Тожикистон: ҳукуматнинг шафқатсизлиги радикализмни кучайтирмоқда

Image caption Ҳукуматнинг айтишича, Тожикистонда махфий радикал диний ҳаракатларнинг фаоллашишидан жиддий хавотирлар бор.

Тожикистонда охирги йилларда тақиқланган диний гуруҳлар ва ташкилотларга алоқадорликда гумон қилинганлар устидан маҳкама жараёнлари сони ошган.

Ҳукуматнинг айтишича, Тожикистонда махфий радикал диний ҳаракатларнинг фаоллашишидан жиддий хавотирлар бор.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари диний ишлар бўйича суриштирувларда кўп сонли ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, жумладан қийноқлар қўлланилишини таъкидлашади.

Таҳлилчилар назарида, ҳукуматнинг босимлари ҳозирча кутилган натижани бермаяпти. Аксинча, улар радикал исломий гуруҳлар тарафдорлари сонини оширмоқда холос, хусусан, айнан диний айбловлар билан қамалганлар яқинларининг орасида бу ҳолатни кузатиш мумкин.

2000 йилларнинг бошида тақиқланган ҳаракат ва ташкилотларга аъзолик гумони билан ўнлаб маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган. Ҳуқуқ фаоллари бу маҳкамалар одатда ёпиқ тартибда, мамлакат қонунчилигига зид тарзда, кўп сонли кишилар устидан бўлиб ўтишини айтишади.

Шулардан айниқса иккитаси энг шов-шувли оммавий жараёнлардан бўлиб ҳисобланганди. Бири-тақиқланган "Жамоати таблиғ" ташкилотининг 56 аъзоси устидан 2009 йилда, иккинчиси 2010 йилда Хўжанд шаҳрида уюшган жиноятчиликка қарши кураш туман бўлимига ҳужум бўйича 53 кишига нисбатан ўтказилган маҳкама жараёнларидир. Иккала ҳолатда ҳам судланувчилар узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар.

"Диний ишлар ҳақида гап кетар экан, суд тизими қарор қабул қилиши чегараланган. Ҳукм, одатда аллақачон аниқ бўлади ва у албатта айбловдир,- дейди таниқли ҳуқуқ фаоли ва ҳимоячи Файзинисо Воҳидова.- Асосий ҳал қилувчи омил статистикадир".

"Суриштирув идоралари мамлакатдаги энг юқори раҳбариятга қўлга олинган террористлар сони ва теракт олди олингани тўғрисида ҳисобот беради. Маҳкамада бу маълумотлар фақатгина тасдиқланиши керак. Жуда кўп ҳолларда айнан мана шу жиҳат ишнинг барча томонларини ҳаққоний кўриб чиқиш имконини бермайди",- деб таъкидлайди у.

Иқрорлик

Ҳуқуқ фаоллари маълумотлари бўйича, "диний ишлар" бўйича судланган 80 фоиздан ортиқ тожикистонлик фуқаролар террористик фаолиятга мансуб ҳеч бир ишни содир этмаганлар. Жиноий ишларда судланувчиларнинг иқрорлик кўрсатмалари асос қилиб келтирилади, холос. Бундай иқрорликлар эса асосан қийноқлар воситасида олиниши маълум, деб таъкидлайди ҳимоячи.

Ҳуқуқбон Файзинисо Воҳидовага кўра, "диний ишлар"нинг аксарияти сохталаштирилгандир.

"Судланувчилар ўзларини кўп маротаба электр токи билан қийнаганлари, калтаклашлар ва жинсий зўрланганларини айтишади. Бундай қийноқлар остида улар қилмаган ишларини қилдим дейишга мажбур бўлишади. Кўп ишларда, иқрорлик кўрсатмаларидан ташқари ҳеч қандай исботловчи далиллар йўқ. Бироқ ҳакамлар учун шунинг ўзи етарлидир.

Айбланувчиларнинг иқрорликлари қай йўл билан олингани энг охирги масала ҳисобланади. Бундай адолатсизлик ва ноҳақлик билан тўқнашган яқинлари эса, ғазабланиб, ҳукуматдан қасд олишга ҳаракат қилишади. Улар ўйланмаган қадамларни қўйишлари мумкин ва шу тариқа тақиқланган гуруҳларга кириб кетишади", дея қайд этади Воҳидова.

Тожикистон ИИВ ҳибсдагиларга нисбатан шафқатсиз муносабатни қатъий инкор қилиб, қийноқ қурбонлари ва уларнинг оила аъзоларига шундай ҳолларни содир этган ходимлари устидан керакли идораларга шикоят қилишни таклиф этади.

"Тожикистон ИИВ раҳбарияти мамлакат аҳолисини кўп маротаба қонунбузарликлар ҳақида айтишдан қўрқмасликка чақирган, хусусан милиция ходимлари томонидан ўтказилган қийноқлар масаласида. Вазирликка тушадиган ҳар бир шикоят, айниқса, қийноқлар бўйича аризалар обдон текширилади. Менда қийноқлар тўғрисида маълумотлар йўқ",- деган Би-би-си Рус хизматига Тожикистон ИИВ матбуот маркази раҳбари Жалолиддин Садриддинов.

Биргина шикоят

Би-би-си Рус хизмати расмий сўровига биноан Бош Прокуратура маълум қилишича, ўтган йил ва жорий йилнинг олти ойида "диний ишлар" бўйича ҳибсда бўлган фуқаролардан бирорта ҳам шикоят олинмаган.

"Фақатгина Сўғд вилояти яшовчиси Саври Нодировадан бир шикоят тушган. Унинг айтишича, конституцион тузумни куч билан ўзгартириш бўйича судланган ўғли қийноққа тутилган. Бироқ бу айблов суриштирув натижасида тасдиғини топмади", дейилади мамлакат прокуратураси расмий хатида.

Бундан ташқари, ҳуқуқ фаолларининг сўзларига кўра, қийноқ қурбонлари ўз вақтида суд-тиббий экспертизадан ўтишга имконлари йўқ. Шикоят эса, кўпинча қийноқ излари йўқолгандан кейин келиб тушади ва қийноқ қўлланилганини исботлашнинг деярли иложиси қолмайди.

"Инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликка риоя қилиш" бюросининг ҳуқуқбони Гулчеҳра Холматованинг таъкидлашича, қийноққа солинганлар ва уларнинг қариндошлари давлатга ёрдам сўраб мурожаат қилишмайди.

"Нима учун юқори ташкилот ва идораларга мурожаат қилинмайди? Сабаби, уларда муаммонинг адолат билан ҳал қилинишига ишонч йўқ. Нимадир қилишга умид қолмаган. Шикоят билан нимадир ўзгаришига улар ишонмай қўйишган. Шу билан бирга одамлар шикоят орқасидан иккинчи жиноий иш очилишидан қўрқишади. Улар бошқа оила аъзолари тақдиридан хавотир олишади", деб қўшимча қилади ҳуқуқбон.

Ёш муҳожирлар

Ҳуқуқ фаоллари урғулашича, экстремистик гуруҳларларга алоқадорликда гумон қилинганларга қарши оммавий ҳибслар ва маҳкамалар жамиятни дерадикализациялаш бўйича кутилган натижани бермаяпти. Аксинча- куч ишлатар тизим ходимларининг қаттиқ чоралари исломийлар сафини оширмоқда.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидованинг айтишича, судланувчиларнинг аксарияти ёш муҳожирлар, асосан, республиканинг қишлоқ жойларидан чиққан 18-45 ёш атрофидаги фуқаролардир.

"Тажрибасиз, содда, маълумотсиз, камбағал оила вакиллари мардикорликка боришади. У ерда ҳам жуда оғир шароитларда меҳнат қилишади. Бундай муҳожирлар тажрибали ёлловчилар назарига тушиб қолишади ва тақиқланган гуруҳларга қўшилишга рози бўлишади",- дейди ҳимоячи.

"Улар бир марталик аъзолик пулларини тўлашлари мумкин, бир-икки марта маърузаларни эшитганлар, қасамёд қилганлар, лекин гуруҳнинг асосий мақсади нималигини билгач, у билан алоқани узиб кетишган. Ўша пайтда уларнинг ёши 19 бўлса, 10 йил ўтиб ватанида уларни ўтмиши учун жазолашмоқда. Инсон ўзгарди, ёшликда адашганини тушуниб, англади. Нима учун ҳукумат уларни узоқ йилларга турмага солмасдан, кечириши мумкин эмас, улар билан профилактик ишлар олиб бормайди?"- дейди Воҳидова.

"Айнан ана шундай "адолатсиз йўқолганлар" террористларни беради. Улар ноқонуний қуролли гуруҳлар сафини тўлдиради. Ҳукумат кимга қарши курашган, маблағ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари кучини сарфлаган бўлса, ўшанга эришади.

"Радикал исломчилар сафи янада тезроқ тўла бошлайди, одамлар афсуслангани ва экстремизмдан воз кечгани билан қамоқдан асраб қолинмаслигини яхши билишади. Улар учун орқага йўл йўқ. Бундай одамлар нима қилади кейин? Улар охиригача курашади", деб таъкидлайди россиялик сиёсатшунос Антон Евстратов.

Исломийларнинг ҳибсга олиниши ва улар устидан маҳкамалар ҳақидаги қуруқ хабарлар ортида оила аъзоларининг тақдири эътиборсиз қолаверади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, диний айбловлар билан қамалганларнинг яқинлари аҳволи ҳам осон эмас. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан доимий таъқиблар ва босимларга дуч келишади. Боқувчисиз, қўлида ёш болалар билан қолган аёллар ўта қашшоқ ҳаёт кечиришга мажбурдирлар.

Ҳукуматнинг ўз фуқаролари диний ҳаётини назорат қилиш ҳаракатлари диндорлар ва давлат ўртасидаги муносабатларни таранглаштирди, деб ҳисоблайди исми номаълум қолишни истаган Душанбедаги масжидга келган намозхонлардан бири.

Таҳлилчилар Тожик жамиятининг тобора радикаллашаётгани ва диний оқимларнинг оммавийлашиши асосий сабаблари сифатида ишсизлик, ижтимоий масалаларнинг ечилмай қолаётганлиги ва ижтимоий адолатсизликни мисол келтиришади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https