Собиқ Толибон сўзчиси Шаҳидуллоҳ Шаҳид ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Афғон расмийлари хабар қилишларича, ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳнинг Афғонистондаги учинчи раҳбари Шаҳидуллоҳ Шаҳид учувчисиз бошқариладиган учоқдан уюштирилган ҳаво ҳужумида ўлдирилган.

Афғонистон шарқида юз берган ҳужум ҳақида Афғон жосуслик расмийлари ва полиция хабар қилган.

Расмийларга кўра, дрон ҳужумида ўлдирилганлар орасида Покистон Толибонининг собиқ матбуот котиби Шаҳидуллоҳ Шаҳид ҳам бўлган.

У ўзини "Исломий Давлат"га байъат бергани ҳақида эълон қилган эди.

Шаҳидуллоҳ Шаҳид ўлими ҳақидаги хабарни ҳозирча мустақил манбалар тасдиқлагани йўқ.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Девид Лойн Шаҳидуллоҳ Шаҳиднинг Покистон Толибони сўзчиси сифатида машҳур шахсга айланганини айтади.

Шунингдек, у Толибон сафини тарк этиб "ИД"га ўтгани ҳақида эълон қилган энг машҳур жангари бўлган.

Шаҳидуллоҳ Шаҳид шу йил январида эълон қилинган видеода "ИД"га байъат берганларини айтган жангарилар орасида бўлган.

Видеонинг Покистонда тасвирга олингани тахмин қилинган.

Би-би-си мухбирига маълум бўлишича, дрон ҳужумида Шаҳидуллоҳ Шаҳид билан бирга "ИД"нинг яна камида икки нафар юқори лавозимли аъзоси ҳалок бўлган.

Мухбиримиз ёзишича, ушбу ҳужум халқаро кучлар Афғонистонда жанговор амалиётларда бевосита иштирок этмаётган бўлсалар-да, "ИД" Афғонистонга ёйилаётгани ҳақидаги хабарларни жуда жиддий қабул қилмоқдалар.

Афғонистоннинг Нангарҳор вилояти полицияси раҳбари собиқ Толибон воизи ўлдирилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаган.

Бироқ НАТО тарафидан бу борада бирор нарса айтилгани йўқ, мухбиримиз ёзишича, НАТО Афғонистон ҳудудида ҳозир дрон ҳужумини амалга оширишга қодир ягона кучдир.

Нангарҳор охирги ҳафталарда Толибон ҳамда "ИД"га содиқлик ваъдасини берган жангарилар ўртасидаги қақшатқич жанглар саҳнасига айланган.

Оқибатда минглаб оилалар ўзларининг яшаб турган уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ