Россиялик ҳарбий тожик таксичини ўлдирганини тан олган

Image caption Россиянинг Тожикистондаги 201- ҳарбий базаси таркибида 6 минг ҳарбий бор.

Азия-Плюс веб-сайти хабар беришича, Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасида тожик такси ҳайдовчиси ўлимида айбланган аскарлар Илдар Сахапов ва Фёдор Басимов устидан маҳкама бўлиб ўтган.

Маҳкама эшитуви Марказий ҳарбий округ ҳаками раислигида олиб борилган ва ёпиқ тарзда ўтказилган.

"Азия Плюс" маҳкама залига киришга муваффақ бўлган "Озодлик" радиосининг Тожикистондаги мухбирига иқтибосан маълум қилишича, маҳкамани кузатиб турган журналистларнинг видео ва аудио материаллари россиялик ҳарбийлар томонидан олиб қўйилган. Сўнгра бир қисми қайтариб берилган.

Ҳакам ўқиб эшиттирган якуний хулосага кўра, Илдар Салихов Тожикистон фуқароси Раҳимжон Тешабоев ўлимида айбдор деб топилган.

Ҳакамнинг қайд этишича, қотиллик Сахапов томонидан режалаштирилган, Фёдор Басимов жиноятни амалга оширишда кўмаклашган.

Илдар Сахаповнинг ўзи маҳкамада қотилликни содир этганини тан олгани айтилади.

Бундан олдинги маҳкама мажлисида Раҳимжон Тешабоевнинг яқинлари ҳар иккала судланувчидан жами 10 млн рубл компенсация-товон пули талаб қилганлар.

Бироқ, Фёдор Басимов фақат 140,5 минг рубл беришга рози эканини айтган. Қотилликни бўйнига олган Илдар Сахапов эса товон пули беришдан бош тортган.

Марҳумнинг акаси Рустам Тешабоевга кўра, катта лейтенант Автоханов ва сержант Комлев терговда Сахапов ва Басимов "Товус" ресторанида ароқ ичиб ўтириб, битта таксистни ўлдирганларини гапирганлари ҳақида гувоҳлик берганлар.

Ўтган 2014 йилнинг 19 августида Рудакий туман Чимтепа қишлоғидаги кўл бўйида Раҳимжон Тешабоев бўйнида пичоқ излари билан топилган.

26 август куни қотилликда гумон билан 201-база ҳарбийлари Сахапов ва Басимовлар ҳибсга олинган.

Айтилишича, 36 ёшли Раҳимжон Тешабоев оиласи ва уч боласини боқиш учун киракашлик билан шуғулланган ва асосий мижозлари Россия ҳарбий базаси хизматчилари бўлишган.

Хабарларга кўра, россиялик икки ҳарбий Тешабоевдан 50 минг рубл қарз олганлар, лекин пулни қайтара олмай, уни ўлдиришни режалаштирганлар.

Бироқ дастлабки уринишда бу режалари амалга ошмайди, иккинчи марта 18 августда Тешабоевни "балиқ овлаш"га таклиф қилиб, қотилликни амалга оширадилар.

Икки ҳарбий устидан ўтказилган руҳий-тиббий экспертиза эса уларнинг соғлом эканини кўрсатган.

Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси таркибида 6 минг ҳарбий бўлиб, қисмлари Душанбе, Қўрғонтепа ва Кўлобда жойлаштирилган.

Президентлар Эмомали Раҳмон ва Владимир Путин томонидан имзоланган келишувга биноан, Россиянинг ҳарбий базаси Тожикистонда камида 2042 йилгача амал қилади.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio