Қирғиз ҳукумати Азимжон Асқаров мукофотланганидан норози

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тутқунликдаги таниқли ўзбек инсон ҳақлари Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилган.

Қирғиз ташқи сиёсат идораси Азимжон Асқаровнинг "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотланишини "миллатлараро низони гижгижлашга қаратилган амал" деб кўришини баён қилган.

14 июл куни Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаменти мукофотини беришга қарор қилингани хабари тарқалди.

"А.Асқаровнинг бундай юксак мукофот билан мукофотланиши Қирғиз Республикаси томонидан бизнинг мамлакатимизда миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қарши қаратилган атайин амал деб баҳоланади. Қирғиз томони буни мамлакатда халқлар бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган жараённи қўпоришга қаратилган омил сифатида кўради", дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейиноқ қамоққа олинган.

Уни июн воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилишда ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда шерикликда айблашган.

2010 йил 15 сентябрда Асқаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Азимжон Асқаров бу айбловларни ҳамиша инкор этиб келган.

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.

Бир кун олдин Қирғиз инсон ҳақлари ҳимоячилари тутқунликда Азимжон Асқаровнинг саломатлиги ёмонлашгани туфайли унинг зудлик билан озод қилиниши талаб қилиб чиққанлар.

Қиргизистондаги инсон хуқуқлари ҳимоячилари ўтган ҳафтада Қирғизистон Республикаси Президентига, Қирғизистон парламентига ва Олий судга Азимжон Асқаровнинг саломатлиги ҳақида мурожат қилишган.

“Азимжон Асқаровнинг саломатлиги жуда оғир. Унинг устига Аскаров олтмиш ёшдан ошган. Саломатлиги ҳақида врачларнинг хулосалари бизда бор. У қамоқхонадаги ертўлада ўтиради. Қирғизистон ҳукумати Аскаровга амнистия берса бўлар эди”, - деб айтган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Ылым шами" ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова.

Кўп йиллардан буён фаоллар Азимжон Асқаровнинг озод этилиши масаласини кўтариб келишади.

Бир ой аввал БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Бишкекка борганида ҳам Азимжон Асқаров масаласига эътибор қаратганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ