Қозоғистон: Президент невараси қозоқ футболини бошқармоқчи

Айсултан қозоқ футбол клубларида тўп тепган Фото муаллифлик ҳуқуқи azh.kz
Image caption Айсултан қозоқ футбол клубларида тўп тепган

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси Айсултан Назарбоев мамлакат футбол федерациясини бошқариш таклифи билан чиққан. 25 ёшли Айсултан Қозоғистон Футбол Федерациясини бошқариш учун етарли тажрибага эга эканлигини айтган.

У ижро қўмитаси аъзоларига ёзган мурожаатида Қозоғистон футболи эришиб келаётган мувафаққиятлардан фахрланишини ёзган.

Бироқ у федерация бошида Қозоғистон клубларидан “Астана” президентининг туриши аҳлоқий меъёрларга тўғри келмаслигини билдирган.

Қозоғистон Футбол федерацияси ҳозирги президенти Ерлан Кожагапанов “Астана” футбол клуби Бош директори ҳам ҳисобланади.

“Кожагапанов “Астана” клуби футбол клуби натижаларига ҳам масъул шахс сифатида, ҚФФ президенти ўлароқ берадиган қарорлари “Астана” клубининг рақобатчиларига алоқадор бўлса қийин танлов олдида қолиши мумкин”, - деб ёзади Айсултан Назарбаев.

У ҚФФга янги президент сайлаш мақсадида навбатдан ташқари сайлов конференцияси ташкил қилишга чақиради.

Айсултан Қозоғистон Футбол федерацияси президентлигига ўз номзодини қўйиш таклифини киритган. Ўзининг Қозоғистон футбол клубларида ўйнагани ва Британия етакчи клубларида машғулот олиб борганини билдирган Айсултан Қозоғистон футболи ривожи учун бор кучини беришга тайёрлигини айтган.

Қозоғистон Футбол федерацияси матбуот хизмати Айсултан Назарбоевдан бундай мурожаат келиб тушганини тасдиқлади.

Британия Қироллик ҳарбий академиясини тамомлаган 25 ёшли Айсултан Назарбоевнинг бундан икки йил олдин Қозоғистон ҳарбий разведкасида ишлаётгани маълум қилинганди.

Президентнинг қизи Дариға Назарбоева ва марҳум Роҳат Алиевнинг иккинчи ўғли бўлган Айсултан Назарбоев дабдабали уйланиш тўйи билан матбуот эътиборига тушган эди.

Сиёсий амбициялар намоён бўляптими?

Президент Назарбоев неварасининг ушбу таклифи қозоқ интернет нашрларида муҳокамаларга сабаб бўлган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Айдос Сарим ушбу ташаббус сиёсий амбицияларнинг пайдо бўлаётганидан дарак беришини айтган.

“Нима бўлганда ҳам, футбол – бу энг оммавий халқ ўйини ва ушбу соҳадаги мувафаққиятлар ижобий даромад келтиради. Айсултан Назарбоевга ўзини кўрсатиш ва сайловда иштирок этишига ҳеч ким рад жавобини беролмаслиги ҳам маълум. Унинг футболчи сифатида тўплаган тажрибаси бошқарувчи сифатида етарлими?” – дея савол беради Айдос Сарим.

От изини той босар...

Айсултаннинг отаси Роҳат Алиев 2000 – 2006 йиллар оралиғида Қозоғистон футболини бошқарган.

Image caption Роҳат Алиев Қозоғистон футбол уюшмасини УЕФАга қўшгани билан ҳам машҳур

Роҳат Алиев бошқарувга келиши билан қозоқ футболида катта ўзгаришлар амалга оширилган.

Алиев бошчилигида Қозоқ футболи Осиё футбол конфедерациясидан чиқиб Оврўпа футбол уюшмасига қўшилди.

Қозоғистоннинг УЕФАга қўшилиши м амлакат ишқибозлари томонидан илиқ кутиб олинди ва Роҳат Алиев олқишланди.

Бироқ 2006 йили Алиев Қозоғистонда эгаллаб турган барча лавозимлардан озод қилинди.

Кейинчалик Австрияда паноҳ топган президентнинг куёви Роҳат Алиев жасади 2015 йил феврал ойида Австриянинг Йозефштадт қамоқхонасидаги бир кишилик хонадан топилган. Отаси Роҳат Алиевнинг қозоқ футболи бошқарувига келганидан 15 йил ўтиб Айсултан Назарбоев уни бошқаришга яқин турибди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio