Тожикистон: 'Исломий партия аъзолари босим остида'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистон Ислом Уйғониш партияси Марказий Осиёдаги ягона расмий диний партиядир

YouTube порталида Тожикистон мухолифатидаги Ислом Уйғониш партияси қатор аъзолари ҳизбни тарк этаётгани акс этган видеоёзувлар пайдо бўлган.

Жумладан, партиянинг Суғд вилояти бўлими раҳбари Муллоаббос Ражабзода ҳамда туманлардаги қатор фаол вакиллар ўз истеъфоларини эълон қилишган. Шунингдек, улар Тожикистонда диний бир фирқага эҳтиёж йўқлигини ҳам айтишган.

Айни пайтда Ислом Уйғониш партияси Суғд вилоят бўлими 20 июндан бошлаб ишини тўхтатган.

Шу муносабат билан Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосари Муҳаммадали Ҳайит Душанбе шаҳрида матбуот анжумани ўтказган.

Муҳаммадали Ҳайит Тожикистон ҳукумати, ҳуқуқ-тартибот органларини Ислом Уйғониш партияси раҳбарлари ва аъзоларига жиддий босимлар ўтказишда айблаган ҳамда юз бераётган ҳодисалар ана шу босимлар натижаси эканини айтган.

Душанбедан журналист Мардон Муҳаммадга кўра, мазкур ҳолат илк бор кузатилаётгани йўқ ва сўнгги икки йил асносида Ислом Уйғониш партиясини кўплаб аъзолари тарк этишган.

"Агар 2010 йилда Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзолари сони 45 минг кишини ташкил этган бўлса, ҳозир партия сафида қанча одам қолгани маълум эмас", дейди журналист.

Партия раҳбари қаерда?

Image caption Муҳиддин Кабирий март ойидан бери Тожикистонда эмас

Мардон Муҳаммадга кўра, ТИУП раҳбари Муҳиддин Кабирий март ойидан бери мамлакатда эмаслиги, партия аъзолари руҳиятига ҳам таъсир кўрсатган кўринади.

Норасмий манбаларда Кабирий жаноблари ҳозир Туркияда экани айтилади.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси расмий баёнотида Муҳиддин Кабирий муолижа қабул қилиш учун Тожикистон ташқарисида қолаётгани билдирилади.

"Лекин, мустақил кузатувчиларнинг фикрича, агар Муҳиддин Кабирий Тожикистонга қайтса, унга қарши жиноий иш очилиши мумкин. Ҳатто, унинг ҳаётига хавф борлиги ҳам айтилади. Ўтган ҳафта Тожикистондаги расмий нашрлардан бири "Жумҳурият" Кабирий жанобларига қарши баъзи айбловлар илгари сурилган мақола чоп қилган. Мақолада Кабирий жаноблари уй-жой учун ажратилган ерларни ноқонуний тарзда сотиш каби амалларга қўл урганликда айбланади", дейди журналист Мардон Муҳаммад.

Миллий ярашув куни

27 июн куни Тожикистонда Миллий ярашув куни расман нишонланади.

Маълумки, 1997 йил 27 июн куни Москвада Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Тожикистон мухолифати етакчиси Саид Абдулло Нурий миллий ярашув битимини имзолаган эди.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси эса, ушбу кун муносабати билан ўтказиладиган тадбирда иштирок этмаслигини айтган.

"Маълумки, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ҳукумат ва мухолифат томонидан имзоланган битимнинг бир томонидир. Партия миллий ярашув битими имзоланганидан бери илк бор расмий маросимда иштирок этмаслигини айтгани тожик жамиятида турли фикру мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда," дейди Мардон Муҳаммад.

Тожикистонда беш йил давом этган ички уруш пайти 100 мингга яқин инсон ҳаётдан кўз юмган.

Бир ярим миллионга яқин одам эса, ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio