Бўлажак ҳожиларга: ‘Коронавирусдан эҳтиёт бўлинг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бундай огоҳлик билан ўз фуқароларига Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги чиққан.

Энг сўнгги хабарларга таянилса, коронавируснинг янги учоғига айланган Жанубий Кореяда ушбу вирусдан қурбон бўлганларнинг сони бугунга келиб 11 кишига етган.

Жума кунига ўтар кечаси зотилжам хасталигига чалинган 72 ёшли жанубий кореялик онахон вафот этган.

Коронавирус илк бор айнан Саудия Арабистонида аниқланган ва шу боис, у Яқин Шарқ ўткир нафас йўллари яллиғланиши синдроми, деб ҳам юритилади.

“Агар, ушбу вируснинг Жанубий Кореяда пайдо бўлиши тарихига назар солсак, унинг манбаси яқинда Яқин Шарқ давлатларининг биридан қайтган киши бўлган. 18 июн куни бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойи бошланади. Ундан бир ой ўтиб, фуқароларимиз Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига боришни исташади. Саудия Арабистонида эса, ушбу хасталикдан ўлим ҳоллари аниқланган. Шунинг учун ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлмоқ лозим”, - деб айтган ўзининг яқинда қилган чиқишида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Алтай Абибуллаев.

Хабарларга кўра, Алтай Абдуллаев, ўз ўрнида, Жанубий Кореяга йўл солаётган фуқароларини ҳам огоҳлантирган.

“Биз Ташқи ишлар вазирлиги ўлароқ уларнинг ҳаракатланишларини чеклай олмаймиз. Бу – ҳар бир фуқаронинг суверен ҳуқуқи. Аммо биз уларнинг эътиборини мавжуд ҳолатга қаратиб, ўта ҳушёр бўлишларини сўрамоқчимиз”, - дея қўшимча қилган у.

Қозоғистондаги айрим интернет нашрларининг ташқи ишлар вазирлигининг ушбу расмий вакилига таяниб берган маълумотларига кўра, Жанубий Кореяда жорий пайтда расман қайддан ўтган 500 га яқин қозоқ фуқароси бор. Вақтинчалик бўлганларининг сони эса, уч мингдан ортади.

Устига устак, икки давлат ўртасида виза тизими амал қилмайди ва учоқлар парвози ҳам мунтазам равишда йўлга қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Коронавирусга оид илк ҳолат эса, Жанубий Кореяда шу йилнинг 20 май куни аниқланган.

Энг сўнгги хабарларга кўра, орада кечган вақт мобайнида Жанубий Кореяда ушбу вирусга чалинганларнинг сони 126 кишига етган.

Аммо, агар, Жанубий Корея ҳукуматининг баёнотларига ишонилса, ҳозирга келиб, мамлакатда коронавирусни янгитдан юқтириш ҳоллари камайишни бошлаган.

Мамлакат Бош вазири Чхве Гёнхваннинг дипломат ва бизнесменларни ишонтиришича, ушбу вирусни жиловлашга кучлари етади.

Коронавируснинг хавфлигига шундаки, дастлабки босқичларида бемор одамда унинг алоҳида хос белгилари кўзга ташланмайди.

У, айниқса, сурункали ўпка, қанд хасталиги, буйрак фаолиятининг бузилишидан азоб чекаётган ва иммунитети паст бўлган одамларга кўпроқ хавф солади.

Устига устак, ҳозирча, коронавирусга бас келиши мумкин бўлган на-да эмлик ва на-да бирор бир дори-дармон имконли.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига таянилса, жорий йилнинг 31 май кунига қадар бутун дунёда 1154 та коронавирусга чалиниш ҳоллари аниқланган. Шундан 431 таси фожеий якун топган.

Худди шу манзарада ‘Emerging Infectious Diseases’ журнали коронавирусга оид янги тадқиқот натижаларини эълон қилган.

Ундан аён бўлишича, коронавирус одамларга бир ўркачли туяларнинг боласидан ўтган бўлиши мумкин.

Олимларга кўра, бир ўркачли бўталоқларда бу – “болалик касаллиги” ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzairways.com

Куни-кеча Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида хориждан келаётган йўловчиларни тиббий текширувдан ўтказиш, иситмаси борларини аниқлаш бўйича чоралар йўлга қўйилгани хабар берилганди.

Тошкентдан олинган хабарларда, айниқса, Яқин Шарқ ва Жанубий Кореядан келаётган йўловчиларнинг синчковлик билан текширилаётгани айтилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ