150 миллионлик мулк Алиевга тегишлими?

Image caption Роҳат Алиев 2015 йили феврал ойида ўзига суиқасд қилган эса-да, номи атрофидаги машмашалар давом этмоқда

Global Witness ташкилотининг билдиришича, Лондондаги 150 миллион фунт атрофида турадиган бир қанча хонадон марҳум Роҳат Алиевга боғлиқ номаълум шахсга тегишлидир. Бу ҳақда уларнинг қўлида далил мавжудир.

Маълумки, Президент Назарбоевнинг куёви бўлган Алиев бу йилнинг феврал ойида Венадаги қамоқхонасида ўз жонига суиқасд қилган эди. Global Witness нинг "Бейкер стритдаги сир" номли ҳисоботида Алиевга қарашли хонадонлар Лондоннинг энг нуфузли ерида жойлашган.

Global Witness нинг билдиришича шахси номаълум қолаётган бир инсон 147 миллион фунтни 2008-2010 йиллари Лондоннинг энг машҳур кўчаларидаги хонадонларни сотиб олишга сарфлаган.

Ҳисоботда айтилишича бу савдонинг кетида турган ташкилот раҳбарлари авваллари Роҳат Алиев қўли остида ишлаган шахслардир.

Global Witness нинг айтишича бу савдо-сотиқ Алиевнинг молиявий ишлари Оврўпо ҳукуматлари тарафидан текширила бошланган бир пайтга тўғри келади.

Global Witness вакили Чидо Даннинг сўзларига кўра сотиб олинган мол-мулкнинг Роҳат Алиевга алоқаси бевосита бўлмаса-да, Британ ҳукумати бу ишни тергов этиши лозим.

"Алоқалар мавжуд, жумладан Британидага кўчмас мулкни бошқараётган ширкат мудири аввал Роҳат Алиевга тегишли икки ширкатда ишлаган. Бошқа бир қатор кўчмас мулкни бошқараётган яна бир мудир ҳам Алиев билан ишлаган. Бундан бу мулк Алиевга тегишли деган ҳулоса чиқмайди, лекин Британия ҳукумати бу ишни текширишда давом этишига етарли асос бор"

Ушбу кўчмас мулкка эга бўлган ширкатлар ва уларнинг раҳбарлари буларнинг Роҳат Алиев билан алоқаси борлигини инкор этишмоқда. Бироқ кўчмас мулкка ким эгалигини сир тутишмоқда.

Чидо Данннинг айтишича Global Witness бу шахсларнинг ё ширкатларнинг пул ювиш жараёнига боғлиқлиғини зинҳор иддао этаётгани йўқ.

"Бу кўчмас мулкни пул ювишга алоқаси борми-йўқилиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Фақат гап шундаки, бунинг кетидаги шахслар ва жумладан Алиевнинг ўзи Оврўпо маҳкамалари тарафидан пул ювишга алоқадорликда гумонланган эди. Биз сўраётган нарса, масаланинг тагига етиш, яъни текширув ўтказиб, 150 миллионга яқин пул тоза пул эканлигини тасдиқлаш ё инкор этишдир".

Global Witness нинг айтишича муҳташам уйларни ташкилотларни орага қўйиб сотиб олиш орқали номаълум шахслар тарафидан пул ювиш анча осондир. Айниқса пуллар оффшор ҳисоблардан келган тақдирда уларнинг қаердан келиб чиқишини сир сақлаш мумкиндир.

Ташкилотнинг даъвати шуки, Британияда кўчмас мулкка эга бўлган барча ширкатлар ва уларнинг эгалари ҳукумат рўйхатидан ўтиб, ошкора иш юритишидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio