Афғонистоннинг қўшнилари гиёҳванд моддалар оқимидан хавотирда

Image caption Тожикистон ва Афғонистон чегараси

Афғонистон шимолида турфа экстремист гуруҳлар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жадаллашаётган жанглар гиёҳванд моддалар савдосига қандай таъсир қилади?

Афғонистонда етиштириладиган гиёҳванд моддаларнинг Тожикистон, Марказий Осиё орқали Россия ва Оврўпога оқими ҳам жадаллашмоқдами?

Минтақадаги юқори лавозимли мулозимларни ана шу саволлар хавотирга солмоқда.

"Вазиятнинг ўзгариши Афғонистонга боғлиқ, чунки биз қўлга оладиган гиёҳванд моддаларнинг бари шу давлатдан келади”, дейди Тожикистон Гиёҳванд моддалар назорати агентлиги раҳбари генерал-лейтенант Рустам Назаров.

Жаҳонда ишлаб чиқариладиган афюннинг 90 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади.

Марказий Осиё томон гиёҳванд моддалар оқими, Тожикистон мулозимига кўра, агар Афғонистон шимолда назоратни қўлдан бой берса яна ҳам кўпайиши мумкин.

Тожикистон ва Афғонистон чегарасининг аксар қисми Панж дарёси бўйлаб кечган ва айрим ҳудудларни қўриқлашнинг имкони йўқ.

Шимолий Афғонистоннинг йирик ҳудудлари Афғон ва Покистон Толиблари, жумладан Марказий Осиёга алоқадор бир неча жангари гуруҳлар назорати остига ўтган.

Айни ҳудудлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегараларда жойлашган.

"Биз Афғонистонда ҳарбий вазият ёмонлашиб бораётганини кузатмоқдамиз. Гиёҳванд моддалар оқими ҳам чегара ҳудудлар уруш қўмондонлари ва экстремист гуруҳлар томонидан босиб олиниши билан ортиб бораверади”, дейди генерал Назаров.

Генерал Назаровга кўра, жангари гуруҳларнинг аксарияти учун гиёҳванд моддалар савдоси жуда муҳимдир.

Айнан шу йўлда топилган маблағлар билан улар ўзларини молиялашади.

Бу даъволар нафақат Тожикистон мулозимлари, балки Душанбедаги Ғарб дипломатлари томонидан ҳам янграмоқда.

Марказий Осиё жангари гуруҳлари гиёҳванд моддаларни Россия, Оврўпо ва Хитойга асосий ташувчилар саналади.

"Марказий Осиёнинг барча жангари гуруҳлари, улар орасида “Ансаруллоҳ” ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати, “Исломий давлат” гуруҳи, Толиблар ҳам гиёҳванд моддалар савдосига алоқадордир”, дейди генерал Назаров.

“Исломий давлат” деб аталмиш гуруҳ минтақадаги нисбатан “янги ўйинчи”лардандир.

Айни гуруҳ ўтган ойлар ўз таъсир доирасини Афғонистонга ҳам ёйишга улгурди.

"Бевосита савдо"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғонистонда афюн етиштириш ортиб бормоқда

Авваллари Афғонлар гиёҳванд моддаларни чегарагача олиб келишар, Марказий Осиёдаги гуруҳларга топшириб, кейин ортга қайтишарди.

Аммо ҳозирда Толиблар дохил бошқа жангари гуруҳларнинг вакиллари Москва ҳамда Россиянинг бошқа шаҳарларида қўним топишган.

Бир килограм героин нархи Тожикистон ва Афғонистон чегарасида $20,000 бўлса, Париж ёки Лондонда $400,000 га чиқади.

Ғарб дипломатлари ва Тожикистон мулозимларига кўра, эндиликда Афғонистон ва марказий осиёлик гиёҳванд моддалар савдогарлари “ишлаб чиқарувчилар” билан бевосита олди-берди қилишмоқда.

Яқинда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистонда гиёҳванд моддаларни етиштириш ўсиб бораётгани, бундан келадиган мўмай даромад эса нафақат мамлакат ичкарисидаги экстремист гуруҳлар, балки ташқаридагилар томонидан ҳам истефода этилаётганидан огоҳлантирганди.

Ўтган йили Тожикистон ўз чегарасида олти тонна героин ва афюнни ҳибс қилганди.

Бу эса Афғонистонда ундириладиган 6500 тонналик ҳосил қаршисида “денгиздан томчи”дир.

БМТга кўра, 2014 йилда Афғонистонда афюн етиштириладиган ҳудудлар 7 фоизга кенгайган.

Генерал Назаровга кўра, Афғон афюн ҳосилининг 22 фоизига қадари Оврўпога айнан Ўзбекистон ва Тожикистон орқали ташилади.

45 фоизи эса Эрон, 38 фоизи Покистон орқали Оврўпага етказилади.

Бу каби даъволарни мустақил текшириб кўришнинг имкони йўқ.

Тожикистоннинг гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураши турфа халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг олқишларига сазовор бўлган.

Генерал Назаров ўтган асрнинг етмишинчи йилларида, Шўролар даврида Тожикистон ва Афғонистон чегарасида фақат 10-15 кило гиёҳванд модда қўлга олинганини хотирлайди.

Бу "ўлжаларнинг" ҳам аксариси марихуанна бўлган.

Афғонистонда 1990 йиллар ибтидосида фуқаролар уруши бошланиши билан гиёҳванд моддалар савдоси ҳам ортган.

1995 йилда Тожикистон ҳарбийлари илк бор чегарада героин савдоси билан рўпара келишган.

Орадан бир йил ўтиб эса мамлакатда гиёҳванд моддалар назорати бўйича агентлик тузилган.

Марказий Осиё ва Россия мулозимларини ғазабга солаётгани НАТО ҳамда Америка кучларининг 2001 йилдан бери гиёҳванд моддалар етиштиришга панжа орасидан қараётганидир.

Бу “вабо савдоси” афтидан яна ҳам ёмонлашадиган...

Хитой ва Россияда гиёҳванд бангиларнинг сони ҳам ортиб бормоқда.

Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштиришга қарши кураш бўйича халқаро стратегия йўқ.

Токи бу кураш халқаро миқёсда рисоладигай йўлга қўйилмас экан, Марказий Осиё давлатларига осон бўлмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.Instagram – BBC UZBEKTwitter – BBC UZBEKOdnoklassniki – BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio