Тожикистонда тақиқланган вебсайтлар рўйхати эълон қилинди

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда тақиқланган вебсайтлар рўйхатини эълон қилган.

Вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинган рўйхатдан асосан фаолияти тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар ва жангари гуруҳларга нисбат берилган веб саҳифалар ўрин олган.

Рўйхатга Ҳизбу Таҳрир, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Толибон, Қафқос амирлиги, "Мусулмон биродарлар", "Исломий давлат" гуруҳларига тегишли вебсайтлар билан бир қаторда уларнинг Фэйсбукдаги саҳифалари ҳамда видео архивлари жойлаштирилган интернет манзиллари ҳам киритилган.

Тақиқланган вебсайтларнинг рўйхати Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали қўмондони "Исломий давлат" сафларига қўшилганини эълон қилиши ортидан пайдо бўлмоқда.

Шу йилнинг 28 май куни эълон қилинган видеода тожик махсус милиция отряди-ОМОНнинг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов ўз қарорини намоз ўқиш ва исломий кийимда юришга рухсат бермаётган тожик ҳукуматининг амалларига норозилик билан изоҳлаган.

У Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги собиқ ҳамкасбларини ҳам "ИД" сафларига қўшилишга даъват қилган.

Тожик расмийлари Гулмурод Ҳалимов "Исломий давлат" сафларига қўшилишидан олдин интернетда ушбу ташкилот борасида маълумот тўплаганини айтишган.

Видео чоп этилган кун Тожикистонда YouTube ва бошқа қатор ижтимоий тармоқ сайтлари ёпилиб қолган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Суриядаги қуролли тӯқнашувларда террорчи ва экстремистик гуруӽлар таркибида 200 нафардан ортиқ тожикистонлик иштирок этмоқда.

Ӯз вақтида Суриядаги жангларда камида 50 нафар тожикистонликнинг ҳалок бӯлгани хабар қилинган.

Яқин Шарқдаги жангари гуруҳ сафларига қўшилаётган тожикистонликларнинг интернет орқали ёлланганликлари айтилади.

Тожик мухолифати вакиллари ёшларнинг диний-экстремистик ташкилотларга қўшилишига мамлакатдаги ишсизлик ва ижтимоий адолатсизликлар сабаб эканини айтишади.

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Тожикистон ҳукуматини интернет устидан мутлақ цензура ўрнатишда айблаган.

2013 ва 2014 йилда ташкилот тожик ҳукуматини ўзининг "интернет душманлари" рўйхатига киритган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio