Қирғизистон Россияга қучоқ очмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қирғизистон Россия билан қатъий ҳамкорлик йўлига кирганини кўрсатишни хоҳлаяпти.

Қўшма Штатлар Давлат Департаменти қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни "Инсон ҳақлари ҳимоячиси" мукофоти билан тақдирлаганидан кейин, бунга қарши жавоб сифатида 1993 йилдаги келишувга биноан АҚШдан миллионлаб доллар ёрдам пули олиб келган Қирғизистон 21 июлда ушбу шартномани бир томонлама бекор қилди.

Миллати ўзбек бўлган Азимжон Асқаров айни пайтда Қирғизистонда 2010 йил июнда рўй берган миллий низоларда қатнашганликда айбланиб, Бишкекда бир умрлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Аmnesty International ҳуқуқ фаолини сиёсий тутқун, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлиги АҚШни мамлакатда миллатлараро келишувга путур етказишга уринишда айблаган. Бироқ кўпгина таҳлилчилар фикрича, расмий Бишкек ўз ҳаракатлари орқали Қирғизистон Россия билан қатъий ҳамкорлик йўлига кирганини кўрсатишни хоҳлаяпти. Эҳтимол, шартноманинг бир томонлама бекор қилиниши ҳам балки Москва билан келишув натижасидир.

Агар бу ҳақиқатдан шундай бўлса, Бишкек қадамини Россиянинг Қирғизистонга таъсир ўтказишда АҚШ билан эски қарама-қаршилигида ғалабаси дейиш мумкин. Москва бунинг учун ҳатто 2012 йилда Бишкекнинг барча қарзларидан воз ҳам кечган эди.

1991 йил мустақилликка эришгач, Қирғизистон узоқ вақт Россия ва АҚШ ўртасида муносабатларда мувозанат сақлашга ҳаракат қилди.

Қирғизистон ҳатто ҳудудида ҳам Россия ҳам АҚШ ҳарбий базаси бўлган дунёдаги ягона мамлакат ҳам эди.

Бироқ 2014 йилда Американинг Манасдаги базаси ёпилди.

Қирғизистон ташқи сиёсатидаги эҳтимолий бурилиш сифатида оммавий ахборот воситалари орқали аксиламерика кайфиятининг сезиларли тўлқини пайдо бўлганини кўриш мумкин.

Асқаровга Америка мукофоти берилгани маълум бўлгач, давлат телеканаллари, газета ва хабар агентликлари бир овоздан АҚШнинг "дўстона бўлмаган" ҳаракатда айблашди ва Қирғиз томони тутган йўлни олқишлашди.

Қирғизистон жамияти АҚШ ҳаракатига ўта ғазабнок муносабатда бўлди.

Қирғизистон телевидениесининг биринчи канали АҚШ билан келишув бекор қилинганини қувватлаб интервюлар намойиш қилди.

Шундай интервюлардан бирида Афғонистондаги коалияцига ёрдам бериш мақсади кўзланган Манасдан АҚШ аслида Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида маълумот йиғиш учун фойдаланганликда айбланди.

"Ачык Саясяат" ҳафталигида босилган мақолада Қирғизистон жамияти "АҚШ ҳаракатидан ғазабда" экани айтилади.

27 июнда Биринчи канал Президент Алмазбек Атамбаевнинг "Азимжон Асқаровнинг мукофотланиши, Қирғизистонда миллий низоларни қўзғайди", деган сўзларини келтиради.

Кутилмаган қарор

Маҳаллий матбуотнинг таъкидлашича, қарор беришда у қадар шошмайдиган мамлакат ҳукумати бу сафар қатъий ва тез ҳаракат қилган.

17 июлда қарор ҳақида эълон қилинган бўлса, 21 июлда шартнома аллақачон бир томонлама бекор бўлди.

Сиёсатшунос Темир Сариевнинг айтишича, АҚШ билан муносабатлар май ойида Бишкек Россия етакчилигидаги Овроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишга аҳд қилганидан кейин ёмонлашди.

Қирғизистон Овроосиё инттифоқига қўшилишга қарор берганидан сўнг мамлакат парламенти очиқдан очиқ Россия қонунларини такрорловчи қонун лойиҳаларини муҳокама қилишга киришди. Бу каби қарорлар Кремлнинг "анъанавий қадриятлар" деб аталувчи, аслида жамият устидан ўз назоратини мустаҳкамлашни мақсад қилувчи қонунлардир.

Мисол учун, агар парламент Оммавий Ахборот Воситалари ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқласа, хорижий ширкатларга Қирғизистонда ўз филиалларини очиш тақиқланади.

Бундан ташқари депутатлар чет элдан молиявий ёрдам оладиган нодавлат ташкилотлар "хорижий агентлар" сифатида рўйхатга олинишига эришмоқчилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio