Янукович: Мен қон тўкилишининг олдини ололмадим

Image caption "Мен кетмаганимда бутун Украинада уруш бўларди..."

Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович илк бор Ғарб матбуоти билан суҳбатлашган. Би-би-си мухбири билан Янукович Россияда учрашган. Би-би-си Виктор Янукович билан суҳбатда унинг айтганларини ўз ҳолича қолдиришга ҳаракат қилди. (Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатни қисқартириб нашр қилмоқда) Суҳбатдош Габриел Гейтҳоуз.

Би-би-си: Яқиндагина Сизни Украина президенти деган мақомдан айиришга ҳақида янгилик тарқалди. Бунга муносабатингиз?

Виктор Янукович: Биринчидан, бу мутлақо ноқонуний бир амалдир, Украина конституцияси ва қонунларига зид...Ҳозирги оғир вазиятда Украина ҳукумати мана шунақа масалаларга эътибор қаратар экан, улар мени қудратдан ноқонуний четлатишганини тушуниб етишганидан далолат беради, эндиликда, улар ўз амалларини оқлаш учун йўл қидиришмоқда. Уларни шу безовта қилмоқда. Аслида эса ҳукуматни қандай қилиб урушни тўхтатиш, иқтисодни кўтариш ва ислоҳотларни амалга ошириш безовта қилиши керак...

Би-би-си:Бу ҳақда сал кейинроқ гаплашамиз…Сиз Россияга келганингизда, бир кун ватанга қайтаман деб айтгандингиз, ҳали ҳам шундай умиддамисиз?

В.Я: Бугун бу ҳақда ўйлаш учун мен жиддий бир сабаб кўрмаяпман…Албатта, қайтишни истайман. Ҳар қандай нормал бир инсон ватанга қайтишни истайди. Мен нима учун мени ватанимдан айришганини тушунмайман.

Би-би-си: Сизнингча,украиналиклар қайтишингизни исташадими?

В.Я: Мен ўз фаолиятим давомида…яъни, Украина учун масъул бўлган давримда ҳар бир ташлаган қадамим учун ҳисоб беришга тайёрман. Мен Украинани тарк этганимда у ерда тинчлик ҳукмрон эди. Мен урушга йўл қўймадим. Бир доллар 8 гривна эди. Ўз вақтида маош бериларди. Украина барбод бўлди. Биз келажак ҳақида ўйлардик. Хўш, кейин нима бўлди? Энг ёмон вазият юзага келди. Бу даҳшатдир. Фақат тушга кирадиган бир даҳшат…Аслида эса даҳшат ўнгимизда рўй бермоқда. Уруш давом этмоқда, одамлар қурбон бўлишмоқда, азоб чекишмоқда ва мамлакат бўлинган бир аҳволда…

Отишга ким буйруқ берган?

Би-би-си: Украинада сизни Майдондаги оммавий қотилликларга алоқадорликда айблашади. Сиз Украинага қайтиб, маҳкама қаршисида жавоб беришга тайёрмисиз?

В.Я: Мен Бош прокуротурага мурожаат қилдим. Бу каби ҳужжатлар бўлса ошкор қилинг оммага дедим. Чунки жамоатчиликнинг хабари йўқ. Чунки ҳеч қанақа текширув бўлаётгани йўқ. Бир ярим йил ўтди. Қайтага Майдонда рўй берган барча жиноят изларини йўқ қилиш ҳаракатига тушишган…Бугун украиналиклар аслида Майдондаги қотилликлар президентнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам манфаатида бўлмаганини тушуниб етишди. Бу қотилликлар радикалларга керак бўлган. Ўша жиноятчилар ҳокимиятни мана шу йўл билан олишни исташган…

Би-би-си: Аммо Майдондаги намойишлар даврида барибир куч ишлатилди, Сиз президент ва Бош қўмондон ўлароқ, жавоб беришингиз керак деб ҳисоблайсизми?

В.Я.: Албатта. Мен масъулиятни ўзимдан соқит қилмайман. Менинг олдимда уч йўл бор эди. Улардан бири ўзимга садоқатли кучлар, жумладан ҳарбийлар ёрдамида ҳам мамлакат ва ҳам ўзимни ҳимоя қилиш йўли эди…Бу эса фуқаролар урушини бошлаш дегани эди.

Би-би-си:Сиз бундай бир қадам ташлашга тайёрмидингиз?

В.Я.: Мен бунга бормасдим. Бу ҳақда кўп айтганман. Мен қон тўкилишига мутлақо қарши эдим. Мен ҳеч қандай ҳокимият қон тўкилишига арзимайди деган фикрдаман. Мен Украинада уруш бўлмаслиги учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим.

Би-би-си: Аммо биз барибир Ички ишлар вазирлиги қўшинлари қуролсиз инсонларни ўққа тутганини кўрдик. Бош қўмондон ўлароқ, Сиз бунга жавоб беришингиз керак.

В.Я.: Биласизми, ҳуқуқ-тартибот ходимлари орасидан ҳам қурбонлар кўп эди…Уларни ҳам ўлдиришди. Аммо ўтган бир ярим йилдан бери, афсуски, ҳукумат бу қотилликларга ақалли иш очмади. Ким бу формадаги одамларга ўқ узганди? Улар ҳукумат биноларини қўриқлаётганди, ўз вазифасини бажараётган эди…Шунақа бир ҳолат бирор Ғарб мамлакатида бўлиши мумкинмиди? Ёки Америкада? Лекин бир қаранг, уларга қарши «Молотов» коктейллари отишганида хавфсизлик кучлари қанча тоқат қилишди…

Би-би-си: Сизнингча, ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши ўқ узганларни жавобгарликка тортиш керак…

В.Я.: Албатта, адолатли текширув ўтиши керак.

Би-би-си: Агар шундай бўлса…Сиз ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан отиб ташланган одамлар учун масъулиятни ўз зиммангизга оласизми?

В.Я.: Менда бунақа фактлар йўқ. Менда одамларни отишга ким буйруқ бергани ҳақида маълумот йўқ. Мен бунга қарши эдим. Орадан бир ярим йил ўтди. Яна қайтараман, текширувларни нима учун чўзишмоқда? Ҳозирги ҳокимиятда текширувлар ўтказиш ва маҳкамага тақдим учун барча имкониятлар бор, нима учун пайсалга солмоқда?

Би-би-си: Сиз президент сифатида отишга рухсат берганмидингиз?

В.Я.: Мен ҳеч қанақа буйруқ берганим йўқ. Бу менинг ваколатимга кирмайди ҳам…Иккинчидан, мен очиқчасига куч ишлатишга, қон тўкилишига қарши эканимни айтиб келганман. Аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўз вазифаларини қонун доирасида бажаришга масъул бўлишган. Улар қонунда кўрсатилган вазият юзага келганида қурол қўллашга ҳақлари бор. Улар қуролни қайси вазиятда ишлатиб, қайси вазиятда ишлатишмаган, бу тўғрида менда маълумот йўқ.

Путин билан алоқалар

Би-би-си: Майдондаги вазият юзасидан Россия билан алоқада бўлганмисиз?

В.Я.: Нафақат Россия, балки Оврўпо Иттифоқи билан ҳам доимий алоқада бўлганман. Америка билан ҳам…Улар вазият билан қизиқишарди. Нима бўлаяпти, қандай бўлаяпти…

Би-би-си: Россия томонидан махсус хизматлар, маслаҳатчилар бўлгани ҳақида айтишганди…

В.Я.: Ҳеч қанақа махсус хизматлар бўлмаган, ҳеч қаердан...Оврўподан ҳам, Америка ва Россиядан ҳам...

Би-би-си: Путин билан гаплашганмисиз?

В.Я.: Гаплашганман.

Би-би-си: Тез-тез гаплашиб турардингизми?

В.Я.: Икки уч марта гаплашган бўлсам керак…

Би-би-си: Нима деганди?

В.Я.: Қизиққан эди…

Би-би-си:Табиийки…

В.Я.:Ҳа, қизиққан эди, аммо тафсилотлари эсимда йўқ…

Би-би-си:Нима маслаҳат берганди?

В.Я.: Шу…қанақадир молиявий ёрдам керакми? Ўша пайт биз кўплаб давлатлар раҳбарлари билан алоқада эдик. Россия ҳам мустасно эмас…

Би-би-си: Айтишларича, Путин Сизга «мамлакатни тарк этмаслик керак» деган экан…

В.Я.: Менда… У ўз фикрини айтганди мен Харьковдан сим қоққанимда…

Би-би-си: Нима деганди?

В.Я.: Нима учун Харьковдасиз деб сўраганди. Мен бу ишчи сафарим эди…Харьков депутатлари қурултойига келдим, Кейин Донецкка бораман, сўнг Қримга дедим. Шундай режаланганди. У эса менга ҳозирги вазиятда Киевдан кетиш хатарли деб айтди. У ўз фикрини айтган эди.

Би-би-си:Сиз нима деб жавоб бердингиз?

В.Я.: Тафсилотларини билмайман, аммо унга иш юзасидан кетганимни айтдим. Аммо Путин билан суҳбатдан кейин менинг қароргоҳимга қуролли ҳужум бўлгани ҳақида эшитдим…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ