Душанбедаги отишмада қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи asia plus
Image caption Ҳаво қўналғаси яқинидаги отишма саҳни

Жума куни тонгда Тожикистон пойтахти Душанбе ва Ваҳдат туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ходимларига нисбатан икки ҳужум уюштирилган.

Аввалига қуролли шахслар Ваҳдат тумани ички ишлар бўлинмасига ҳужум қилгани хабар қилинади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Душанбе ва Ваҳдат туманида кечган ҳужумларда собиқ Мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзодани айблаган.

Вазирлик тарқатган маълумотларга кўра, бугун ишдан олинган собиқ вазир ўринбосари Ромит дарасига яширинган.

Вазирликка кўра, Жума куни тонгда Ваҳдат тумани милиция идораси ва Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратига қуролли ҳужум уюштирилган.

У ердан йирик миқдордаги қурол-яроқ ва жанговар заҳиралар ўғриланган.

Расмий маълумотларга кўра, отишмалар чоғи тўрт нафар Ваҳдат тумани ички ишлар ходими ва ОМОН кучларидан яна тўрт киши қурбон бўлган.

Душанбедаги мухбирларга кўра, ҳозир шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Бу икки ҳодисада қурбонлар сони камида 17 нафар экани айтилмоқда.

Тожикистондаги бошқа қатор нашрлар айни ҳодисада Ички ишлар вазирлигининг камида беш нафар ходими қурбон бўлганини хабар бермоқда.

Азия Плюс ахборот агентлига кўра, ҳужумчилар аввалига шаҳардаги ҳарбий қисмлардан бирига яширинча киришга муваффақ бўлишган.

Азия Плюс Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таянган ҳолда хабар беришича, “жиноятчилар ҳарбий қисмдан йирик миқдорда ўточар ва жанговар заҳираларни олиб чиқиб кетган”.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган қисқа хабар якунида “айни ҳодисага Умар Бобожонов ишининг алоқаси йўқ” дейилган.

Умар Бобожонов Санкт-Петербургдаги университетнинг талабаси экани ва таътилга ватанига келганида милиция ходимлари томонидан соқол қўйгани учун калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Қаттиқ калтаклакланган 23 ёшли Умар ҳозир кома ҳолида касалхонада қолаётгани айтилади.

Ҳужумчилар ким?

Image caption Шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Ички ишлар вазирлиги баёнотида келтирилган Зиёвуддин Абдуллаев собиқда Бирлашган Тожик мухолифатининг дала қўмондонларидан бири бўлган.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда, шунингдек, бугунга қадар Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Абдуҳалим Назарзоданинг собиқда мухолифатнинг дала қўмондони ва Ислом Уйғоний партиясининг аъзоси бўлгани урғуланган.

1997 йилда имзоланган Тинчлик битимидан кейин собиқ вазир ўринбосари Абдуҳалим Назарзода, Зиёвуддин Абдуллаев ва яна сўнгги воқеаларга алоқадор деб кўрилаётган Жунайдулло Умаровлар мамлакат Ички ишлар ва Мудофаа вазирлиги ходимлари таркибига киритилганди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги муқаддам тарқатган қисқа хабарида, айни ҳужумга Зиёвиддин Абдуллаев исмли шахс гуруҳи масъул эканини билдирган.

Хабарда шунингдек, Зиёвуддин Абдуллаев ва унинг яна бир издоши “йўқ қилингани” айтилади.

Би-би-си суҳбатлашган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходимларидан бирига кўра, мамлакат бўйлаб ҳуқуқ-тартиботчилар юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган.

Унинг айтишича, Душанбедаги ҳужумчиларнинг айримлари қочиб кетган ва шаҳарда, ҳамда мамлакат бўйлаб қидирув ишлари бошланган.

Душанбеда эса хавфсизлик чоралари кучайтирилган, транспорт воситалари ва жамоат жойларида текширувлар йўлга қўйилган.

Тожикистон ҳукуматининг сўнгги йиллар мамлакатдаги мухолифат фаоллари ва мустақил фикрловчиларга қарши ўта тоқатсиз муносабат йўлига ўтгани танқидларга сабаб бўлаётган эди.

Тожикистон Бирлашган мухолифати асоси бўлган Ислом Уйғониш партиясига босимлар кучайган ва кузатувчиларга кўра, ҳукумат мамлакатдаги ягона " ҳақиқий мухолифат фирқасини" ёпиш ҳаракатига тушган.

Америка ҳам хавотирда...

Image caption Америка ҳам хавотирда...

Америка Қўшма Штатларининг Душанбедаги элчихонаси ўз фаолиятини муваққат тўхтатиб туриш қарорини берган.

Элчихонанинг Facebook даги саҳифасига кўра, "айни воқеаларнинг қанчалар жиддийлиги аниқ бўлмаса ҳам, бу бошқа зўравонлик ҳолатларига туртки бериши мумкин".

Америка элчихонаси ҳозир ёпилган ва барча америкаликларга хавфсизлик чораларини кўриш, фарзандларини бугун мактабга жўнатмаслик маслаҳат берилган.

Шунингдек, элчихона барча америкаликларни ҳушёрлик ва эҳтиёткорликка чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ