Қирғизистон: "ИД икки террор хуружини режалаган"

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси хабар тарқатишича, ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ қуроллилари мамлакат ҳудудида икки террорчилик ҳужумини амалга оширишни режалаштирган бўлганлар.

Қирғиз хавфсизлик кучлари ушбу зўравонликлар олдини олишга муваффақ бўлганлари ҳақида айтмоқдалар.

16 июл куни пойтахт Бишкекда олти жангари ўлдирилгани, яна етти нафари қўлга олинганини хабар қилган хавфсизлик қўмитаси.

"Ҳа, уларнинг ҳаммаси "Исломий Давлат" аъзолари бўлганлар. Яна еттитаси кеча ўтказилган махсус амалиёт пайтида ҳибсга олинган", деб айтган Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймонов.

"Улар икки террорчилик ҳужумини режалаштирганлар - бири Бишкек марказий майдонида Рамазон ойи якунидаги ибодат пайти ва яна бири Россиянинг Кент ҳарбий базасига", деб айтган жаноб Сулаймонов.

16 июл кечга яқин Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг Горкий-Панфилов кўчалари кесишган жойда отишма юз берган.

Давлат хавфсизлик қўмитаси аҳоли яшайдиган уйлардан биридаги жангариларга қарши аксилтеррор амалиёти ўтказганини хабар қилган.

Рейд пайти жангариларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлари айтилган.

Полиция ҳодиса юз берган жой атрофини тўсиб олган.

Бишкекликлар осмонга қалин қора тутун ўрлаганларини кўрганлар.

Жангарилар жойлашиб олиб қуролли қаршилик кўрсатган Горкий кўчасидаги уйга ёнғин кетган ва тўла вайрон бўлган.

Бу уй Қирғизистон парламентидан бир ярим километрча узоқликда жойлашган.

Отишма пайти тўрт жангари ўлдирилганини хабар қилган давлат хавфсизлик қўмитаси.

Қирғизистон махсус кучларининг тўрт ходими жароҳатлангани, уларнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги хабар қилинган.

Хавфсизлик кучлари кўп миқдорда валюта, етти автомат, беш тўппонча топганларини айтганлар.

Жангариларнинг 500 килограмм аммиак селитрасини сотиб олиб қўлбола портловчи модда ясамоқчи бўлганлари ҳақида айтган Хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймонов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қирғиз расмийлари хабар қилишича, кеча Бишкекда қуролли тўқнашув юз берган гуруҳ аъзолари билан ой бошида қўлбола портловчи моддани портлатган Қозоғистон фуқароси ўртасида алоқа бўлган.

Бишкекдаги қамоқхонадан қочишга уринган пайти қозоғистонликни портловчи моддани ишга солгани айтилмоқда.

Бугун Қирғизистонда Рамазон Ҳайити нишонланмоқда.

Эрталаб пойтахт Бишкекдаги марказий майдонда Ҳайит намози ўқилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ