Кобул:Таҳлика ва табассум

Image caption Ҳусния фарзандлари билан

Кобулнинг City Park оромгоҳига кираверишда тумонат одам.

Кобулликлар сабрсизлик билан чипта сотиш дарчаларига ўзларини уришади.

Оромгоҳга кирганингиздан кейин бир томонингизда пахтақанд, иккинчи томонда эса қовурилган картошка сотадиган дўкончалар.

Одамлар турнақатор навбатга тизилишган.

Дам олиш кунлари кобулликлар ўз оилалари ва болалар билан бу ерга келишади.

Турфа ўйингоҳларда болалар кулгуси, мусиқа овозлари янграйди.

Ҳусния Абдулла 27 ёшда, икки фарзанди билан “пиёла” аравада айланишади.

Бир неча ойлардан бери энди болалар билан кўчага чиқдик, дейди у.

Бу оромгоҳ – ўйингоҳга ҳар ким ҳам чиқавермайди.

Кобулда сўнгги ойларда вазият анча қалтис, хавфсизлик ҳолати абгор.

Август ойи Афғонистон пойтахти бир неча қонли ҳужумларга саҳна бўлди.

"Мактабга бормаган кунлари, мен болаларимни уйда сақлашга ҳаракат қиламан. Айрим пайтлар қариндошлар, дўстларнинг хонадонига меҳмон бўлиб борамиз, аммо асосан уйда ўтирамиз”, дейди Ҳусния.

Ҳусния собиқ муҳожир. У Эронда яшаган ва ўн йил аввал янги ҳаёт бошлаш ниятида эри билан ватанга қайтган.

Image caption "Бир неча ойлардан бери энди кўчага чиқдик", дейди Ҳусния

Ўшанда у Толиблар қудратдан кетиб, янги ҳукумат ва янги раҳбар билан мамлакатда вазият яхши томонга ўзгаради, хавфсизлик таъминланади ва ҳаёт енгиллашади деб умид қилган эди.

"Қайтганимизда вазият яхшилана бошлаганди. Карзай вақтида хавфсизлик анча яхши эди”.

"Аммо энди вазият ёмонлашмоқда. Ҳар гал эрим ва болаларим уйдан чиқишар экан, мен Худодан уларнинг тинч-омон қайтишларини сўрайман. Аммо билмайман....”

Президент Ашраф Ғани ва унинг ҳукуматига осон эмас.

Афғон раҳбари қўшни Покистонга қўл узатиб, Толибларни музокаралар даврасига даъват этар экан, бир маънода таваккал қилди.

Покистон анчадан бери жангариларга бошпана ва кўмак беришда айбланади, аммо бу каби даъволарни Исломобод доим рад этиб келади.

Аммо ҳукумат ва Толибон ўртасидаги илк мулоқотдан кейин июл ойи охирларида Мулла Умарнинг ўлими ҳақида хабар қилинди.

Музокаралар тўхтаб қолди.

Кобулга ҳужумлар жадаллашди.

"Ҳозирги кунлар ватанимдан қочиб кетишни истайман. Болаларим учун шундай йўл тутмоқчиман, уларнинг ҳаёти яхшироқ бўлиши учун”, дейди Ҳусния тўққиз яшар қизи Назаний ва олти яшар ўғли Носирга қараб...

"Ҳаёт шунақа давом этаверса, бу ерда келажак йўқ. Ҳар куни портлашлар ва ҳар куни фарзандларим, эрим учун хавотирда яшаш...Бу нормал ҳаёт эмас”.

Таҳликали Кобул

Image caption Тинчлик талабидаги ёшлар

Аммо бу ўйингоҳ ичидаги кулги ва мусиқа саслари таҳликали шаҳарни яширади.

Ҳақиқий Кобулни кўриш учун бу ердан чиқиш керак.

Хавфсизлик вазияти абгор.

Сўнгги ҳафталарда кечган ҳужумлар ўнлаб кобулликларнинг ҳаётига зомин бўлди.

Аксарият ҳужумлар учун Толибон масъулиятни ўз зиммасига олди.

Бир суткадан камроқ ичида Кобулга учта ҳужум бўлди.

Эллик киши ўлди.

Икки кун ўтиб Афғон полицияси текширув нуқтасига ҳужум қилинди.

Ўтган ҳафта эса НАТО карвонига худкуш ҳужумда уч нафар америкалик шартнома бўйича ишловчилар қурбон бўлишди.

Кузатувчиларга кўра, Толибларга янги раҳбар Мулло Ахтар Мансур тайинлангани билан ўзаро қудрат талашиш авж олган.

Ҳужумларнинг кўпайганига ҳам ана шу ички зиддият сабаб бўлмоқда.

Мулозимларга кўра, Толибларнинг янги раҳбари ҳали ҳам ҳаракатнинг кучи борлиги ва бу ҳужумлар билан пойтахт ҳам нишонга олиниши мумкинлигини кўрсатиб қўйиш ниятида.

Кобул полицияси раҳбари Абдул Раҳмон Раҳимийга кўра, Кобулга ҳали кўп ҳужум бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY
Image caption Ҳақиқий Кобул

"Жангарилар Кобулни нишонга олаётганига сабаб, улар бу ерда нима бўлса оммавий-ахборот воситалари ёритишади деб ишонишади.Мен бу ҳужумлар сони ва ҳужум нишонлари ортади деб ўйлайман”.

"Биз туну кун хавфсизликни таъминлаш учун ишламоқдамиз”.

Мен Кобулнинг ҳаёт қайнаган жойларидан бири 18 ёшли Саҳар Қодирий билан учрашаман.

У ҳуқуқшунос бўлиш учун ўқимоқда.

Саҳар зўравонликларга қарамай Кобулни тарк этиш нияти йўқлигини айтади.

"Мен шу ерда яшашни истайман. Бу менинг ватаним. Мен кўп нарсаларни мақсад қилганман. Илм олмоқчиман, ҳуқуқшунос бўлмоқчиман”, дейди у.

"Вазият яхши эмас. Худкушлик ҳужумлари кўпайиб бормоқда. Қурбонларнинг аксарияти ёшлар...Улар ҳам ўқишни, ишлашни орзу қилишган. Аммо мен дуо қиламан, бир кун келиб бу ерда ҳам хавфсизлик таъминланади”.

Саҳар ҳафтада олти кун дарсга қатнайди.

“Ўрганиб қолдик. Гоҳида худкуш ҳужум, гоҳо портлаш ва отишма...Мен ўқиш учун уйимни тарк этиб, кўчага чиқар эканман, тирик қайтаманми, йўқми, билмайман...Аммо ўқишимни давом эттираман. Нима бўлса...бўлади”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ