Тожикистон: “Ҳужумларни Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари уюштирган”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сўнгги тартибсизликлардан аксарият тожикистонликлар хавотирга тушишган

Пойтахт Душанбе ва Ваҳдат туманида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ходимларини нишонга олган ҳужумларни Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, генарал-майор Абдуҳалим Мирзо Назарзода уюштирган.

Тожикистон ҳукумати мулозимларига кўра, 4 сентябр куни Президент Раҳмон фармони билан ишдан олинган Абдуҳалим Мирзо Назарзода қочиб қолган ва ҳозирда қидирилмоқда.

Ҳужумлар оқибатида қурбонлар сони борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Камида 17 нафар инсон ҳалок бўлгани ва улардан энг озида 8 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари экани айтилади.

Мулозимлар айни ҳужумларга масъул шахслардан қуролларни топшириш ва таслим бўлишни талаб қилишган.

Генерал Абдуҳалим Назарзода ким?

Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари 51 ёшда бўлиб, Рўдакий тумани, Гулистон жамоа хўжалигида таваллуд топган.

1983-85 йиллар Шўролар армиясида хизмат қилиб қайтгач, пойтахтдаги турфа корхоналарда ишлаган.

Аммо Мудофаа вазирлигининг вебсаҳифасида берилган таржимаи ҳолда, унинг 1993 -97 йиллар қандай иш билан машғул бўлгани айтилмайди.

Бу йиллар Назарзода Тожикистон Бирлашган мухолиф кучлари сафида ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилгани англашилади.

1997 йилда тинчлик битими имзоланар экан, уни ҳарбий қисмлардан бирига раҳбар этиб тайинлашади.

Тожикистон ҳарбий қўшинлари таркибида турфа лавозимларда ишлар экан, у Россиядаги ҳарбий академияда таҳсил олгани айтилади.

Айни пайтда Миллий университетни ҳам битиришга улгуради.

Ўтган йил январ ойида Президент Раҳмон фармони билан Мудофаа вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Сўнгги ҳужумларда ҳукумат томонидан айбланган Абдуҳалим Назарзода ҳозирда Ромит минтақасида ўзининг ўнлаб издошлари билан яширингани айтилади.

Унинг гуруҳи Мудофаа вазирлигига тегишли бинолардан биридан йирик миқдорда қурол-яроқ олиб чиқиб кетгани ҳам айтилади.

Ислом Уйғониш Партияси: Назарзода биздан эмас!

Image caption Ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳужумларни Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосати уюштиргани даъво қилинмоқда

Ҳукумат мулозимлари Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Ислом Уйғониш партиясининг аъзоси эканини урғулашар экан, собиқ иттифоқда ягона, расман рўйхатга олинган диний асосдаги партия фаоллари бу хабарни рад этишган.

Уларга кўра, мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Ислом Уйғониш партияси аъзоси бўлмаган.

Ислом Уйғониш партиясининг ўзи сўнгги вақтлар Тожикистон ҳукумати томонидан босим остида қолмоқда.

Айрим кузатувчиларга кўра, ҳукумат Ислом Уйғониш партиясини ёпишга аҳд қилганлар.

Айни партия мухбирларга кўра, Тожикистон ҳукуматига ягона ва реал мухолифатда бўлган бир кучдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ