Ўш: Нега сени ташлаб кетдим?

Ўшдаги 2010 йилги хунрезлик ортидан ўн минглаб ўзбеклар бошқа мамлакатларга, асосан, Қозоғистон ва Россияга кетиб қолишганди.

Бироқ аксарият четда ҳаётини қайта қура олмай, қайтиб келишди.

Лекин ҳамон қайтишдан қўрқаётган ва тинчликка ишонмаётганлар ҳам бор.

Адҳамжон, тужжор:

Ўшда илгари савдо билан шуғулланардим. Хитойдан Қорасувга юк олиб келардик. Ҳамма нарсани ташладик ва бошқа давлатга кетдик. Уйим, ишим, тижоратим, болаларимнинг ўқиши - барчаси қолиб кетди. Бу ерда ҳаётимизни яна нолдан бошладик.

Имкони борлар четга кетишди. Ҳозир ҳаётларини бошқатдан бошлашмоқда.

Кўпчилик қийналди. Аммо аҳвол келажакда яхшиланишига ишонмайман ҳозирда.

Чунки Қирғизистон жанубидаги қонун посбонлари ўзлари қонунга риоя қилишмайди.

Ўзбеклар устига туҳматлар ва улар беайб бўлса ҳам, айбдор қилиб қўйиш ҳоллари давом этмоқда.

Давлат идораларида ўзбеклар деярли қолмади ҳисоб.

Бу ҳолатда ўзбекнинг у ерда қандай келажаги бўлиши мумкин? Тўғриси, билмайман.

Бемалол яшаш имкони яратилмагунча, у ерга қайтиб боролмайман.

Оллоҳдан ҳам шуни сўраймиз. Чунки Ўш бизнинг ота-боболаримиз ери. У ерда киндик қонимиз томган, аждодларимиз кўмилган.

Лекин Ўзбекларнинг беш йил олдингача гуркираган ишлари сусайиб кетди.

Баъзи овқатланиш ва савдо тижоратларини қайта очишмоқда. Лекин кўпчилик қийналяпти.

Мен ўз оиламни олиб чиқиб кетишимда ҳам иқтисодий омиллар катта ўрин тутди. Масалан, тижорат қилишим жуда мушкуллашиб кетди.

Барибир, асосий сабаб хавфсизлик эди.

Ўйлаб кўринг, йўлда кетаётганингизда бир нечтаси сизни ушлаб, уриб, бир нима қилиб қўйишса.

Ёки ноҳақ сизни ушлаб, бўйнингизга бирон қилмаган жиноятингизни илиб юборишса.

Бундай қўрқув остида яшаш қийин. Яшаб бўлмайди.

Одамлар ҳозир бир-бирларига ғанимат эканликларини англаб қолдилар.

Илгари ҳамма тижорат қилиш ва пул топишни ўйларди.

Ҳозир энди ўзбеклар уй-жой солиб, пул топиб, бир нимага эришиб бўлмаслигини англашди.

Ўзбеклар ўртасида қандайдир меҳр-оқибат, бир-бирига ёрдам кўрсатиш ҳислари пайдо бўлди.

Малика(номи ўзгартирилган), ишбилармон:

Ўшнинг марказида машҳур ўқув маркази очгандим. У ерда қизларни ўқитардик. Ҳамширалик, парда тикиш, соч турмаклаш, ширинликлар пишириш каби ҳунарларни ўрганишарди. Кейин инглиз, турк, рус ва қирғиз тилларини, компьютер сабоқларини ўргатардик.

Марказни очганимга энди беш йил бўлган ва энди ўзимизни тиклаб олаётгандик.

Июнь воқеалари чоғи биномиздан барча ҳужжатлар ва пулларни олиб кетишган. Компьютер ва бошқа жиҳозларни талон-тарож қилишган. Кейин хоналарни вайрон қилиб, деворларни ёмон сўзларни ёзиб, эшик-деразаларни синдириб чиқиб кетишган.

Ёнимизда бир қирғиз қизимиз пойабзал сотарди. Унинг дўконига тегишмаган ва ҳеч нарсасини олишмаган.

Шу ўзбеклигимизни билиб, атайдан талашган деган фикрга бордик.

Бизга биров ёрдам беришига ҳам кўзимиз етмади. Шу учун шикоят қилиб ўтирмадик.

Аммо шунча йиллик меҳнатим йўққа чиққани ва талангани боис, менда ишонч қолмади.

Ҳалиям ишонолмайман.

Тўғри, мана ҳозир одамлар бироз тушуниб, муносабатларини яхшилашмоқда.

Лекин ўтган тўрт йил давомида, бу ўзбек, у қирғиз, деган гап-сўзлар, ажратишлар бор эди.

Барибир, ҳали-ҳануз ўзбеклар учун тижорат юритиш қийин. Албатта, ёнида битта қирғиз шериги бўлиши, ҳимояси бўлиши лозим.

Ана шундагина тижорат ўрнидан жилади.

Мен ўзим биламан, қанча одамлар бизнесини қайта очиб, синиб кетишди.

На солиқ, на бошқалар қўйишади. Ёптиришга мажбур қилишади.

Шу учун мен ҳали Ўшга қайтиб бориш ё бизнес қилиш ниятим йўқ.

Ҳали энди 5 йил бўлибди. Юракдаги қўрқув ва ваҳима, ишончсизлик ҳали кетмаган.

Ҳозир ўзбеклар учун у ерда ҳеч нимаси қолмади ҳисоб. Энди бир неча соатлик теледастур очишибди.

Одамлар мажбур параболик антенна сотиб олиб, Ўзбекистон телеканалларини томоша қилишмоқда.

Ўзбек мактаблари секин-аста ёпилмоқда. Ҳозир русча ё қирғизча ўқитишга ўтказишмоқда бу мактабларни.

Энди ўзбеклар ҳадеганда шаҳар марказига ҳам тушишавермайди.

Олдин кўпчилик марказий бозорларда ишлашни истарди, марказга талпинарди.

Ҳозир ҳамма ўзбек маҳаллаларида дўконлар ва расталар очиб олишган.

Одамлар шундоққина эшигининг тагида савдо-сотиқ қилишмоқда. Ташқарига чиқиб юришмайди.

Аввал марказий бозорлардаги аксар нуқталар ва расталар ўзбекларники эди. Аммо улар таланди ва вайрон қилинди.

Шу учун одамлар ўз мулкининг хавфсизлигига ишонмай қолган.

Ўзбек маҳалласида эса билишади, бу ер ўзининг ўзбегиники ва ҳеч ким мол-мулкини талон-тарож қилмайди.

Дилмурод Ҳайдаров, ҳуқуқшунос ва ишбилармон:

Тўполон бошланиб кетган пайти мен уйда эдим. Қарасак, Ўш тарафдан осмонга тутун ўрламоқда. Одамларнинг ва ўқларнинг садоси эшитила бошланди.

Одамларда ваҳима пайдо бўлди. Касалхонага борсак, у ерда ярадорлар кўп экан.

Бунақа провокация эҳтиросларни жунбушга келтириб, миллий низога айланиб кетмасин, деб маҳаллага келдим.

У ерда ишлайдиган қирғиз қизларини, қирғиз қўшниларимизни ўйладим.

Олтмиш нафарга яқин қирғиз қўшнилар ва қизларни қўшни қишлоқдаги қирғиз дўстимга эсон-омон олиб бориб топширдим.

Қирғиз дўстим эса ўзи қутқарган 15 нафарга яқин ўзбек қизини эсон-омон бизларга топширди.

Уларни соғ-саломат Ўзбекистонга ўтказдик.

Шунга қарамай, мени ва қатор бошқа болаларни қотилликда айблаб қамашди.

Анча вақт ҳибсда қолдик, бизни қийноқларга солишди.

Лекин ўзим ҳуқуқшунос бўлганим учунми, исботлай олишмайди.

Мен қутқарган қирғиз қизлар ҳам келиб, мени ҳимоя қилишди.

Хуллас, айбловлар исботини топмади ва биз оқланиб чиқдик.

Аммо бу билан тазйиқлар тугамади.

Мен бегуноҳ қамалган бошқа болаларни ҳам қутқариш йўлида саъй-ҳаракат қила бошладим.

Маҳкамада ҳам улар миллатчилик қилиб, фақат ўзбекларни қамашаётганини айтдим.

Айби исботини топмасдан, оқланиб чиққан баъзи болаларни қайтадан ҳибсга олишга ҳаракат қила бошлашди.

Мен тўрт йил курашдим ва устимиздан очилган иш асоссиз эканини исботлашга уриндим.

Тўғри, айбловларни олиб ташлашга мажбур бўлдилар.

Бироқ кейин ҳам менинг устимдан иш очишга ҳаракат қилаётганларини билдим.

У ерда бошқа курашиш ва ҳақиқатнинг тагига етишнинг иложи қолмаганини англадим.

Қолсам, бошқа бирон айб билан мени қамоққа ташлашарди. Оилам ва болаларим эса кўчада қолиб кетишарди.

Шу учун ҳам чиқиб кетдим.

Ҳозир ташқаридан туриб, ватанимдаги ноҳақ жабрланаётган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиш имконларим каттароқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ