Толибон ‘Исломий Давлат’га: ‘Биз ва Афғонистондан нари туринг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон Толибон ҳаракати бундай даъват билан Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи лидери Абу Бакр ал-Бағдодийга тўғридан-тўғри йўллаган илк очиқ мактубида чиққан.

Толибон бутун ҳаракат номидан эканини билдирган бу мактубида дунёдаги энг қудратли бу жангари гуруҳдан “ўзлари ва Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслиги”ни сўраган.

Ўз навбатида, ҳаракат “Исломий Давлат” гуруҳини Афғонистондан ортиқ жангари ёлламасликка ҳам даъват қилган.

Бунинг ортидан эса, гуруҳни, агар, ўз даъватларига қулоқ тутмаса, қарши жавоб беришга мажбур бўлишлари билан огоҳлантирган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг Абу Бакр ал-Бағдодийга илк очиқ мактуби “Исломий Давлат” гуруҳи Покистонда ўзининг янги тармоғига асос солиб, собиқ толиблар ҳисобидан минтақада юзлаб жангарилар ёллаш ва Афғонистоннинг ҳар бир бурчагида фаоллашишга муваффақ бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, шу пайтгача Афғонистон Толибон ҳаракати ёки уларнинг ягона лидери ҳисобланган Мулла Муҳаммад Умар “Исломий Давлат” гуруҳининг минтақада фаоллашиш хатти-ҳаракатларига расмий шаклда бирор бир ошкора муносабат билдирмаган.

Уларнинг Абу Бакр ал-Бағдодийга йўллаган илк очиқ мактуби эса, “Исломий Давлат” Афғонистонга дастлабки қадамларини қўйгани аён бўлганидан саккиз ойча ўтиб ўртага чиқмоқда.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар эса, Афғонистон Толибон ҳаракатининг “Исломий Давлат” масаласида нега бунчалар “жим” эканини сабабини гуруҳ Яқин Шарқда асос солган исломий халифат ва унинг лидери Абу Бакр ал-Бағодийга “қонуний тус бермаслик” истаги билан изоҳлашганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS

Аммо, бошқа томондан, сўнгги пайтларда Афғонистондаги “Исломий Давлат” гуруҳи жангариларининг анъанавий равишда Толибон ҳаракатининг таянч нуқталари сифатида кўриб келинган ҳудудларга кўз тиккани, аллақачон толиблар билан қақшатқич жангларга киришиб кетгани ҳам аён бўлган.

Хабарларга кўра, рақиб томонлар бу каби жангларда аллақачон ўнлаб жангариларини ҳам бой бериб бўлишган.

Бу каби ҳолат охирги бир неча ойнинг ўзида Афғонистоннинг ҳам шарқий, ҳам ғарбий ва ҳам жанубий қатор вилоятларида кузатилган.

Устига устак, “Исломий Давлат” гуруҳининг минтақадаги илк лидерлари ҳам ўз вақтида Мулла Муҳаммад Умарга яқин бўлган юқори мартабали собиқ Толибон қўмондонларидан иборат.

Толибон ҳаракати эса, сўнгги ўн йилликларда минтақада етакчи жиҳодчи гуруҳ бўлиб келган. Миллатчи ғояга эга, асосини маҳаллий паштун қавмига мансуб жангарилар ташкил этишади. Афғонистон ва Покистондаги ҳар икки Толибон ҳаракати ҳам шу пайтгача эътиборларини фақат ўз давлатларига қаратишган ва у ерда ўз исломий халифаликларини барпо этишни мақсад қилишганди.

Айрим минтақавий таҳлилчилар наздларида, ўз қадамини Афғонистонга қўя олишида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига айнан, сўнгги йилларга келиб, Толибон ҳаракати сафларида кузатилаётган тарқоқликлар яхшигина қўл келган.

Жумладан, Толибон масалалари бўйича етакчи таҳлилчи Аҳмад Рашиднинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, “ Ҳозир ҳаракатга аниқ ким бошчилик қилиши номаълум. Мулла Муҳаммад Умар толибларни қанчалик ўз назорати остида тутиб тургани ҳақида ҳам бир нарса дейиш қийин”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“Чунки анча вақтдан буён унинг қораси кўзга ташланмай келади. Менимча, худди шу манзарада ғоялари бир-бирига тамом-тескари бўлган турли гуруҳлар саҳнага чиқишган. Шу сабабли ҳам, “Исломий Давлат” у ердан ўзига жангарилар ёллашга муваффақ бўлган”, - дейди таҳлилчи Аҳмад Рашид.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракатининг Абу Бакр ал-Бағдодийга йўллаган илк очиқ мактуби ҳам шахсан лидери Мулла Муҳаммад Умар томонидан эмас, унинг муовини Мулла Ахтар Мансур томонидан имзоланган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар баҳосида анчайин дипломатик тилда битилган бу мактубда Толибон ҳаракати “Афғонистондаги америкалик ишғолчилар ва уларнинг қулларига қарши жиҳод ягона байроқ, ягона раҳбарият ва якто қўмондонлик остида бўлиши шарт”лигини ҳам урғулаган.

Бунга шаръан фақат ўзлари ҳақли эканликлари ва Афғонистонда ўзларига ҳамоҳанг равишда яна бир бошқа гуруҳнинг фаолият юритишига ҳожат кўрмасликларини ҳам баён қилган.

Араб, дари (форс), паштун ва урду тилларида битилган очиқ мактубнинг ўзи эса, турли оммавий-ахборот воситаларига ҳаракатнинг расмий воизи томонидан тарқатилган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, бу мактуб, бошқа томондан, қолган толибларни “Исломий Давлат” сафларига ўтишдан қайтаришни ҳам мақсад қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Уларнинг айтишларича, айнан Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг Афғонистондаги фаоллашуви охирги пайтларда Толибон ҳаракатининг тинчлик музокараларига анчайин мойиллик кўрсатаётгани воқеълиги ортида турган асосий омил ҳам бўлиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, ҳатто, “Исломий Давлат” гуруҳининг ҳозирча оз сондаги ҳозирлиги ҳам Афғонистон Толибон ҳаракатини аллақачон яхшигина хавотирга солаётган бўлиши мумкин.

Уларнинг бугунги таҳлилларига таянилса, ҳаракатнинг Абу Бакр ал-Бағдодийга йўллаган илк очиқ мактуби, ўз ўрнида, худди шу нарсага ҳам далолат қилаётган бўлиши анчайин ҳақиқатга яқин.

Аммо халқаро ҳарбий таҳлилчилар орасида бу икки йирик жангари гуруҳнинг бу яқин келажакда ораларидаги ғоявий зиддиятга барҳам бериб, ягона глобал жангари тармоққа айланишлари эҳтимолини назардан соқит этмаётганлари ҳам йўқ эмас.

Афғонистондаги воқеаларнинг ҳозирги ва келаси йиллардаги эҳтимолий ривожидан эса, барча минтақа давлатлари бирдек хавотирда.

Чунки яқинда "Исломий Давлат"га расман байъат келтирган ва ўз вақтида Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат берилаётган юзлаб хорижий жангарилар аллақачон Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни шимолий-шарқий минтақаларида маҳаллий толиблар кўмагида қақшатқич жанглар олиб боришга муваффақ ҳам бўлишган.

Шундай экан, таҳлилчилар бераётган бу каби баҳолар қанчалик ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин? Суҳбатдошимиз Биби-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий:

Жавоб: Менимча, бу очиқ мактубга охирга пайтларда Афғонистонда маҳаллий толиблар ва Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодийга расман байъат келтирган жангарилар ўртасидаги жангларнинг кучайиб бораётгани сабаб бўлган. Чунки биз сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг қатор вилоятларидан шунга ўхшаш хабарлар олмоқдамиз. Шарқий Нангарҳор, ғарбий Фарох ва жанубий Ҳелманд вилоятларидаги жанглар бунга мисол. Бу жангларда ҳар икки томондан ҳам ўнлаб жангариларнинг қурбон бўлишгани айтилади. Тўғри, жорий пайтда "Исломий Давлат"нинг Афғонистондаги ҳозирлиги у қадар катта эмас. Лекин, шунга қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракати, афтидан, “Исломий Давлат” гуруҳи ва улар етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий бизни парчалаб, янги гуруҳга асос солмоқчи, деган хавотирда. Менимча, ҳаракат худди шунинг учун ҳам очиқ мактуб йўллаб, улардан бундай қилмасликни сўраган. Акс ҳолда бу каби амаллари Афғонистонда жиҳодий ҳаракатга раҳна солиб, уни заифлаштириши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Савол:Толибон ҳаракати ва етакчиси Мулла Муҳаммад Умар шу пайтгача Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг Афғонистонда фаоллашиш ҳаракатларига бу каби очиқча муносабатини билдирган эмасди. Энди, сизнинг назарингизда, Афғонистон дохил қатор минтақа давлатларини ҳам ўз ичига олувчи башарий исломий халифат қуриш ва қадим Хуросонни қайта тиклаш режасида бўлган "Исломий Давлат” гуруҳининг бу очиқ мактубга муносабати қандай бўларкин?

Жавоб: Тўғри, бу - Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўзига тўғридан-тўғри йўлланган, шахсан унинг ўзидан Афғонистон ва ўз ишларига аралашмасликлари сўралган биринчи очиқ мактуби бўлади. Аммо, шунда ҳам, биргина шу очиқ мактуб сабаб, "Исломий Давлат" ўзининг сиёсати ва умумий стратагиясини ўзгартиради, деб айтиш фикридан йироқман. Чунки "Исломий Давлат" Абу Бакр ал-Бағдодийни якто ва ҳақиқий халиф, деб билади. Ўзини эса, бутун Ер юзидаги мусулмонларни намоён этувчи ягона ҳаракат сифатида кўради ва худди шу боис ҳам, қолган мусулмонларнинг ўз сафларига қўшилишларини истайди.

Савол:Биринчи бор йўлланаётгани ва қанчалик аҳамиятли, деб кўрилаётганига қарамасдан, очиқ мактуб Афғонистон Толибон ҳаракати етакчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг шахсан ўзи томонидан имзоланмаган. Шундай экан, бу нимага далолат қилади? Ёки, сизнингча, Мулла Муҳаммад Умар бу иш очиқ мактубларининг аҳамиятини "Исломий Давлат" кўз ўнгида қанчалар пасайтириб юбориши ҳақида ўйламаганми?

Жавоб: Мулла Муҳаммад Умарнинг тақдири, фаолияти, қаерда экани борасида аниқ маълумотлар йўқ. Агар, толибларнинг ўз сўзларига таянилса, етакчилари соғ-омон, жиҳодий ҳаракатлари ва ўзларига йўлбошчилик қилишда давом этмоқда. Ҳамда бутун Толибон ҳаракатига масъулият шахс ҳам ҳамон унинг ўзидир. Шундай экан, ҳаракатнинг бу каби жиддий қарорларни унинг розилигисиз, иштирокисиз бериши мумкин эмас. Чунки очиқ мактуб - "Исломий Давлат" масаласида Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан қўйилган йирик қадам бўлади. Шу боис ҳам, бу масалада унинг маъқулловисиз, ҳеч ким бу ишга қўл уролмасди. Менимча, шахсан ўзи томонидан имзоланмаган бўлса ҳам, бу мактубда Мулла Муҳаммад Умарнинг истак ва хоҳишлари, албатта, ўз ифодасини топган.

Би-би-сининг очиқ мактублари хусусида Афғонистон Толибон ҳаракатининг ўзидан расмий изоҳ олиш уринишлари эса, ҳозирча, ўз самарасини бермаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ