Хитой Рамазон арафасида уйғурлар устидан назоратни кучайтирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хитойда уйғурлар дохил 20 миллионга яқин мусулмонлар яшайди

Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи арафасида Хитой уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасида назоратни кучайтирган.

Рейтер агентлигининг хабар беришича, сўнгги кунларда Хитойнинг давлат матбуоти ва ҳукуматга қарашли веб саҳифалар партия аъзолари, давлат хизматчилари, талаба ва ўқитувчиларни рўза тутмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Бу каби чекловлар ўтган йили ҳам кузатилганди.

Хитой ҳукумат веб-сайтида чоп этилган хабарга кўра, Қозоғистон билан чегарадаги Цзинхэ округида ўтган ҳафта озиқ-овқат хавфсизлиги мулозимлари минтақадаги ҳалол ресторан ва емакхоналарга Рамазон ойида одатдагидек ишлаш ҳақида кўрсатма беришган.

Расмий билдиришда айтилишича, Рамазон ойида очиқ турган ресторанларни озиқ-овқат хавфсизлиги назоратчилари томонидан текширишлар камроқ бўлади.

Бошқа давлат ва ҳукумат идораларида ҳам шунга ўхшаш йўриқномалар ишлаб чиқилган.

Хитой давлат матбуотининг хабар қилишича, Қошғарнинг Маралбаши туманида расмийлардан "динсиз эканликлари, диний маросимларда қатнашмасликлари ҳамда рўза тутмасликлари" ҳақида оғзаки ва ёзма тилхат олинган.

2013 йилда Маралбашида юз берган зўравонликларда 21 киши ҳалок бўлган эди.

Репрессив сиёсат

Муҳожиротдаги уйғур фаоллари Шинжондаги зўравонликлар Хитой ҳукуматининг репрессив сиёсати, жумладан, Ислом динига қарши чекловлар натижаси эканини айтишади.

Хитой эса минтақадаги зўравонликларда исломий экстремистларни айблаб келади.

Хитойда уйғурлар дохил 20 миллионга яқин мусулмонлар яшайди.

Шинжоннинг қарийб ярим аҳолиси туркий тилда сўзлашувчи маданий ва этник алоқалари Марказий Осиёга боғлиқ уйғурлардир.

Хитой ҳукумати Шинжонда радикал мусулмонлар томонидан ташкил қилинган уюшган террорчи гуруҳлар борлигини айтиб келади.

Расмий Пекин этник уйғурларга нисбатан тазйиқларини бўлгинчилик, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш билан оқлайди.

Уйғур фаоллари эса минтақада ҳукуматнинг шафқатсиз бошқарувидан норозиликларини билдиришади.

Шинжон бўлгаси пойтахти Урумчи ўтган асрнинг 90 йилларида этник зўравонликларга саҳна бўлган.

2009 йилда ҳам ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган тўқнашувларда расмий маълумотларга кўра, 200 одам ҳалок бўлган ва 1700 киши яраланган.

2009 йилда Урумчида йирик этник қатлам ҳисобланган мусулмон уйғурлари ва хитой ханлари ўртасида келиб чиққан тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

2011 йил июлидаги тўқнашувларда 32 киши ҳалок бўлган.

Амнести интернешэнл ташкилотига кўра, Хитой ҳукумати бу ҳодисага алоқадорликда 1000дан ортиқ киши, асосан мусулмон уйғурларни ҳибсга олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio