Тошкентда ўзбек-тожик музокаралари бошланмоқда

Тожикистон Бош вазирининг ўринбосари Давлатали Саидов бошчилигидаги ҳайъат ўзбек-тожик ҳукуматлараро комиссиясининг мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга йўл олган.

Душанбедаги манбаъларнинг билдиришича, бу сафарги музокараларда Тожикистон томонини 18 нафар вазир ва идоралар раҳбарлари тамсил этади.

Кузатувчиларга кўра, бу сўнгги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюраётган энг юқори даражадаги ва энг тўлақонли тожик ҳукумат ҳайъатидир.

Сўнгги пайтларда икки томон ўртасидаги дипломатик борди-келдиларнинг жонлангани кузатилади.

Ўтган ой Ўзбекистон ички ишлар вазири охирги 17 йил мобайнида илк бор Тожикистонга сафар қилган эди.

Ўтган ҳафта эса Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати Чегара қўшинлари штаби бошлиғи Носирбек Усмонбеков Душанбедаги МДҲ чегара қўмондонлари кенгашининг мажлисида иштирок этган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Тожикистон билан муносабатлари совуқ бўлиб келган, бунга асосий сабаб Тожикистоннинг зиддиятли Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш ҳаракатлари сабаб, деб ишонилади.

Бунга жавобан расмий Тошкент қиш мавсумида Тожикистонга газ таъминотини тўхтатиб қўйган ва Тожикистон юкларининг чегарадан ўтишига тўсқинлик қилган.

Аммо узоқ совуқликдан сўнг, икки ўртадаги музларнинг эрий бошлагани кузатилмоқда.

Хабарларга кўра, икки томонлама савдо ҳажми кўпайишни бошлаган ва ўзбекистонлик тужжорлар Тожикистондан шериклар қидиришмоқда.

Газ, сув ва ҳаво

"Азия Плюс" агентлигининг Тожикистон ҳукуматидаги манбаъдан иқтибос келтиришича, Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги ўзбек ҳукумат ҳайъати Тошкентдаги музокараларда икки давлат ўртасидаги виза тартибини муҳокама қилмаслигини билдирган.

Тожик тарафи газ таъминотига доир келишувга умид қилаётгани айтилмоқда.

Тожикистон ҳукуматидаги манбаъ, шунингдек, икки давлат пойтахтлари орасида 1992 йилда тўхтаб қолган ҳаво қатновини, ниҳоят, қайта бошлаш борасида ниҳоий келишувга эришишларига ишончи комил эканини айтган.

Айни пайтда музокаралар натижасида аниқ битимларнинг имзоланиши кутилмаётгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, музокараларда Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш масаласи ҳамда икки ўртадаги маданий алоқалар ҳам муҳокама этилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio