Туркман мухолифчисининг қизига мамлакатдан чиқиш умрбод таъқиқланди

Image caption Туркманистонда мухолифчилар ва уларнинг оила аъзолари четга чиқишларини таъқиқлаш кенг тарқалган.

"Мемориал" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш маркази хабарига кўра, 2015 йил 22 июлда Туркманистон фуқароси Айжамол Режепова ва унинг вояга етмаган икки қизига Ашхобод аэропортидан Истанбулга учаётган рейсга чиқишга рухсат берилмаган.

Узоқ давом этган сўроқлардан сўнг муҳожирлик хизмати вакили уларга мамлакатдан чиқиш бир умрга таъқиқланганини билдирган.

Туркман тилида "чиқиш таъқиқланган" деган ёзувли муҳр ҳар учала йўловчи паспортларига босиб берилган.

Айжамол туркман мухолифатчиси ва парламент собиқ депутати, 10 йилдан бери Норвегияда сиёсий қочқинликда яшаётган Пиримқули Танриқулиевнинг қизидир.

Туркманистоннинг жорий президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мутахассислиги врач бўлган Танриқулиевинг собиқ шогирди ҳисобланади.

1999 йил Айжамол ва унинг эри ишдан бўшатилган, уларнинг орқасидан махсус хизмат ходимларининг кузатуви ўрнатилган ва бир неча бор сўроққа тутилиб, қўрқитилган.

Танриқулиев қариндошларининг мамлакатдан чиқишига Сапармурод Ниёзов даврида ўрнатилган таъқиқ ҳануз амал қилиб келади.

2007 йил июнда Туркманистон Бош Прокуратураси Айжамол ва эрига Россияга чиқиш таъқиқланганини маълум қилган.

Танриқулиевнинг ўзини айтишича, Ашхободда қолган қизининг оиласи (тўрт нафар фарзанди билан) гўёки гаровга олингандек яшашади.

Айжамол турмуш ўртоғи билан ҳеч қаерга ишга кира олмайди. Махсус хизмат ходимлари уларга отаси Танриқулиев хориждан туриб мухолифлик фаолиятини давом эттирса, ўзларини сохта айбловлар билан қамоққа ташлашга таҳдидлар қилганлар.

Бу каби муаммолар мухолифатчининг бошқа қариндошлари учун ҳам бегона эмас. 2014 йил ёзида акаси Доли Танриқулиев Туркияга учаётганида махсус хизмат ходимлари унга четга чиқиш таъқиқлангани айтиб, учоқдан тушириб қолдиришган.

Бироқ барча ҳолатларда расмийлар мамлакатдан чиқишга таъқиқнинг сабабини изоҳламаганлар.

Қариндошларининг айтишича, Айжамол Туркияга 12 йилдан бери кўролмаган онасини зиёратига отланган бўлган.

2012 йил августида Айжамол ва қизлари янги хориж паспорти олишга муваффақ бўлганлари Ниёзов давридаги таъқиқлар бекор бўлгани тўғрисида умид уйғотган уларда. Бироқ бу умидлари пуч бўлиб чиққан.

Айжамол ўзини мамлакатдан асоссиз чиқармаганлари тўғрисида шикоят қилмоқчи ва халқаро ташкилотлардан бу борада ёрдам сўрамоқчи.

Қизиғи, махсус хизматларнинг "қора рўйхати"га ҳатто унинг уч ёшли қизи Айнура киритилганидир. Ҳукумат нуқтаи назари бўйича, уч ёшли қизча ҳам Туркманистон "миллий хавфсизлиги"га таҳдид солса керак.

Сапармурод Ниёзов бошқарувининг охирги йилларида ҳақиқий мухолифчилар ва уларнинг оила аъзолари четга чиқишларини таъқиқлаш кенг тарқалган эди.

Ниёзов ўлимидан олдин 2006 йил декабридаги "қора рўйхат"га 11 мингдан ортиқ Туркманистон фуқаросининг исми шарифлари бўлгани айтилади.

Ҳозирга келиб кимларга мамлакатдан чиқиш таъқиқлангани ноаниқ ва қонунан асосланмаган ҳолда қолмоқда. Саноқли таъқиқланганларгина ўзларига нисбатан асосланмаган тўсиқларни енгиб ўтишларига тўғри келади.

Хоҳланмаган фуқароларининг четга чиқишини иложи борича мураккаблаштириш тизими Туркманистон каби Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам кенг қўлланилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio