Тожик мухолифат фаолини Беларусдан ватанига қайтаришлари мумкин

Беларуснинг Брест шаҳрида қўлга олинган Тожик мухолифати фаоли Шабнам Худойдодова Беларус ҳукуматидан кўмак сўраган.

Бироқ уни Тожикистонга экстрадиция қилишлари мумкин, дея хабар қилади Би-би-сининг Беларусдаги Татяна Мелничук.

Хабарларга кўра, Оврўпо Иттифоқи бир ҳафта олдин Беларус расмийларидан Шабнам Худойдодовани Тожикистонга топширмасликни сўраган.

29 ёшли Худойдодова "24 гуруҳи" фаоли бўлган ва охирги йилларда Россия ҳудудида истиқомат қилиб келган.

Тожикистонлик марҳум тадбиркор Умарали Қувватов ташкил қилган мухолиф "24 гуруҳи"ни Тожикистон ҳукумати экстремистик ташкилот деб эълон қилган.

Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, "24 гуруҳи" Президент Имомали Раҳмон бошқарувига қарши норозиликларга чақириб чиққанидан кейин гуруҳ аъзоларини таъқиб этиш бошланган.

Шабнам Худойдодова сўзларига кўра, шу йил январида Тожикистондаги уйида тинтув ўтказилган.

Онаси ва Тожикистонда мулоқотда бўлган барча танишлари сўроқларга тутилган.

Бир ой олдин ўзини Россиядан Тожикистонга ўғирлаб кетмоқчи эканлари ҳақида хабардор бўлган ва Россиядан чиқиб кетишга қарор қилган.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, Шабнам Худойдодованинг хавотирига асос бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган йили Истанбул шаҳрида "24 гуруҳи"раҳбари Умарали Қувватов аввал заҳарланган, сўнг хотини ва болалари кўзи ўнгида отиб ўлдирилган.

Шу йил бошида "24 гуруҳи" таркибига кирган "Янги Тожикистон" мухолифат коалицияси раҳбарларидан бири Мақсуд Ибрагимов Москва шаҳрида ғойиб бўлган.

Сўнг Тожик ҳуқуқ-тартибот органлари унинг Душанбе шаҳридаги ҳисбхонада эканини тасдиқлаганлар.

Беларуснинг Брест чегара назорати нуқтасида Шабнам Худойдодова ҳибсга олинган, бунга унга нисбатан қидирув эълон қилингани сабаб бўлган.

Тожикистон ҳукумати уни "жиноятда қатнашиш" банди бўйича айблаган.

Брестдаги муваққат ҳибсхонада Шабнам Худойдодова Беларус ҳукуматидан ҳимоя сўраган.

Унинг аризасини кўриб чиқиш олти ой давом этиши мумкин.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси (AHRCA) Шабнам Худойдодовани адвокати билан учрашишига изн берилмаётганидан хавотир билдириб чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio