Янги келинчакнинг гаровга олиниши муҳокамаларга сабаб бўлди

Ресторандаги 150 кишилик тўй 9 минг долларга тушган Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ресторандаги 150 кишилик тўй 9 минг долларга тушган

Олма ота шаҳрида тўй ҳаражатларини тўлай олмаган куёвнинг келини гаровга олиниши муҳокамаларга сабаб бўлган. Фикр билдирувчилар чўнтак кўтармаса дабдабали тўй қилмаслик кераклигини ёзишган.

Айримлар тўйлардаги дабдаба меъёридан ошиб кетаётганини ва оқибатда тўй соҳибининг қарзга ботиб қолаётгани аянчли эканлигини билдирган.

Баъзилар эса, ресторан хўжайининг ушбу ҳаракати қонунга зидлигини эслатиб, муаммони полиция ёрдамида ечиш лозимлигини уқтирган.

Олма ота шаҳридаги қиммат ресторанларда тўй қилган йигит тўй ҳаражатларини ўша вақтда тўлай олмаган. Натижада янги тушган келинчак ресторан хўжайини томонидан гаровга олиб қолинган.

Туни бўйи пул излаб чиққан йигит алал оқибат машинасини ярим баҳосига сотган. Тонгга яқин турмуш ўртоғини ресторандан олиб кетган.

Nur.kz сайтининг келин куёвга иқтибосан ёзишича, исми ўзгартирилган Мақсут тўй қилиш мақсадида банкдан кредит олади. Олма отадаги қиммат ресторанларнинг бирида 150 кишига дастурхон ёзиш унга 9 минг долларга тушади.

Ҳаражатнинг бир қисмини кредит ҳисобидан берган куёв қолганини тўйда тушадиган тўйоналар ҳисобида беришга қарор қилган.

Бироқ номаълум сабабларга кўра, таклиф қилинган 30 одам тўйга келолмай қолган. Натижада тўйоналардан тушум кам бўлди.

Ресторан эгаси тўй тугаши билан куёвдан қолган 2 минг доллардан ошиқроқ пулни тўлаб қўйишни талаб қилади. Эрталабгача кутишга ҳам рози бўлмаган ресторан хўжайини пулни тўламагунча келинни гаровда ушлаб туришини маълум қилган.

Мақсут унга ўзининг машинасини гаровда ушлаб туришини таклиф қилади, бироқ ресторан эгаси оқ кўйлак кийган янги келинчакни олиб қолган.

Саросимага тушиб қолган куёв йигит туни билан пул излаб шаҳар кезади. Машинасини ярим баҳога сотиб турмуш ўртоғини ресторандан тонгга яқин олиб чиқа олган.

Келин куёв кейинчалик ресторан хўжайининг бундай қилиғи жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тушуниб етган ва маҳкамага беришга қарор қилган.

Тўй ташкилотчилари пулни тўлолмасдан гаровга буюм қолдириш ҳолатлар Қозоғистонда тез тез учраб туришини билдиришган.

Бунинг ҳаммасига дабдабали тўй қилишга интилиш ва унинг ортидан қарзга ботиш ётиши айтилади.

Айримлар гаровга қимматбаҳо телефони ёки шунга ўхшаш буюмларини қолдиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio