Москва Тожикистонга рус тили ўқитувчиларини юбормайди

Россия Душанбенинг Тожикистонга рус тили ва адабиёти ўқитувчиларини юбориш илтимосини рад этди ва Тожикистоннинг ўзидаги таълим соҳасини ислоҳ қилишни тавсия қилди.

Президент Имомали Раҳмон икки йил аввал мазкур ғоя билан Москвага мурожаат қилганди.

Унда президент рус тили ўқитувчиларига Тожикистонда маошдан ташқари, турар жой, ер участкалари ва бошқа ижтимоий имтиёзлар берилишини ваъда қилганди.

Икки йил ўтар экан, Душанбедаги "Россотрудничество" ташкилотининг раҳбари Любовь Глебова мазкур ғояни Кремль қўллаб-қувватламаганини билдирди.

"Тожикистон президентининг ташаббуси бор эди. Унга Россия томони мажбуриятлар киритмади. Балки бу масалани ечишнинг бошқа йўллари бордир? Балки бу ерга ўқитувчиларни юбориш керак эмасдир? Ўн иккита тожик олий ўқув юрти рус тили ўқитувчиларини тайёрлаяпти. Лекин, барибир ўқитувчилар етишмаяпти. Демак, ё нотўғри ўқитувчиларни тайёрлашаяпти, ёки тайёрлаша олмаяпти. Бу масаланинг тез ва арзонроқ ечимини топиш зарур", - деди у.

Чоралар сифатида Глебова хоним тожик ўқитувчиларнинг малакасини ошириш дастурларини фаолроқ ишлатиш ва бу курсларга кираётган тожиклар квотасини оширишни таклиф қилади.

Совет Иттифоқи қулаши ортидан Тожикистонда рус тилини қўллаш сезиларли даражада сусайган, кўплаб профессионал ўқитувчилар эса мамлакатни тарк этганлар.

Бироқ, охирги йилларда рус тилини ўрганишга қизиқиш ортди.

Тожикистон таълим вазирлигига кўра, мамлакатдаги 3800та ўрта мактабдан 28тасида таълим рус тилида олиб борилади. Улардан 15таси Душанбеда жойлашган.

Таълим вазирлигидан Би-би-сига айтишларича, рус мактаблари миграция туфайли камайган, янгиларини очишга эса зарурат йўқ.

Статистик маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг атиги 0,5 фоизини русийзабонлар ташкил қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio