Тожикистон чегарасидаги вазият Россия ва Хитойга ҳам таҳдид...

Аксарият аъзолари марказий осиёлик жангарилардан иборат ва афғон ҳукумат кучларига қарши жанг олиб бораётган турли ноқонуний исёнчи гуруҳлар нафақат минтақа давлатларига реал хавф туғдириши, балки-да, қуролли низоларга Россия ва Хитойни ҳам тортишлари мумкин.

Бу ҳақда Тожикистон президентининг Хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Шерали Хайруллоев МДҲ давлатлари Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг Душанбеда бўлиб ўтаётган йиғини чоғида билдирган.

Расмий Душанбе сўнгги пайтларда Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош қатор шимолий-шарқий вилоятларида турли экстремистик гуруҳларнинг фаоллашганидан жиддий хавотирда.

Жумладан, Қундуз вилояти Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган.

Толиблар “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” аъзолари экани гумон этилган юзлаб хорижий жангарилар билан бирга вилоятнинг Тожикистонга бевосита чегарадошлари дохил тўртта туманида бир неча ҳафталик қақшатқич жанглар уюштиришга муваффақ бўлишган.

Шу кунларда эса, яна аксарияти марказий осиёлик экани айтилаётган чет эллик жангарилар бошчилиги остида Бадахшон вилоятининг Тожикистонга шундоққина қўшни Юмгон туманини буткул босиб олишган.

Тожикистон махсус хизматларининг маълумотларига кўра, Афғонистон билан ўзаро чегарада ҳозир икки мингга яқин Толибон ва “Исломий Давлат” жангарилари тўпланишган.

Бу икковлондан ташқари, яна бу ҳудудларда асосини марказий осиёлик жангарилар ташкил этувчи “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”, “Ансуруллоҳ” ва “Жамаат-Таблиғ” дохил ўнлаб қуролли гуруҳларнинг ҳам яшириниб юришгани айтилади.

Расмий Душанбе наздида мақсадлари Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини ағдариш бўлган ушбу экстремист гуруҳлар, айниқса, минтақа учун катта хавф туғдиради.

Чегара яқинидаги жанглар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бадахшоннинг шундоққина Тожикистоннинг биқинидаги қатор туманларида жанглар кечаркан, маҳаллий аҳоли қарши томондан отишма садолари қулоқларига чалиниши ва айрим ҳолларда жангариларнинг ўзларига ҳам кўзлари тушишини айтишади.

Аввалроқ Афғонистон хавфсизлик хизматлари Бадахшоннинг айнан шимолий туманлари 30 фоиздан 70 фоизгача афғон ҳукуматига қарши кучлар назорати остида эканини баён қилишганди.

Бундан ташқари, улар Афғонистон шимолида “Исломий Давлат” жангарилари ҳам пайдо бўлаётгани, Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юришгани ва Ўзбекистон чегараси яқинида фаоллашиш ҳаракатида эканликларини айтишганди.

Тожикистон Афғонистон билан 1350 чақиримга узанган ўзаро чегарага эга.

Устига устак, бу давлат чегараси чиқиш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтади, шу боис ҳам унинг ҳимояси анчайин қийинчилик туғдиради.

2013 йилда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти тожикистонлик чегарачиларга техник ёрдам беришга қарор қилишган.

Аммо, расмий Душанбега кўра, ҳалиям ташкилот аъзолари ваъда қилган кўмакдан дарак йўқ.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати чегарачилари ҳисобидан россиялик ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳини кучайтириш ёки тожик-афғон чегарасига Россия чегарачиларини қайтариш масаласи эса, ҳозирча, кун тартибига чиқмаган.

Лекин шундоққина биқинида кечаётган сўнгги жанглар манзарасида Тожикистон ўзининг мустақиллик тарихида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл ургани, Афғонистон билан чегарасида иккинчи ҳимоя чизиғини пайдо қилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ