Тоғли Бадахшонда сел яна уйларни вайрон этган

Фото муаллифлик ҳуқуқи PAMIR TV

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилояти расмийлари хабар қилишларича, 17 июл тунида Шуғнон туманидаги Колхозобод қишлоғидаги беш хонадонни сел вайрон қилган.

16 июл куни сув тошқинлари вилоятнинг Шуғнон ва Роштқалъа туманларида кўп моддий зарар етказганихабар қилинганди.

50 дан ортиқ уй, икки километрлик автомобил йўли, Pamirenergy ГЭСининг электр узатиш симлари бузилган.

Тоғли Бадахшон вилояти буткул электр таъминотисиз қолган.

Бутун вилоят бўйлаб 10 мингдан зиёд инсон эвакуация қилинган.

Одамлар иккинчи кундирки, очиқ осмон остида қолмоқдалар.

Марказдан узилиб қолган аҳоли масканлари яшовчиларига тикучарлардан чодир, озиқ-овқат ва дори-дармон улоқтирилаётганини айтганлар расмийлар.

Масъулларга кўра, вилоятда табиий офат билан боғлиқ вазият хавотирли эканлигича қолмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alibek Otambekov

Сел Гунд дарёси йўлини тўсиб қўйган ва дарёда сув сатҳи кўтарила бошлаган.

Оқибатда қуйи оқимда жойлашган кўплаб қишлоқларни сув босиш хавфи юзага келган.

Вилоятнинг 30 минг киши истиқомат қиладиган маркази Хорўғ, шаҳарга яқин аҳоли масканлари ҳам сел остида қолиш таҳдиди пайдо бўлганидан одамлар хавфсиз жойга ўтқазилганлар.

Расмийлар электр таъминотини тиклаш ишлари амалга оширилаётганини хабар қилганлар.

Вилоятда Тожикистон ҳукумати махсус комиссияси табиий офат оқибатларини бартараф этиш йўлида иш олиб бораётгани айтилган.

Сув тошқинларига тоғлардаги музларнинг тез эриши сабаб бўлган.

Бутун минтақада бўлгани сингари Тожикистонда ҳам бу йил ёз ҳаддан зиёд иссиқ келгани кузатилмоқда.

Шунинг учун ҳам музликлар кўп эрий бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ