"ИД"нинг Қирғизистонга қаратилган видеоси баҳсда

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption Ўзини Исломий Давлат деб атаган гуруҳ Қирғизистон халқига қарата видеомурожаат қилган

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўзини Исломий Давлат деб атаган кучларнинг қирғиз халқига видеомурожаати бўйича ўз текширувларини бошлашган.

Мазкур видео шанба куни Youtube каналида эълон қилинган бўлиб, сўнг Қирғизистон ҳукуматининг талаби бўйича олиб ташланган.

Ушбу видео Бишкекда яқинда бўлиб ўтган ва ҳокимият тарафидан аксил-террор деб аталган амалиётдан кейин пайдо бўлган.

Мазкур видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаю мубоҳасаларга сабаб бўлди.

Қирғизистон ахборот воситалари видеони ким чиқарган, ҳамда унинг мундарижасига бет-бет материаллар бағишлашди.

Энди ўртага чиқаётган масала: бу каби материалларни бериб, ахборот воситалари ушбу кучларнинг тегирмонига сув қуймайдими деган масала бўлмоқда.

Бу хусусда ҳам Қирғизистонда фикрлар бўлинган.

Бир тараф: "Маълумот тарқатиш терроризм кўринишлари билан курашишнинг энг унумли йўли" - деса, бошқалар: "Қирғизистон қонунларида террористларга сўз бериш қатъиян ман этилган, демакки бу каби видеоларнинг мазмунини қайтариш - уларга сўз бериши, қонунни бузишга тенгдир" - деб чиқмоқда.

"Бу ишда биз Ғарб матбуотидан ўрнак олишимиз керак" - дейди яна бир гуруҳ мутахассислар.