоғларида йўл қўйилган хатолар ва қонун бузиш ҳоллари ҳам адолат тикланишига халақит бераяпти.

"Маҳкама, маъмурий ва адлия тизимларида жиддий қонун бузиш ҳоллари рўй берган" - дейди Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Қирғизистондаги вакиласи Мира Риттман.

"Қўлга олинганлар ўзларининг қийноққа солинганларини даъво қилишди. Лекин ушбу иддаолар ўрганиб чиқилмади. Айни ишларни қайта кўриш жараёнида ҳам қийноқ остида ўтган тергов натижаларига қараб чиқарилган ҳукмлар ўз кучида қолдирилди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Қирғизлар ва ўзбеклар эски дўстликни тиклашмоқда. Аммо тенг адолат тикланиши номаълум.

Ҳьюман Райтс Уотч вакилига кўра, адолатдан четда қолаётган ва ҳимоясиз жамоанинг, яъни ўзбекларнинг арзига қулоқ солиш ўта муҳим. Уларнинг шикоятлари эса холис ҳамда мустақил тарзда қайта ўрганилиши зарур.

"Қирғизистон барча фуқаролари ҳуқуқлари тенглигини таъминлаши керак" - дейди Мира Риттман - "Аммо зўравонлик чоғи энг кўп азият чеккан ўзбеклар яна энг кўп жазоланди".

Адолатсиз тинчлик келадими?

Қирғизистонлик ўзбеклар бугунги тинчликка шукур қилишади. Бу ердаги ўзбек ҳам, қирғиз ҳам 2010 йил даҳшатлари қайта такрорланишини исташмайди.

"Келажакда бу даҳшатлар қайтарилмаслиги учун қайси миллатдан бўлишидан қатъий назар, айбдорларни топиб жазолаш керак" - дейди Ўшдаги Ўзбек Миллий Маркази раҳбари Рашидхон Хўжаев.

"Қўлида тош ё калтак билан чиққанлар жазоланмоқда, аммо бу зўравонликнинг бошида турганлар-чи?" - савол қўяди ўшлик мулозим.

Унинг айтишича, узоқ тоғ қишлоқларидан тушиб, ўзбек маҳаллаларига ҳужум қилган одамлар ҳам топиб жазоланиши лозим.

Қирғизистон аҳолисининг қарийб бир миллионини ўзбеклар ташкил этади. Бу йирик жамоанинг адолатга ишончини сўндирмаслик мамлакат учун ҳам ўта муҳим.

"Ўш воқеаларида энг кўп жабр тортган тараф энди ҳақиқат тикланишига ишонмаяпти. Улар учун энди адолат тантана қилмайди. Бу эса - ёмон" - дейди Азиза Абдирасулова ўз хавотирини яширмай.

Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар чоғи бир-бирини қутқарган ўзбеклар ва қирғизлар оз бўлмаган. Тарихан бирга яшаб келган бу икки миллат вакиллари беш йилдан бери ўртадаги ишонч ва дўстликни қайта тиклашга интилишмоқда.

Лекин ана шу ишонч, дўтслик ва ҳурмат тўла тикланиши учун ҳукумат ҳамда расмийлар ҳам миллат ажратмайдиган холис ва тенг адолатни таъминлашлари керак.

Худди шу нарса бугунги Қирғизистонда кўринмаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ