Тожикистон: Абдуҳалим Назарзода сиёсий ўйинлар қурбоними?

Тожикистон расмийларига кўра, ўтган жума куни Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида милиция постларига ҳужумда айбдор кўрилаётган Ички Ишлар вазири собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ва унинг тарафдорларига қарши махсус амалиётлар ҳануз давом этмоқда.

Расмий хабарларга кўра, ушбу ҳужумларда 9 нафар милиция ходими ўлдирилган ва ҳужумдан сўнг Назарзода ўз тарафдорлари билан Ромит дарасида яширинган.

Мамлакат Президенти уларни вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилишда айблаган.

90 йиллар ўрталарида фуқаро урушини бошдан кечирган Тожикистон учун бу каби воқеалар ривожи аначайин хавотирлидир.

Би-би-сининг Душанбедаги мухбирларидан Анора Саркорованинг айтишича, бугунга келиб пойтахт Душанбеда ёпилган бозорларнинг аксари қайта очилиб, фаолият қилмоқда.

Анора Саркорова: Ваҳдат туманининг Ромит дарасида мамлакат ҳуқуқ тартибот ва махсус кучлари томонидан олиб борилаётган амалиётларга келсак, бу ер Душанбедан 150 км узоқликда жойлашган ва расмийларга кўра, у ерда Ички Ишлар вазири собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ўз тарафдорлари билан беркиниб юрибди. Охирги хабарларга кўра, амалиётлар мобайнида унинг яна 14 нафар тарафдори қўлга олинган. Назарзоданинг ўзи қаердалиги ҳануз номаълум, лекин даранинг тоғли қисмида эканлиги тахмин қилинмоқда.

Би-би-си: Бу ҳодисаларни расмийлар қандай талқин қилмоқдалар, улар наздида нималар рўй бермоқда ва нима бунга туртки берган?

Анора Саркорова: Муаммо шундаки, на расмий ҳукумат ва на шарҳловчилар нима учун Назарзода бу каби, таъбир жоиз бўлса, "ҳарбий тўнтариш" уринишига қўл урганлигини изоҳламаяптилар. Бу ҳодисалар рўй берган вақтда уни Тожикистон Исломий партиясининг аъзоси сифатида тақдим қилдилар. У ҳақиқатан ҳам собиқ исломий мухолифат тарафдори бўлган ва тинчлик битимига мувофиқ ҳукумат таркибига киритилган 30 фоиз мухолифат вакиллари қаторида бўлган. У Мудофаа вазирлиги таркибига кирган мухолифатнинг 25 батальони қўмондони эди. Ҳамма расмий хабарларда уни "сотқин ва қонунбузар" дея тақдим этишмоқда. Лекин нима учун бу ишга қўл ургани тушунтирилмаяпти. У 2014 йили вазир ўринбосари этиб тайинланганди, бир томондан ҳукуматнинг арзандаси бўлган шахс эди. Шунинг учун уни бу қадамга нима итарганини тушунтириш жуда қийин.

Би-би-си: Лекин баъзи хабарларга кўра, бугун унинг номидан баёнот эълон қилиниб, гўёки ўзининг ҳибсга олиниши ва ҳатто ўлдирилиши ҳақида огоҳ олгани ва милиция постларига ҳужум уюштирилиб, кейин унга тўнкаб қўйиш фитнаси борлигидан хабар топганидан сўнг Душанбедан чиқиб кетишга қарор қилгани ҳақида маълум қилгани айтилмоқда?

Анора Саркорова: Бу каби баёнот ҳақиқатан ҳам Интернет саҳифаларида пайдо бўлган. Лекин баъзи манбаларга кўра бу сохта баёнот. Чунки бу баёнотнинг муаллифи икки ҳафта олдин Абдуҳалим Назарзода ва яна қатор собиқ мухолифат қўмондонлари Ислом уйғониш партиясини қатъий танқид қилган баёнот билан чиқиб, уни ёпишга даъват қилгандилар. Шунинг учун бугун гўёки унинг номидан чиқарилган баёнот тили унинг аввалги баёнотига мантиқан тўғри келмаяпти. Бизнинг маълумотларимизга кўра, генерал Назарзода Душанбеда йирик бизнесларга эгалик қиларди. У ҳеч қачон асл мухолифатчи бўлмаган. Мудофаа вазирлиги таркибига кирган вақтидан бошлаб ўзини аввалги мухолифатчи сафдошларидан очиқдан-очиқ узоқлаштиришга уринган. Тожик мухолифатига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини намойиш қилишга уринган. У ҳатто Ислом уйғониш партиясига ҳеч қачон аъзо бўлмаган экан.

Би-би-си: Демак ҳукумат ундан Исломий партия тарафдори сифатида халос бўлмоқчи эди, деган тахминларда асос йўқ экан-да?

Анора Саркорова: Ҳа, бу тахминларда асос йўқ. Бу ерда бошқа тахминлар пайдо бўлмоқда, у ҳам бўлса, у гўёки парда ортидаги фитналарнинг қурбони бўлган. Таъсир доираларини қайта бўлишиш ўйинларида қурбон берилган шасхга ўхшаб кўриняпти. Ҳозирда кўплаб кузатувчилар бу амалиётларнинг ҳаммаси аввалдан режалаштирилган бир қадам эканлигини айтмоқдалар.

Би-би-си: Ким томонидан ва нима учун режаланган?

Анора Саркорова: Мен гаплашган кузатувчиларнинг аксари бу амаллар Абдуҳалим Назарзода томонидан режаланмагани, балки у қандайдир фитналар қурбони бўлганини айтмоқдалар. Лекин нима учун айнан у? Назарзода 30 фоизли квота асосида ҳукумат таркибига киритилган мухолифат вакилларидан у ерда қолаётган энг охирги шахслардан бири эди. Бу мухолифат вакиллари ҳукумат доираларидаги баъзилар учун ҳануз рақиб сифатида кўриб келинади. Шунинг учун унинг мухолифатга деярли ҳеч қандай алоқаси қолмаган бўлса ҳам сиёсий ўйинларда бирон шахсдан халос бўлиш танлови унга тушган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio