Толибон пистирмасида 11 Афғон аскари ўлдирилган

Толибон жангарилари Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида пистирма уюштириб камида 11 Афғон армияси ҳарбийсини ўлдирганлар.

Ҳирот полициясидан хабар қилишларича, автомобиллар карвони 28 июн тунида Харух тумани ҳудудидан ўтаётганда ҳужумга учраган.

Афғонистондаги “Толо” ахборот агентлиги хабар қилишича, Толибон ҳужум рўй берган жойдан аскарларга тегишли қурол-яроғни олиб кетган.

Камида олти аскар жароҳатлангани хабар қилинган.

Толибон талофати борасида ахборот йўқ.

Ушбу пистирма ўтган ҳафтада шимолий Қундуз вилоятида жангарилар билан бўлиб ўтган жанглар ортидан уюштирилган.

Мухбирларнинг ёзишларича, бу йил Афғонистонда зўравонликлар сони олдинги йилларга солиштирганда ортган.

Афғон хавфсизлик кучларининг бутун мамлакат бўйлаб бир неча жабҳаларда жангларга киришишига тўғри келган ва талофотлари сони ҳам аввалги йилларга қиёслаганда кўпайган.

НАТО кучларининг Афғонистондаги 13 йиллик жанговор амалиётлари расман 2014 йил декабрида якунланган.

Мамлакатда фақат кам сондаги хорижий қўшинлар қолган.

Уларнинг вазифаси Афғон хавфсизлик кучларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва баъзан қўллаб-қувватлашдан иборат.