Қирғизистон АҚШ билан ҳамкорлик битимидан воз кечди

Қирғизистон ҳукуматининг Бош вазири Темир Сариев АҚШ билан ҳамкорлик ҳақидаги 1993 йили Вашингтонда имзоланган битимни бир тарафлама узиш ё денонсация қилиш ҳақидаги қарорга қўл қўйган.

Ҳукумат матбуот хизматининг билдиришича бу қарор 2015 йилнинг 20 августидан кучга киради.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда АҚШ тарафини хабарлаши айтилган.

Бу битимга биноан АҚШнинг Қирғизистонга кирган молу хизматлари солиқдан батамомила озод этилган эди. АҚШнинг ёрдам дастурлари бўйича келган ходимларга ҳам дипломатик дахлсизлик берилган эди.

Қирғизистоннинг бир тарафлама бу битимни узиши ўтган ҳафта АҚШ Давлат Департаментининг Азимжон Асқаровга соврин бериши кетидан юзага келганлиги айтилмоқда.

Маълумки, ўзбек миллатига мансуб бўлган Азимжон Асқаров 2010 йилги миллатлараро низода қатнашишда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган эди. Бироқ Асқаровнинг ўзи, Қирғизистон ва халқаро ҳуқуқбонлари ҳамда АҚШ ҳукумати Асқаров устидан суд жараёнининг қонунбузарлик билан ўтганини айтиб ҳукмни инкор этиб келишган.

Қирғизистондаги кўпгина мутахассисларнинг фикрича битимнинг узилиши кўпроқ АҚШга эмас, Қирғизистонга зиён етказади.

Ҳозирнинг ўзида АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси битимни бузиш жараёнидаги қонуний жиҳатларни ўрганаётганини билдирган ва АҚШнинг Қирғизистонга бераётган талайгина ёрдам дастурлари тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган.

Қирғизистоннинг бу қадами мамлакатнинг Россия билан яқинлашуви ва божхона иттифоқига киришига тўғри келаётганига айрим таҳлилчилар ишора қилишмоқда.