'Ислом дини бугун ўзбек ва қирғизни дўстлаштирмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Шоҳруҳ Соиповга кўра, халқ дипломатиясига кенг йўл берилса, икки қардош миллат яна иноқлашади.

Ўшдаги қонли воқеалардан беш йил ўтиб, ўзбеклар ва қирғизлар дўстликни тиклашга ҳаракат қилишмоқда.

Айрим фикрларга кўра, Ислом дини икки диндош миллатни бирлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лекин ҳуқуқ-тартибот ва куч тизимлари томонидан ўтказилаётган таҳдид ҳоллари ўртадаги ишонч ва дўстликни тиклашга халақит бераётган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Ўшлик мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов шаҳардаги бугунги ҳаёт, икки миллат ўртасида тикланаётган дўстлик ва ҳамон кемтик ишонч ҳақида ҳикоя қилади:

Шоҳруҳ Соипов: Ўтган беш йил давомида қирғиз ва ўзбек дўстлари орасида муносабатларимизга қандайдир дарз етди.

Сабаби - одамлар баъзида ташқаридан олган нотўғри маълумотларига ишониб, бир-бирларига нисбатан адоват билан қарашади. Ўртада ишончсизлик тўла йўқолиб кетмади ҳалича.

Қонли воқеалар пайти бир-бирини қутқарган, бир-бирига ёрдам берган одамларнинг фикрлари даб-дурустдан ўзгариб қолади, эски дўстига гумон билан қарай бошлайди.

Бишкекдаги бир танишим бошида роса куюнди, бизга ачинди. Аммо орадан ярим йилча ўтиб учратсам, "айб сизларда экан-ку", деб айтди.

Бу гапни қаердан олганини сўрасам, бир жойдан, тасдиқланмаган миш-миш хабарни ўқиган экан.

Аммо шахсан менинг қирғиз дўстларим билан муносабатларим қайтага мустаҳкамланди. Бундай гап-сўзлар таъсир қилгани йўқ.

Ўша зўравонлик пайтлари биз қирғиз аёлнинг уйидан идора сифатида фойдаланиш учун ижарага олгандик. Тўполонлар боис бир неча муддат идорамизга боролмадик.

Кейин эшитсак ана шу уй эгасининг эри ҳам низода ҳалок бўлган экан. Лекин у аёл шунга қарамай, бизнинг идорадаги ҳамма жиҳоз ва ускуналарни биз учун асрабди.

Яна эсимда, низолардан бир ҳафта кейин кўчада кетаётсам, университетда бирга ўқиган қирғиз курсдошимни учратиб қолдим.

Биз учоқлашиб кўришдик ва у кўзларига ёш олиб, кечирим сўради. Бир-биримизни кечирайлик, деди.

Бу дўстимнинг сўзлари менга жуда қаттиқ таъсир қилган ва ўшанда йиғлаб юбораёздим.

Чунки худди шу ерда инсонийлик кучини кўрганман, ирқимиз, миллатимиз ё динимиздан қатъий назар ҳаммамиз бир инсон эканлигимизни англаганман.

Би-би-си: Ўшлик ўзбек сифатида кўчага чиққанда ўзингизни қандай ҳис қиласиз ҳозир?

Шоҳруҳ Соипов: Қирғизистон - менинг ватаним. Бу ер - менинг уйим.

Кўплар бизларга қарата, сизнинг келиб чиқишингиз Ўзбекистон, деб айтишади. Бошқалари эса ўзбеклар Ўзбекистонда яшаши керак дейишади.

Бу гаплар - нотўғри.

Бизнинг ота-боболаримиз азалдан мана шу заминда, Ўш диёрида яшаб келишган. Биз келгинди халқ эмасмиз.

Барибир бу ерда ўзимни эркин ҳис қиламан.

Тўғри баъзида босимлар бўлади. Аммо мен уларни миллатчилик ёки камситишга йўймайман.

Мен бу босимлар фақат асбим туфайли, деб ўзимни ишонтираман.

Би-би-си: Лекин қатор ўзбеклар ҳамон камситиш остида яшаб келишмоқда, деган фикрлар ҳам айтилмоқда. Бу гаплар асоссизми?

Шоҳруҳ Соипов: Албатта, беш қўл баравар эмас. Камситишлар бор. Низо ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбекларни ушлашди ва бошқа ишлар қилишди. Лекин ўзим гувоҳ бўлган ҳолатларни айтсам, ўзбеклар ўзлари ҳам жипслаша олмадилар.

Дейлик, қўшниси ё таниши айбсиз ҳисбга олинган бўлса, ўша одамни маънавий қўллаб-қувватламайди.

Аксинча, бироз пўписа қилишса, ҳатто ўша беайб қўшнисига қарши кўрсатма ҳам берганлар ҳам бўлди.

Кейин ўзбеклар билим соҳасига эмас, балки тижоратга кўп берилишди.

Би-би-си: Ўтган беш йил давомида шахсан ўзингиз очиқ миллатчилик ҳолатига ҳеч дуч келдингизми?

Шоҳруҳ Соипов: Рафиқам Жалолободдан. Бир куни қизимни олиб, қайнотамникидан келаётгандик. Ҳайдовчи қирғиз бўлгани учун йўл-йўлака қирғизча гаплашиб келдик. У менинг ўзбеклигимни билмабди ҳам. Чунки рафиқам билан ўзбекча гаплашгандим, ҳайдовчи менга қараб "Ўзбек экансан-да, қирғизчани июн воқеасидан кейин ўрганиб олибсан-да!" деб айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Масжидлардаги намозхон ўзбеклар ва қирғизлар дўст-биродар.

Мен эса унга жавобан "Қирғизчани мен азалдан биламан ва керак бўлса, сиздан кўра тоазроқ ва яхшироқ гапираман бу тилда" дедим. У жим бўлиб қолдим ва бошқа гапирмади. Чунки менинг қирғизчам ҳақиқатан ҳам уникидан яхши эди.

Яқинда Ўшда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлди ва бунда ҳам мен соф қирғизчада гапира олганим учун, ҳалигши одамлар оғизларини юмишди.

Назаримда, биз ўзбеклар билим жиҳатидан тенг бўлишга интилишимиз керак. Бу низоларга қарши восита ҳамдир.

Тасаввур қилинг, агар эҳтиросга берилиб кетсангиз, ўртада уруш чиқади. Улар сизни калтаклаб ё ногирон қилиб қўйишлари, ё ҳатто ўлдириб қўйишлари мумкин.

Би-би-си: Ўртадаги ишонч ва дўстликни тўла тиклаш учун нима қилиш керак ҳозирда?

Шоҳруҳ Соипов: Халқ дипломатиясига йўл қўйиб беришса, одамлар тил топиб кетишади. Чунки ўзбек ва қирғизнинг ҳаёти бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Улар азалдан ёнма-ён яшаб келишган.

Тасаввур қилинг, бозорда сотувчи ўзбек бўлса, унинг харидори қирғиз.

Ёки автобус ҳайдовчиси қирғиз бўлса, унинг йўловчиси ўзбеклар.

Бу ҳар соҳада кўзга ташланади. Одамлар бир-бирисиз яшай олмаслигини билади.

Одамлар бир-бири билан ҳар доим қучоқлашиб кўришадилар ва ўртада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Лекин сиёсат ва қандайдир кучларнинг ёлғон маълумотлари туфайли ўртадаги ришталарга соя тушмоқда.

Одамлар нима қилишсин, расмий телевидение ва бошқа жойлардан фақат бир тарафлама маълумот олишса, бошқа муқобил ахборот олиш имконлари бўлмаса...

Бунинг устига, ҳамон давом этаётган тазқийлар ва қийноқлар ҳам бу ўринда салбий таъсирга эга бўлаяпти.

Би-би-си: Ҳар ёмоннинг бир яхшиси деган гап бор. Ўш фожеасидан одамлар қандай сабоқ чиқаришди?

Шоҳруҳ Соипов: Ўша қонли воқеалар пайти ҳар икки томондан ҳам имомлар тўпланиб, бу Оллоҳ бизга юборган синов бўлди, деб айтишганди.

Ҳозир эса ўзбеклар ва қирғизлар фақат диний жиҳатдан бирлашиши мумкинлигини тушуниб етишди.

Улар биз қирғизмиз ё биз ўзбекмиз деган гаплар билан жипслаша олмасликларини, фақат Ислом уларни бирлаштиришини англашди.

Ҳозир ҳам агар замонавий шаклдаги йиғинларга қарасангиз, икки миллат ажралиб қолганини, у қадар ҳам қўшилиб кетмаганини кўрасиз.

Лекин агар масжидлар ва диний маросимларга назар ташласангиз, улар бирга, дўст бўлиб, аралашиб кетишган.

Видеолавҳаларни bbcuzbek.com сайтимизда томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ