Ўшдаги янги кутубхонага ўзбекистонлик уламо номи берилди

Image caption Ўшдаги янги кутубхона

Ўш шаҳрида янги очилган замонавий кутубхонага ўзбекистонлик дин олими, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилган.

Кутубхона асосчиларининг сўзларига кўра, кутубхонада замонавий, илмий ва диний мазмундаги турли китоблар ўқувчиларга тақдим этилади ва сотувга қўйилади.

«Кутубхонани очишимиздан мақсад, шаҳар аҳолисига турли хилдаги китобларни етказиб бериш билан уларнинг маънавий бойлигини, китобга бўлган муҳаббатини оширишдир. Асосан ёшларга илм – фан ва дин йўналишида холис маълумотларни олишларига имкон яратмоқчимиз. Афсуски, сўнги пайтларда технология ривожланиши ортидан ёшларимиз интернетга муккасидан кетишган. Интернетдан турли хил фойдасиз нарсаларни олмоқда», дейди кутубхона раҳбари Азамат Насиров.

Image caption Ўлмас асарлар

Кутубхона расталаридан диний китобларлар билан бир қаторда Қирғизистон ёзувчилари Чингиз Айтматов, Алиқул Ўсмўнов, Аали Тўқўмбаевларнинг китобларини ҳам топсангиз бўлади. Шунингдек, қирғиз ҳалқининг “Манас” достони, ҳуқуқ бобида китоблар ва кичкинтойлар учун бадиий китоблар ҳам ўқувчилар ихтиёрида.

“Диний китобларни муфтият рухсати билан, уларнинг махсус буйруғи, китоблар рўйхати асосида олиб келиб, кутубхона растасига қўямиз. Мақсад, ёшларимизни турли хил нотўғри оқим, экстремистик маълумотлардан сақлаш. Диний китобларнинг етишмаслиги ёшлармизни муаллифи аниқ бўлмаган турли хил гумонли китобча ва варақалардан ёки салбий интернет сайтларидан маълумот олишга мажбур қилади”, дейди кутубхона раҳбари Азамат Насиров.

Унинг сўзларига кўра, кутубхона номини Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига қўйиш орқали, шайхнинг ёрқин номини абадийлаштиришдир.

“У инсон нафақат етук олим бўлган, балки ханафий мазҳаби тарғиботчиси ҳамдир” - дейди Азамат Насиров.

“Алломалардан бири...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Шайхнинг жанозасига ўн минглаб инсон йиғилганди

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жорий йилнинг март ойида вафот этган эди.

Унинг жанозасига ўн минглаб одамлар йиғилишган эди.

Шайх ҳазратлари 1952 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган эди.

Шўролар Иттифоқида Олий Кенгаш депутати ўлароқ мамлакатдаги мусулмонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш йўлида жонбозлик кўрсатган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф умрининг охирига қадар маърифат тарқатиш йўлида тиним билмади.

Ислом дунёсидаги турфа нуфузли ташкилотларнинг аъзоси бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзбек тилида ўнлаб китоблар муаллифи, бир неча интернет нашрларининг асосчиси эди.

Image caption Чимкентда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид

Ўшдаги кутубхонадан аввалроқ, қўшни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида қурилган янги масжидга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилганди.

Ўзбекистоннинг ўзида эса Ислом дунёсининг йирик олими Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштиришга доир бирор амалга қўл урилгани ҳақида маълумот йўқ.

Расмий Тошкент олимнинг ўлими борасида ҳам сукут сақлаган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio