Қозоқ тангасининг қадрсизланиши минтақа нархларига таъсир қилмоқда

Танганинг қадрсизланиши тез орада ўзбек сўмининг ҳам қадрсизданишига олиб келиши айтилмоқда
Image caption Танганинг қадрсизланиши тез орада ўзбек сўмининг ҳам қадрсизданишига олиб келиши айтилмоқда

20 августдан бошлаб қозоқ тангасининг эркин ҳолатга қўйиб юборилиши қўшни давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаган.

Ўзбекистонлик иқтисодчиларнинг маълум қилишича, танга қадрсизланиши билан Ўзбекистонга яширин йўллар билан ўтадиган ун, бензин нархлари ўртача 12-15 фоиз ўсган.

Нархлардаги ўзгаришлар борасида Ўзбек ҳукумати одатдагидек сукут сақламоқда.

Бироқ Ўзбекистонда нарх наволар бўйича тадқиқот ўтказган фаоллар ҳукумат доиралардаги расмийлар айрим истеъмол товарларининг баҳолари кўтарилиши ҳақида гапираётганни айтмоқда.

“Ўзбек расмийларининг ўзаро суҳбатларида Қозоғистондан импорт қилинувчи дон, ун, металл, бензин ва дизел маҳсулотларининг нархи яқин келажакда кўтарилиши айтмоқда”, - дейилади тадқиқотда.

Фаолга кўра ушбу молларнинг нархи кўтарилиши занжир реакцияси ташкил қилиб бошқа товарларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Россия ва Қозоғистон миллий валюталарининг қадрсизсизланиши Ўзбекистон валюта бозорига ҳозирча оз миқдорда таъсир ўтказган. Қора бозорда доллар нархи 4460 сўмдан 4600 сўмга кўтарилган.

Бироқ иқтисодчилар сўмнинг қадрсизланиши давом этишини ва Россия рубли ёки Қозоғистон тангаси сингари ўртача 20-30 фоиз қадрсизланишини тахмин қилишмоқда.

Уларнинг изоҳлашича, одатда Россия ва Қозоғистон валюта бозорларидаги ўзгаришлар Ўзбекистонга валюта бозорига маълум вақт ўтганидан сўнг таъсир қилади.

РиаНовости агентлиги ушбу ўзгаришларга Россия ва Қозоғистон меҳнат бозоридаги мигрантларнинг тушуми камайиши ва пул жўнатмалари қисқариши ҳам сезиларли таъсир қилишини ёзмоқда.

“Экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистонга мигрантлар томонидан юбориладиган пуллар мамлакат ИЯМ 12 фоизини ва бир йилда экспортдан келадиган даромаднинг 45 фоизини ташкил қилади”, - деб ёзади РиаНовости

Яқинда ОврўОсиё иттифоқи аъзоси бўлган Қирғизистонда ҳам танганинг қадрсизланиши ортидан қирғиз сўми қадри тушиб кетган.

Қирғиз сўми миллий валюта тарихида долларга нисбатан энг юқори кўрсатгич 63 сўмдан сотила бошлаган.

Қирғиз сўм қадрининг тушиб кетиши нарх наволарнинг ҳам кескин кўтарилиб кетишига олиб келган.

Қозоғистон ҳукумати 20 август куни миллий валюта тангани маълум коридорда ушлаб туриш чораларидан воз кечишини маълум қилди.

Танганинг эркин савдога қўйиб юборилиши уни 30 фоиз қадрсизланишига олиб келди.

Ўша куннинг ўзида бир доллар 250 тангага кўтарилиб кетди.

Ушбу ҳолат четдан олиб келинувчи барча истеъмол молларининг кўтарилиб кетишига олиб келди.

Айниқса, техника молларининг нархи қисқа муддат ичида танга курсига мослашди.

Ҳукумат истеъмол учун муҳим бўлган озиқ овқат ва дори дармон маҳсулотларининг баҳосини ушлаб туриш чораларини кўрганини маълум қилди.

Эркин савдога қўйиб юборилган қозоқ тангаси 24 август кунга келиб бироз мустаҳкамланган. Айирбошлаш шаҳобчаларида долларнинг нархи 230 тангага тушган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio