Тожикистон пойтахтида барча бозорлар ёпилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Савдо-сотиқ бошқа кунлардагига қараганда ҳам қизғин бўладиган якшанба куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги барча деҳқон ва буюм бозорларини ёпишга қарор қилинган.

Душанбе шаҳри ҳокимлиги ушбу қарор хавфсизлик нуқтаи-назаридан қабул қилинганини маълум этган.

Бозорларнинг 10 сентябр – Тожикистон мустақиллиги байрамидан кейин очилиши айтилган.

Шаҳар ҳокимлиги мулозимлари бозорларни ёпиш қарори сўнгги зўравонликларга боғлиқ ёки йўқлиги ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирганлар.

Айни пайтда Тожикистон Ички ишлар вазири 5 сентябр куни тарқалган Душанбе шаҳри четидаги милиция постига қуролли ҳужум бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Бундан олдин ДАН постига ҳужум оқибатида бир неча милиция ходими ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Ички ишлар вазирлиги рад этганига қарамасдан, Душанбе шаҳри четида истиқомат қиладиган одамлар отишма овозларини эшитганлари ҳақида айтганлар.

6 сентябр куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Душанбе четидаги Ваҳдат шаҳрига борган.

Президент Раҳмон икки кун олдин қуролли ҳужум оқибатида тўққиз милиционер ўлдирилган ички ишлар бўлими ўрнига қуриш режаланган янги бино пойдеворига илк ғиштни қўйган.

Президент Раҳмон қон тўкилишига айбдор бўлган шахслар қонун олдида жавоб беради, деб айтган.

Президент Раҳмон сўзларига кўра, "виждони тоза бўлмаган инсонлар Тожкистондаги вазиятни беқарорлаштирмоқчи" бўлганлар.

Президент Раҳмонга кўра, бу одамлар "Исломий Давлат" ғояларига мойил одамлардир.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги якшанба куни пойтахт Душанбе ва Ваҳдат шаҳрида вазият тинч ва ўзларининг назорати остида экани ҳақида хабар қилган.

Ромит дарасида собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода етакчилик қилаётгани айтилаётган қуролли гуруҳ аъзоларини қўлга олиш мақсадида махсус амалиёт давом этаётганини айтмоқдалар расмий мулозимлар.

Ички ишлар вазирлигига кўра, Абдуҳалим Назарзода раҳбарлигидаги қуролли гуруҳнинг 13 аъзоси ўлдирилган, 32 нафари қўлга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Вазирлик Абдуҳалим Назарзоданинг укаси Мирзоҳаёт Назаров ўз ихтиёри билан таслим бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Шунингдек, 30 дан ортиқ киши, жумладан, Мудофаа вазирлигининг қатор ходимлари қуролли ҳужумларга алоқадорлик билан ҳибсга олинганини айтганлар расмийлар.

Расмийларга кўра, зўравонликлар оқибатида 22 инсон ҳалок бўлган.

Генерал Абдуҳалим Назарзода ким?

Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари 51 ёшда бўлиб, Рўдакий туманидаги "Гулистон" жамоа хўжалигида туғилган.

1983-85 йилларда Шўролар армиясида хизмат қилиб қайтгач, пойтахт Душанбедаги турли корхоналарда ишлаган.

Аммо Мудофаа вазирлигининг веб-саҳифасида берилган таржимаи ҳолида, унинг 1993-97 йиллар қандай иш билан машғул бўлгани айтилмайди.

Бу йиллар Назарзода Тожикистон Бирлашган мухолиф кучлари сафида ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилгани англашилади.

1997 йилда тинчлик битими имзоланар экан, уни ҳарбий қисмлардан бирига раҳбар этиб тайинлашади.

Тожикистон ҳарбий қўшинлари таркибида турфа лавозимларда ишлар экан, у Россиядаги ҳарбий академияда таҳсил олгани айтилади.

Айни пайтда Миллий университетни ҳам битиришга улгуради.

Ўтган йил январ ойида Президент Раҳмон фармони билан Мудофаа вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Сўнгги ҳужумларда ҳукумат томонидан айбланган Абдуҳалим Назарзода ҳозирда Ромит минтақасида ўзининг ўнлаб издошлари билан яширингани айтилади.

Унинг гуруҳи Мудофаа вазирлигига тегишли бинолардан биридан йирик миқдорда қурол-яроқ олиб чиқиб кетгани ҳам айтилади.

Ҳукумат мулозимлари Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Ислом Уйғониш партиясининг аъзоси эканини урғулашар экан, собиқ иттифоқда ягона, расман рўйхатга олинган диний асосдаги партия фаоллари бу хабарни рад этишган.

Уларга кўра, мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Ислом Уйғониш партияси аъзоси бўлмаган.

Ислом Уйғониш партиясининг ўзи сўнгги вақтлар Тожикистон ҳукумати томонидан босим остида қолмоқда.

Айрим кузатувчиларга кўра, ҳукумат Ислом Уйғониш партиясини ёпишга аҳд қилганлар.

Айни партия, мухбирларга кўра, Тожикистон ҳукуматига ягона ва реал мухолифатда бўлган бир кучдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ