Марказий Осиёда ҳижоб ёки "ёт маданият"га қарши кураш

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Ўзга маданият"

Марказий Осиё давлатларида радикализм ва ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган экстремист гуруҳлар таҳдидидан хавотирлар ортар экан, ҳижобга қарши кампания ўхшаш тус олмоқда.

Ҳижобга қарши "юриш" собиқ Шўро республикаларида диний эркинликни чеклашга қаратилган яна бир уринишдек кўринади.

Аксар мусулмонлар яшовчи ушбу мамлакатларнинг баъзиларида ҳижоб ва қора ниқоб расман қораланди. Бошқалар эса, қонуний тақиқ қўймай туриб ҳам ушбу, уларнинг таъбирича, "ажнабий кийим"га қарши чораларни бошлаб юборишди.

Тожикистон: "Миллий маданиятга хос эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Имомали Раҳмон

Ушбу нозик масала атрофидаги ҳодисалар сўнгги ривожида парламент қуйи палатаси раиси Маҳмадсаид Убайдуллоев пойтахт савдо марказлари ва бозорларидан ҳижоб келтириш ва сотишни тўхтатишни талаб қилди.

"Азия-плюс" агентлиги хабарига кўра, у 20 апрел кунги йиғинда ҳам худди шундай кўрсатмалар билан чиққанди.

Ҳатто, Президент Имомали Раҳмон қора либос киядиган аёлларни яна бир бор танқид қилди.

Раҳмон жаноблари яқинда: "Нима учун ажнабийларга тақлид қиляпмиз? Нима учун улар бизнинг дўппиларимиз ва кийим-бошларимизни кийишмайди? Азиз оналар ва опа-сингиллар, ҳеч қачон қора рўмол ўраманг! Худо асрасин, бу мусибат келтиради", дея хитоб қилди.

Бошқа бир чиқишида у "ёт одамлар бу либослар билан" нохуш ғояларни ёйиш ва мамлакатда ақидапарастлар янги оқимини пайдо қилишга уринаётганини айтди.

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот ақидапарастикка қарши қаттиққўл чораларни йўлга қўймоқда. Аммо, айнан ҳижобга қарши ҳаракатлар уларнинг мамлакатда радикал гуруҳлар таъсири ортишидан қўрқувларини намойиш этади.

Шимолдаги Хўжанд шаҳри мэри яқинда ўз расмийларига "Суғд яшовчиларини радикал ҳаракатларга қўшилишлари олдини олишга" буйруқ берди.

Ўзбекистон: Араблар кийими

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Араблар кийими"...

Ўзбек ҳукумати ҳижобга қарши очиқ-ойдин чиқишлар қилмаган эса-да, масала матбуот хабарларида тез-тез тилга олинади.

"Озодлик" радиоси ўзбек хавфсизлик кучлари аҳоли зич яшовчи шарқий минтақалар ва пойтахт Тошкентда аксил-ҳижоб рейдлар ўтказишлари ҳақида хабар қилди.

Шунингдек, "Озодлик" хабарларидан бирида Тошкент шаҳар милиция бўлими манбасидан иқтибос келтирилди. Иқтибосга кўра, ҳижобли аёлларни қўлга олиш учун қатор махсус бўлинмалар ташкил қилинган.

Бундан ташқари, теледастурларда ва давлат ҳомийлигида олинган филмларда мусулмон аёллар ўровчи бош кийим ё-да, ҳижоб "хорижий" араблар либоси сифатида кўрсатилади.

Давлат телеканали баъзи кўрсатувларида ёш аёлларнинг ўзини "Исломий Давлат" дея атаётган гуруҳларга ўхшаш ташкилотларга қўшилиб кетаётганлари ҳақида сўз боради.

28 май кунги кўрсатувда айрим қизлар "жинсий жиҳод" қурбонига айланиб қолаётганлари ҳақида огоҳлантирилди.

Қирғизистон: "Бегона анъаналар"

Қирғиз ҳукумати ҳам мамлакатда ҳижобни тақиқлаш ёки чеклаш масаласида истисно эмас. Бу амаллар фуқаролар орасида баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бош вазир Темир Сариев ва унинг ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев ҳижобга қарши эканларини очиқдан-очиқ билдиришди.

"Салла, ҳижоб ва ниқоб кийиш қирғизлар анъанаси эмас. Бу тўхтатилиши керак. Ҳа, динимиз Ислом, бироқ биз бегона анъаналарни қабул қилмаслигимиз керак", дея урғулаган Бош вазир.

Президент Алмазбек Атамбаев девони тарқатган баёнотида ҳам давлат бошлиғи "Исломий кийим-бош" тушунчасига кескин қарши экани таъкидланади. Унинг мавқеси Қирғизистоннинг дунёвий давлат экани қайд қилинган конституцияга асослангани айтилади.

Бош вазир ўринбосари қизлар ҳижоб кийиш учун 16 ёшдан ошган бўлишлари шартлиги таклифи билан чиқди.

Акс натижа

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзига "Исломий Давлат" деб ном қўйиб олган ташкилот сафида марказий осиёликлар ҳам бор

Ҳукуматлар, эҳтимол, радикаллашувга қарши чора ўлароқ айни қарорга келишгандир, аммо айрим экспертларга кўра, мазкур уринишлар алал-оқибат акс натижа бериши мумкин.

Қирғизистондан диний масалалар бўйича мутахассис Қодир Маликов масала сиёсий даражага кўтарилиши ва жамиятда бўлинишни келтириб чиқариши эҳтимоли ҳақида гапиради.

Бошқа бир экспертнинг фикрича, ҳижобни тақиқлаш экстремист гуруҳларга қўл келиши ва Марказий Осиё ҳукуматлари Исломга қарши сиёсат олиб бораётгани исботи сифатида тақдим қилиниши мумкин.

Сўнгги хабарларда Сурия ва Ироқда 1,000дан ортиқ марказий осиёликлар жанг қилишаётгани айтилди.

Ўхшаш хабарларга таянилса, ўзига "Исломий Давлат" деб ном қўйиб олган ташкилот Афғонистонда фаоллашмоқда.

Асосан, Афғонистон шимолида фаолият қилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, мазкур гуруҳга садоқатини изҳор қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ