Путин: 'Қирғизистон Россиянинг муҳим иттифоқчиси'

Image caption Атамбаевга кўра, Қирғизистон 1 июлдан Овросиё Иқтисодий Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўлади

Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон Россиянинг Марказий Осиёдаги муҳим иттифоқчиси эканини айтган.

Бу ҳақда Путин Санкт-Петербург иқтисодий форумида қатнашган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув чоғида гапирган.

"Ҳойнаҳой, Қирғизистон Россиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори ва иттифоқчичи экани ҳақида гапиришга ҳожат бўлмаса керак", - дея таъкидлаган жаноб Путин.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россия ва Қирғизистон Овросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик билан боғлиқ муҳим қарор қабул қилиш арафасида турибди.

"Биз ўз томонимиздан барча расмий процедураларнинг энг яқин вақт ичида ниҳоясига етказилиши учун қўлимиздан келганини қиламиз. Ўйлайманки, Қирғизистон ҳам шундай қилади", деган Путин.

Бунга жавобан Президент Атамбаев Қирғизистон Россиянинг минтақадаги нафақат энг муҳим, балки "энг ишончли" ҳамкори ҳам эканини таъкидлаган.

"Россия бизнинг энг муҳим, энг яқин стратегик ҳамкоримиздир", - деган қирғиз раҳбари.

Унга кўра, Қирғизистон 1 июлдан бошлаб Овросиё Иқтисодий Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўлишга ҳозирлик кўрмоқда.

Россия, Беларус ва Қозоғистон аъзоси бўлган Овросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақидаги битим шу йил 1 январидан кучга кирган.

Москва Овросиё иқтисодий иттифоқи ягона бозор яратиш ва иштирокчи давлатларнинг иқтисодий сиёсатларини бирлаштиришга ёрдам беришини айтган.

Бу йилги Санкт-Петербург Иқтисодий Форуми Россия ғарбнинг иқтисодий жазо чораларига юз тутган тутган пайтга тўғри келган.

Президент Путин ғарбнинг санкциялари Россия иқтисодига зарба берганини тан олган, аммо "чуқур инқироз" ҳақидаги башоратлар юзага чиқмаганини айтган.

"Бир йил давомида жаҳон ва Россияда иқтисодий вазият ўзгарди. Россиянинг жаҳон молия бозорига чиқиши чекланди, бизнинг асосий экспортимиз бўлган нефт ва газ нархлари тушди...Бизга чуқур инқирозни башорат қилишганди. Бу амалга ошмади", - деган Президент Путин.

Кузатувчиларга кўра, бу йилги форум иштирокчилари орасида жаҳондаги йирик ширкатларнинг ижрочи бошқарувчиларидан кўра собиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари кўпчиликни ташкил этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio