Сталинни суд қилишмоқчи...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Сталин қайтмоқдами?

Жамоатчилик Трибунали лойиҳаси Иосиф Сталинни зиёлилар Конгрессида маҳкамага тортишни режалаган.

Россия бўйлаб Сталин шахсига сиғиниш масаласи яна жонланиб борар экан, бу марҳум диктаторни маҳкамага тортиш ташаббускорларини безовта қилмоқда…

Зиёлиларга кўра, Сталин «миллионлаб инсонларнинг ўлимида айбдор бўлган сиёсий жиноятчидир».

"Сталиннинг руҳи қабрдан чиқиб, яна қон талаб қилмоқда», дейди ҳуқуқшунос Иля Шаблинский.

Россиядаги энг фахрий дисседентлардан саналган Сергей Ковалёв ҳам Сталинни маҳкамага тортиш ташаббускорларидан бири…

"Иосиф Виссарионивич ҳаёт бўлганида жамоатчилик маҳкамасига тортилишга қаршилик қилмас эди», дейди Леонид Жура.

Леонид Жура «Сионистлар Сталинга қарши» номли китоб муаллифидир…

Ҳечдан кўра, кеч яхшими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Либосларга қайтгани аниқ...

Сталин устидан маҳкама бундан 30 йил аввал ўтиши керак эди дейилади мурожаатномада.

Аммо, ташаббускорларга кўра, Россияда жамоатчилик яна «кечикмоқда»…

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Иля Шаблинскийга кўра, табиийки, Сталинни жиноий жавобгарликка тортишнинг имкони йўқ.

" Фақат… биз доим Сталиннинг хатолари учун қанчалар даҳшатли товон тўлаганимизни эслаб, эслатиб туришимиз керак», дейди ҳуқуқшунос.

"Жамоатчилик трибунали Тергов қўмитасига Сталин устидан жиноий иш очиш таклифи билан мурожаат қилиши мумкин».

Шаблинскийга кўра, айни трибунал жамоатчилик кўз қарашига таъсир қилиш йўлларидан биридир…

"Расман Сталин устидан маҳкама ўтиши, табиийки имконсиз», дейди Би-би-си билан суҳбатда машҳур ҳуқуқбон Сергей Ковалёв.

Сталин авлодининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган Леонид Журага кўра, унинг ўзи ҳам бир неча йил аввал мана шундай «жамоатчилик маҳкамаси» ўтказилиши ташаббуси билан чиққан.

Сталин ўз номини турфа миш-мишлару туҳматлар, ҳамда эртаклардан оқлаб олиши учун ҳам, ҳимоячига кўра, бу каби маҳкама ўтишини олқишлаган бўларди.

Айбловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қримга қайтгани ҳам...бор гап!

Ташаббускорлар Сталин устидан маҳкама бугунги кунда жуда долзарб эканлигини урғулашади.

Уларга кўра, ҳозирги ҳокимият мамлакатни «ҳокимиятни алмисоқдан қолган усулда бошқариш»га қайтиришни исташади.

Ташаббускорларнинг айтишларича, ҳамма ҳаракат бутун қудратни бир шахс илкида йиғишга қаратилган.

Дунёнинг аксар мамлакатлари диктаторлик йўлини тарк этаётган бир пайтда, уларнинг ишонишича, Россия тескари томон ҳаракатланмоқда.

Қонли урушдан 70 йил ўтиб Сталинни яна ғолиблар қаторига қўшишмоқда, аслида эса, ташаббускорларга кўра, бу урушдаги ғалабада Сталиннинг хизмати йўқ.

Профессор Шаблинскийга кўра, айни маҳкама жараёнида сўз Сталиннинг деҳқонларга нисбатан жинояти ҳақида бориши керак.

Чунки айни масала энг оз ўрганилгандир.

"Бир қатор кампаниялар кечган. Одамларни жисмонан йўқ қилишган. «Коллективлаштириш», «қулоқлаштириш», «нон тайёрлаш» ана шулар жумласидандир», дейди Шаблинский.

Унинг айтишича, Сталин Гитлер билан келишувга рози бўлгани ҳам маҳкамага лойиқ жиноятдир.

«Молотов-Риббенроп» пакти ҳалокатли бир хато эди, аммо аксарият россияликлар буни Сталин дипломатиясининг ютуғи деб билади».

Леонид Жура эса Шўро-Олмония шартномаси Сталиннинг дипломатик жасоратидан далолат беради.

Унинг назарида Полшага 1939 йил 16 сентябрида ҳеч қандай ҳужум бўлмаган, «очлик ва қаҳатчилик» ҳам уйдирмадир.

Иля Шабалинский эса Путин 2009 йилда Бош вазирлик лавозимида вақти айни шартномани «аҳлоқсизлик» деб атаганига ишора қилади.

Шаблинскийнинг эслатишича, 2015 йилга келиб президент Путин худди шу Шўро-Олмон шартномасини « Шўролар Иттифоқи хавфсизлигини таъминлаш учун» имзоланган дея таъриф беради…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ