Туркиядаги марказий осиёлик энагалар

Image caption Аёлларнинг кўпчилиги Туркияда ноқонуний ишлашади, бироқ шунга қарамасдан улар ўз мамлакатларида олган маошларидан кўп топишларини айтишади.

Собиқ совет давлатларидаги маълумотли аёллар ватанларида қолган оилаларини боқиш учун Туркияга йўл олганлар. Уларнинг аксарияти болаларга энагалик ёки хизматкорлик қилиб пул топишга мажбур.

Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Гуржистон, Украина ва молдовалик ўн минглаб аёллар оилалари, асосан болаларини ватанга ташлаб, Туркиянинг йирик шаҳарлари Истанбул ва Анқарага иш қидириб борганларига тез-тез гувоҳ бўлиш мумкин.

Уларнинг кўпчилиги ноқонуний ишлашади, бироқ шунга қарамасдан улар ўз мамлакатларида ўқитувчи, ҳатто тиш шифокори сифатида ишлаганларида олган пулларидан кўп топишади. Улар буни оилаларига ёрдам бериш, болаларини ўқитиш учун қилишади.

Марказий Осиё давлатларидан биридан келган "Ойша" исмли аёл Истанбулда энагалик қилади. У ўзини кимлигини таништиришни истамайди.

"Биз кўчада юрганимизда ёки автобус бекатида турганимизда полиция бизнинг юзимизга қараб, кимлигимизни яъни ноқонуний яшаб юрганимизни билиб олади. Бу тез-тез юз беради. Кўп танишларимиз шу тариқа ушланиб, депортация қилиб юборилди. Бизни ушлашганда, уларга ёлворамиз.Бу ерларда болаларимиз учун ишлаб юрганимизни айтамиз", дейди Ойша.

Ойша университетни битирган, 11 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган. Туркияга келишидан олдин ойлик иш ҳақи ватанида 200 доллар бўлганини, болаларини боқиш ва банкдан қарзини узиш учун четга чиқишдан бошқа иложи қолмаганини сўзлайди. Турк тилини газет, болалар китобларини ўқиб, телевизор кўриб ўрганиб олган.

Ойша ноқонуний энага бўлгани сабабли ўзига берилган бир кунлик дам олишни уйдан чиқмай ўтқазади. Ҳар сафар болани кўчага олиб чиққанида ёки паркда юрганида полиция ушлаб кетишидан хавотирланади. Унинг бир қанча ўртоқларини полиция автобус бекатларида ушлаб ватанига қайтариб юборилганидан кейин у ҳам қўрқиб қолган.

Ҳаммасидан қийини Ойша учун болаларининг узоқдалигидир. "Мен ухлай олмайман кечалари. Болаларим ҳақида ўйлаб чиқаман", дейди Ойша фарзандлари она меҳрисиз ўсаётганидан маъюс бўлиб.

Асли иқтисодчиликда таълим олган Лела Коридзе пул топиш учун келгани, Анқарада қонуний энага бўлиб ишлаётганини сўзлайди. Ўз болаларини йилда бир марта кўриб келади. У фахр билан Туркиядаги энг кам ойликдан кўпроқ, 500 доллар ишлаётганидан фахрланиб қўяди.

Туркияда энагалик қилиб пул топаётган ўзбек аёллари ҳам кўп. Лекин уларнинг аксарияти бу ҳақда гапиришни истамайди.

Охирги пайтларда оиласи ва бола-чақасини ватанида ташлаб пул ишлашга келган аёллар Туркия фуқаролигини олиш умидида сохта никоҳ қураётган ҳолатлар ҳам учрайди.

Аёллар бундай йўл тутишлари сабабини Туркия фуқароси сифатида яхши ва қонуний иш топиш орзуси билан изоҳлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio