Суриядан қайтган тожик аёл: "Бизни алдашди"

Image caption Душанбелик 30 яшар Жамолби Ҳамидова деярли бир йилни Сурияда ўтказган.

Тожикистон ҳукумати маълумотларига кўра, Суриядаги жангларда қатнашаётганлар орасида 500 тагача тожикистонлик бор. Шу билан бирга расмий хабарларга қараганда, 150 тожикистонлик фуқаро у ерда ҳалок бўлган.

Суриядаги урушга асосан 19дан 45 ёшгача бўлганлар боришади, улар хатарли сафарга отланар экан, кўпинча аёллари ва болаларини ҳам ўзлари билан бирга олиб кетадилар.

Тожик фуқаролари Сурияга Россия, Покистон, Туркия, Афғонистон орқали ўтади ва "Исломий давлат" экстремистик гуруҳи томонида туриб жанг қилади.

Охирги пайтларда ИД ёлловчилари тожик фуқаролари орасида ўзининг янги тарафдорларини Россиядаги меҳнат муҳожирлари ичидан топмоқда.

Душанбелик 30 яшар Жамолби Ҳамидова деярли бир йилни Сурияда ўтказган. У ерда ўтган кунларини у даҳшат билан эслайди.

Бошидан кечирганлари ҳали ҳам унга тинчлик бермайди. У Сурияда ҳалок бўлган эри Шариф Ҳамидовнинг ўлимидан сўнг қутулиб, ватанига тирик қайтганига ҳали ҳам ишонгиси келмайди.

Жамолби Ҳамидова билан Би-би-си Рус хизмати мухбири Анора Саркорова суҳбатлашган.

Би-би-си: Сиз Сурияга қандай қилиб бордингиз?

Жамолби Ҳамидова: Эрим билан қўшнилар орқали танишганмиз. Улар яхши ёш йигит ўзига бўлажак келинчак излаётганини айтишган. Биз учрашиб, бир-биримизни ёқтирдик ва турмуш қурдик. Мен ўзим бошланғич мактабнинг учинчи синфини тугатганман. Қийинчилик билан ўқиб-ёзаман. Отам ногирон, онам уй бекаси. Ота-онамда менга, сингилларим ва укаларимга маълумот беришга қурблари етмаган. Шунинг учун ҳеч қайсимизда ўрта маълумот ҳақида аттестат йўқ.

Биз эрим билан Краснодарга тирикчилик учун бордик. Эрим қурилишда ишларди. Биз уй ёки ер сотиб олиш учун пул топишни хоҳлардик. Биз ўзимизнинг шахсий еримиз бўлишини, ўзимиз ва болаларимизга яхши бўлишини жудаям истар эдик.

Шундай қилиб Россияда бир йил ўтди. Бир куни эрим билан Россия каналларидан бирида янгиликларни кўриб ўтирганимизда, Суриядаги уруш ҳақида кўрсатиб қолишди. Бирданига Шариф у ерга жанг қилишга боришини айтди. Мен унинг сўзларидан қотиб қолдим.

Мен шундай меҳрибон, ишонувчан ва кўнгли очиқ одамни урушишни хоҳлашишига ишонгим келмасди. Биз тортишиб қолдик. Мен унинг бу ниятига қарши эдим. Менинг хаёлимга ҳам келмасди бундай фикр. Мен Сурия, жиҳод, уруш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагандим. Мен ўз уйим, болаларим, аҳил, тинч оила ҳақида орзу қилардим.

Менинг муносабатимни кўрган эрим бу мавзуга бошқа қайтмади ва мен ҳам унинг гапини ноўрин ҳазил деб ўйлаб қўя қолдим.

Шариф диндор оиладан эди. Ҳатто Россияда ҳам масжидга бориш ва намозларини ўқишни канда қилмасди.

Эрим жуда кам пул топгани боис, ижарага тўлашга зўрға етқазардик, пул йиғишга имконимиз бўлмади.

Бироқ Шариф бир куни ишлаш учун Туркияга кетишини айтди, у қарор қабул қилиб бўлган эди, мен иложсиз қолдим. Мен унинг дўсти уйида қолдим, бир ойдан кейин эрим Истанбулда ишга жойлашганини айтиб, мени чақирди.

Би-би-си: Ва сиз эрингизнинг олдига, Истанбулга учдингиз?

Ж.Ҳ.: Ҳа, менга Истанбул жуда ҳам ёқди. Чиройли шаҳар. Эрим мени кутиб олди. Биз автобусда кетар эканмиз, шундай чиройли шаҳарда яшаб, ишлашимизни ўйлаб қувониб кетдим.

Менинг қаерга боришимиз, қаерда яшашимиз ҳақидаги саволларимга Шариф жавоб бермади. Деярли бир кун юрдик. Ва ниҳоят қандайдир ерга етиб бориб, машинага ўтирдик.

Бир неча соатдан кейин машина бизни чўлга олиб чиқди. Шунда эрим менга жим бўлишни ва югуришни буюрди. Нима учун? Қаерга? Шариф савол бериш мавриди эмаслигини ва фақат тез чопишим кераклигини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Кўп сурияликлар ИД билан жанглар кетаётган ҳудудни тарк этишга ҳаракат қилишади.

Машинада биз бир рус қизи билан тўрт киши эдик. У ҳам Сурияга йўл олган эди. Мен ҳам чопдим. Кучим қолмагунча чопиб кетавердим. Бу Рамазон ойи эди. Шу сабабли оч ва ҳосиз эдим.

Мен йиғлай бошладим, қаерда эканлигимизни билишни истардим. Эрим биз Сурияда эканимизни айтди ва ҳаммага ҳам бундай бахт насиб қилмайди, деди. Мен бу ерда яшашни хоҳламаслигимни, мени ноҳақ алдаганини айтдим. Бунга жавобан агар хоҳласам кетишим мумкинлигини эшитдим эримдан. Лекин қаерга кетаман? Атрофга қарадим, чўлу биёбон эди. Менинг пулим йўқ, тил билмайман, қандай қилиб қайтиб кетишимни тасаввур қилолмадим.

Ва тақдирга тан беришга мажбур бўлдим. Сурияда бизни кутиб олишди ва катта бир уйга етказишди. Бу уйда икки араб хотинлари билан яшарди. Бизга бир хонани беришди. Бир ҳафтадан сўнг бошқа уйга олиб кетишди. Мен у қишлоқнинг отини ҳам билмайман. Атроф тоғ-баландлик эди.

Би-би-си: Эрингиз нима иш қиларди?

Ж.Ҳ.: Эримни деярли кўрмасдим. Мен уйда бошқа аёллар билан яшардим. У ерда араблар, ўзбеклар, руслар ва чеченлар бор эди. Эрим ҳафтада бир, баъзида икки ҳафтада бир келиб, озиқ овқат- картошка, макарон бериб кетарди.

Мен билан бир уйда яшаган аёлларнинг эрлари "Исломий давлат" сафида жанг қилишарди.

Овқат унча ҳам мазали эмас эди, лекин шароитдан келиб чиқиб танламасдик.

Биз асосан имо-ишора билан гаплашардик. Орамизда болалик, хомиладор аёллар кўп эди.

Ҳар доим биз яшаётган аҳоли пунктлари ҳаводан бомбаланганда ҳаммамиз бир хонада тўпланиб, бир-биримизнинг пинжимизга кириб йиғлар эдик. Болалар бақиришарди, биз қутилишимизни сўраб дуо қилардик. Бу қандай даҳшатли эканини тасвирлаш қийин. Бизни бугун ёки эрта ўлдиришларини кутиб ўтириш қўрқинчли эди. Ҳамма келганига пушаймон эди. Нима учун эрлари ўзлари ва болаларини бу азобга рўбарў қилганига тушуна олмасдилар.

Уйдан чиқиш мумкин эмас, дори йўқ, озиқ овқат олиб келишмайди. Биз оч эдик. Аёллар ўз хоналаридан чиқишлари мумкин эмас. Жуда зарур бўлганда, ташқарида бўлган ҳожатхонага ёки овқат тайёрлаш керак бўлганда чиқиларди. Овқатни гулханда қилардик.

Чиқишдан олдин қўлқоп ва паранжиларимизни кийиб олардик. Гаплашиш, кулиш ва сайр қилиш тақиқланганди.

Беш-олти киши бир хонада юпқа кўрпачаларда ухлардик. Ҳеч қандай мебел йўқ эди: очиқ пол ва матраслар. Элект энергияси, кондиционер, вентилятор, сув йўқ эди.

Айниқса жазирама иссиқда азоб эди бу. Сувни сотиб олишга тўғри келарди. Жуда камдан-кам чўмилардик. Сувни асосан овқат ва ичишга ишлатардик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Суриядан кўплаб қочқинлар Туркияга боришади.

Ёз жуда иссиқ эди, чивинлар чақарди, қишга яқин эса жуда совуқ бўлиб, иссиқ кийимларимиз йўқ эди. Бир-биримизни танамиз билан иситардик.

Болалар тез-тез касал бўлишарди, ҳеч қандай дори, дўхтир ёки дорихоналар йўқ эди. Тўшакда азобланиб ётган боласига онаси ҳеч бир ёрдам беролмайди. Мен болалари қийналаётганини кўриб, иложсизликдан дод солган аёлларни кўрдим.

Эркаклар биз билан жуда қўпол муомалада бўлишарди. Юзи очиқлиги учун калтаклашар эди. Лекин шундай иссиқда юзда парда билан нафас олиш жуда оғир.

Ҳамма кийимларимиз синтетикадан тайёрланган. Эҳтиёж учун ҳамма нарса ташқарида эди. Биз ҳожат учун кўчага югуриб чиқардик ва яна тезда уйга қайтиб кирардик. Эркаклар кўзига тушиб қолишдан қўрқардик.

Сурияда бўлган вақтимда бирор марта ҳам ота-онам билан телефонда гаплашолмадим. Бизда ким биландир боғланишнинг иложиси йўқ эди. Биз дунёдан узилган эдик.

Бизга ҳар қандай муносабат тақиқланган эди. Ва ҳеч ким сўрашга ботинмасди, чунки жангарилар гаплашишни ёқтиришмасди.

Биз ҳар ой турар жойимизни ўзгартирардик.

Кейин эрим бир ой йўқ бўлиб кетди, қайтиб келганида мен уни зўрға танидим. Яраланган, ҳамма жойи қон, ранги оқариб, озиб кетган, оёқда зўрға турарди. Қорнида тўртта чандиқ пайдо бўлганди. Мен унга ғамхўрлик қилдим, лекин унга дори, яхши овқатланиш керак эди. Бизда на дорига, на овқатга на сувга пул бор эди. Бу вақтда ҳеч ким бизни бир марта ҳам йўқламади.

Би-би-си: Эрингиз айнан нима учун Сурияга борганини айтганми? Бу жиҳодга қўшилиш ғоясимиди ёки пул ишлашми?

Ж. Ҳ.: Эрим Сурияга борганинидан жуда афсусланди. Унинг ҳамма ёғи шишиб, жароҳатлари қонар, оғриқдан кечалари ухлолмасди. У ўзини алдаганлари, бошқача ваъдалар берганларини айтганди.

Лекин унга нима ваъда берганларини у айтмади. Ҳар ойда унга юз доллардан тўлашларини билардим, ўша пулга менга озиқ-овқат олиб келарди. Лекин ярадор бўлгач, ҳеч ким бизга ёрдам бермади.

Шу тариқа икки ҳафта ўтди. Кейин араблар келиб уни олиб кетишди. Мажбуран. У деярли ҳаракат қила олмасди. Биз хайрлашдик.

Мен уни охирги марта кўраётганимни ҳис қилдим. У кейинги сафар қайтиб келиши гумонлигини айтди. Мендан кечирим сўради. У ҳаммасидан пушаймон экани, лекин орқага йўл йўқлигини афсус билан айтди. Менга бахт тилади.

Икки ҳафта ўтди, кейин қандайдир эркаклар келиб телефонда эримнинг расмини кўрсатишди. Унинг кўзи ва оғзи очиқ ётарди. Ўлик эди. Мен ҳатто йиғлашга ҳам куч тополмадим. У яхши одам эди.

Сиз уруш кетаётган бегона мамлакатда ҳеч бир таниши, ҳеч кими йўқ аёлнинг аҳволини тасаввур қиляпсизми? Нима қилишим керак? Қандай қилиб қутулишим мумкин?

Яна бир ҳафтадан кейин одамлар келиб ўзлари билан юришимни айтишди. Қаерга, деб сўрашга қўрқдим, бунинг фойдаси ҳам йўқ, ҳеч ким барибир жавоб бермасди. Араб тилини билмасдим, улар рус ёки тожик тилини билишмасди.

Мен уларга имо-ишора билан уйимга, ватаним Тожикистонга қўйиб юборишни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Тожик тилида кўп араб сўзлари бор, мен қўлимдан келганича тушунтирдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сурия ва Туркия чегарасининг баъзи жойларида тўсиқлар ўрнатилган.

Лекин улар менга қолишни маслаҳат беришди ва иккинчи марта турмушга узатишди. Ҳеч ким менинг хоҳишимни сўраб ўтирмади. Шундай бир эркакни олиб келиб, бирга ўтирғизишди ва никоҳ ўқишди. Менинг янги эрим доғистонлик эди.

Ҳеч ким сенинг хоҳишингни сўрамайди. Сен ҳам қаршилик қилмайсан, чунки биласан, бу қўрқинчли одамларга сени ўлдириш ҳеч қийин эмас. Сен бир буюмсан. Улар маслаҳатлашмасдан сени таклиф қилишади.

Янги эрим билан бир ой яшадим. Рус тилида гаплашар эдик. Бу жуда қўрқинчли эди. Сен бировга бўйсунишинг керак, эркинг ўзингда эмас. Ҳамма нарса чекланган. Сени калтаклашлари, сотишлари, зўрлашлари ва ўлдиришлари мумкин. Сен билан хоҳлаганларини қила оладилар.

Шу билан бирга бу одамлар билан келишиш, уларни кўндириш, арз қилиш мумкин эмасди. Улар сенинг дардларинг, ҳисларинг ва тақдирингга бефарқлар.

Улар учун аёл ҳеч нарсага арзимайдиган, фақат баъзи бир ишларни бажаришга мўлжалланган жонзот. Эрлари ўлган болалик аёлларни яна эрга беришарди. Кўпчилиги буни қабул қилиши жуда қийин эди, лекин шароит шуни тақозо қиларди. Маълумотсиз, яқинларисиз ва келажакка умидсиз ҳеч қаёққа бора олишмасди.

Сен шароитга боғланиб қолишинг жуда қўрқинчли эди.

Би-би-си: Сиз қандай қилиб ватанингизга қайтдингиз?

Ж. Ҳ.: Бизнинг уйда турк аёл болалари билан яшарди. У ҳомиладор эди. Унга эри ҳалок бўлганини айтиб, эрга тегишни таклиф қилишди.

У ҳар доим йиғларди, болалари касал эди. У, мен ва бир чечен аёл маҳаллий одамлардан Туркия билан чегарагача боришга ёрдам беришни сўрадик.

Биз деярли қочиб чиқдик. Эрим менинг ниятимни билмасди. Бизни чегарагача машинада олиб келишди. Бу сафар чегарада узун темир тўр бор эди. Кундузи биз юра олмасдик. Чегарачилар отишарди. Тунда араблар бизга темир тўрдаги катта тешикни кўрсатишди ва болаларни олиб ўтдик.

Тонгга яқин биз машиналар турган жойга келдик ва Истанбулга етиб олдик. Менда эримдан қолган озроқ пул бор эди. Истанбулда мени полиция тўхтатди. Мендаги ҳужжатларнинг муддати ўтган эди.

Полицияга мен ҳаммасини тушунтирдим ва муҳожирлар марказига жойлаштиришди. Полициячилар мендан ватанимга қайтишни хоҳлашимни сўрашди. Мен рози бўлдим. Туркия томони менга Душанбегача чипта олиб берди.

Аэропортда мен ҳаммасини тожик милициячиларига гапириб бердим. Мен қўрққан эдим, ҳибсга олишади деб, лекин тўғри тушунишди. Тўрт кун изоляторда сақлашди. Текширувдан кейин қўйворишди. Ота-онам билан боғланишди ва улар мени олиб кетишди.

Тўғриси, ҳали ҳам хотиралар мени қийнайди.

Эрим маълумотли бўлмаса ҳам, жуда ишонувчан ва меҳрибон киши эди. Уни алдаш осон эди. У ёлғоннинг қурбони бўлди. Ёлловчилар ишонувчан одамлардан фойдаланишади. Мен ёлғиз қолдим, болаларим йўқ.

Мен аёллар ва қизларни менинг хатоларимни такрорламасликка чақираман. Акс ҳолда сиз ўзингизга қадрли бўлган ҳамма нарсани йўқотасиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio